Тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга янада кенгроқ имкониятлар яратишнинг янги босқичи бошланяпти

23.08.2021, 10:53

  Актам Хаитов
Актам Хаитов

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси.

Яқин ўтмишда юртдошларимиз учун тадбиркорлик уддалаб бўлмас машаққат бўлиб туюларди. Бож тўловлари қимматлиги, ер, хом ашё олиш, корхона очишдаги қатор тўсиқлар, сон-саноқсиз лицензиялар, рухсатномалар, бир амаллаб бизнесни йўлга қўйиб олганда ҳам, ҳар куни “эшик қоқадиган” текширувчилар, назоратчилар... Ҳафсаласи пир бўлган минглаб одамлар ўз бизнесини йўлга қўйишни хаёлига ҳам келтирмасди. Ниҳоят, тадбиркорлар, бизнес бошлашга иштиёқмандлар учун яхши замонлар келди. Кейинги беш йил мобайнида туб ислоҳотлар туфайли мамлакатимиздаги ишбилармонлик муҳити ой сайин, кун сайин яхшиланиб борди. Сўзимнинг исботига биргина далил келтираман: Охирги беш йилда тадбиркорлар сони қарийб 3 баравар ошди. Кўп ишбилармонлар ўз бизнесини бутун мамлакат миқёсида кенгайтириб, минглаб иш ўринлари яратиб, нуфузли йирик компанияларга айланди. Ички ва ташқи бозорда ўз нуфузи ва брендига эга тадбиркорлар синфи шакллана бошлади. Лекин бу муваффақиятлар чегара эмас. Бугундан эътиборан Ўзбекистонда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга янада кенгроқ йўл очиб беришнинг янги, мисли кўрилмаган босқичи бошланяпти.

 Бугун бўлиб ўтган Президент ва ишбилармонлар мулоқотида Шавкат Мирзиёевнинг соҳада амалга оширилажак ислоҳотлар ҳақидаги сўзларини  тинглаб, ана шундай хулосага келдим. Эътиборлиси, мазкур мулоқотга тайёргарлик доирасида республика штаби ташкил қилинди. Штаб 20 июлдан 10 августгача туну кун фаолият олиб борди, унга тадбиркорлардан 15 мингдан зиёд мурожаат келиб тушди. Шикоятлар, мурожаатларга бу қадар тезкорлик билан аниқ, асосли жавоблар қайтариш, оқилона ва самарали ечимлар топиш юртимиз тарихида бўлмаганини катта кўтаринкилик билан таъкидлайман.   

Хўш, қандай масалалар ҳал қилиняпти? Банклар четдан ресурсни қандай валютада жалб қилишидан қатъий назар, тадбиркорларга кредитни миллий валюта – “сўм”да ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилади. Эндиликда доллар ёки евро курсининг ошиши тадбиркорга қўшимча муаммо ёки ортиқча харажатларни юзага келтирмайди.

Шунинг баробарида жами 13 мингта умумий овқатланиш корхонаси жорий йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қилинади. Бу имконият уларга 30 миллиард сўм қўшимча кўмак деганидир. Уларнинг бошқа солиқлардан мавжуд 35 миллиард сўм қарзлари муддатлари шу йил якунигача узайтирилади, кредитларини қайтариш ҳам кечиктирилади. Шу билан бирга туризм компаниялари ва меҳмонхоналар туристик йиғимлардан икки йил муддатга озод қилинади. Бошқача айтганда, ҳозирги қийин шароитда тушуми камайиб кетган 2 минг нафар тадбиркор ихтиёрида 150 миллиард сўм қолишига имкон яратилади.

Ер ажратилиши, ундан фойдаланишга доир ислоҳотлар бошланганидан сўнг кўпчилик тадбиркорларни ўз корхонаси жойлашган ер майдонининг тақдири эртага нима бўлади,  деган саволлар ташвишлантираётганди. Президентимиз бундай корхоналарнинг ҳозирда эгалик қилиш,  фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида эгаллаб турган ер майдонлари уларга мулк қилиб расмийлаштириб берилишини билдирди. Яъни, бу ерни бошқа одам сотиб ололмайди, уни хусусийлаштиришга  фақат ер эгасининг ўзи ҳақли бўлади. Назаримда, шу гаплардан кейин кўплаб мулкдорларнинг елкасидан тоғ қулагандай бўлди. Чунки мулкдорларнинг ери турли йўллар билан тортиб олиниши эҳтимоли бор эди.

Ҳозирги даврда ишбилармон электрсиз бир кун ҳам ишлолмайди. Бинобарин, давлатимиз раҳбари шу йил якунига қадар  тўлиқ хусусий инвестициялар ҳисобига умумий қуввати 1 минг 800 мегаватт бўлган  8 та иссиқлик  ва қуёш электр станциялари ишга туширилишини маълум қилди.

Республикамизда миллий сертификат олиш талаби мавжудлиги туфайли тадбиркорлар вақтдан ҳам, маблағдан ҳам ютқазмоқда. Президентимиз бир ой муддатда хорижда сертификат берилган асбоб-ускуна ва хомашёларга миллий сертификат олиш амалиётини бекор қилиш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, ҳукумат комиссияси зиммасига бир ой муддатда хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар учун импорт божи ставкаларини пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш вазифаси юкланди.

Тадбиркорлик фаолиятига аралашувларни қисқартириш, субсидиялар олиш жараёнини осонлаштириш бўйича ҳам кўплаб кўрсатмалар берилди.

Бошқа масалаларда ҳам яқин истиқболда хусусий сектор вакилларига енгилликлар, имтиёзлар берилади, ҳар жиҳатдан қулайликлар яратилади. 

Президентимиз бундай очиқ мулоқотни анъанага айлантириб, ҳар йили ташкил этиш, 20 августни  мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилиш таклифини билдирди. Бу таклиф якдиллик билан  қўллаб-қувватланди.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон тарихида тадбиркорлар учун бундай катта имкониятлар ва енгилликлар бўлмаган, улар бу даражада қўллаб-қувватланмаган. Ишончим комилки, тадбиркорлар беқиёс ғамхўрликка жавобан иқтисодиётимизнинг турли жабҳаларида ўзларининг бунёдкорлик ва яратувчанлик, фаоллик ва жўшқинлик  хусусиятларини намоён этиб, Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида астойдил, ҳалол хизмат қиладилар.


  • Кўрилди
    1457
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Даврон Темиров O‘zLiDeP Бўка туман Кенгаши ижрочи котиби2018-07-02 15:20:45

Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш Кенгаши ташкил қилинаётганлиги қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликларни бартараф этиб, тадбиркорлар фойдасига талқин этилишини таъминлаб.тадбиркорларга қулайлик яратиб , юксак марраларни кўзлаган ҳолда шубҳасиз, мамлакатимизда солиқ соҳасини илғор хориж давлатлари қаторига олиб чиқувчи пилапоя бўлади.


O‘zLiDeP Бухоро туман Кенгаши раисининг 1-ўринбосари - аппарат раҳбари - Саттор Бафоев2018-07-02 10:30:24

Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш Кенгаши ташкил қилинаётганлиги тадбиркорлар учун яратилган яна бир қулайликдир.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+