Давлат бошқарувининг янги тизимига ўтилади

15.11.2017, 19:03

Клара Жумамуратова
Клара Жумамуратова

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

Мамлакатимиз иқтисодиёти рақобатдошлигини ошириш, хусусий мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва устувор ролини ошириш, инвестиция муҳитини яхшилаш орқали хориж инвестицияларини фаол жалб қилишга қаратилган либераллаштириш жараёнлари давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни изчил давом эттиришни тақозо этмоқда. O‘zLiDeP томонидан тадбиркорлар ва фермерлик ҳаракати вакиллари билан ўтказилаётган тизимли мулоқот давомида улар томонидан иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, жойларда аҳолининг ишбилармонлигини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган ҳамда ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга салбий таъсир кўрсатаётган қатор камчиликлар мавжудлиги қайд этилмоқда. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизни ривожлантириш бўйича аниқ ва пухта ишлаб чиқилган стратегия мавжудлигига қарамасдан айрим ижро этувчи ҳокимият органлари ўз олдига декларатив характерга эга вазифалар қўяётгани, уларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари етарли эмаслиги, вазифаларнинг такрорланиши ва давлат томонидан ортиқча тартибга солиш ҳолатларининг мавжудлиги амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг амалдаги тизими ҳам камчиликлардан ҳоли эмаслиги қабул қилинаётган қарорларнинг ижросига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишни таъминламаяпти. Айниқса, O‘zLiDePнинг фикрича, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга қаратилган давлат қарорлари ижросини таъминлашда бундай вазиятга асло йўл қўйиб бўлмайди. Зеро ички ва ташқи сармоядорлар қоғозда эълон қилинаётган вазифалар ва уларнинг амалий ижроси ўртасида катта фарқ бўлган ҳолатларга жуда таъсирчандир. Шу муносабат билан, Президентимиз томонидан «Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» Фармон имзолангани мамлакатимиз тадбиркорлари томонидан кўтаринкилик билан кутиб олинди. Чунки унинг рўёбга чиқарилиши иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтиришни таъминлайди. Эътиборлиси, ҳужжатда энг зарур иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда (саноат, транспорт, энергетика ва бошқалар) соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, давлат ва тижорат манфаатлари тўқнашувини бартараф этишга қаратган ҳолда бошқарув тизимини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган. Иқтисодий фаолиятда давлат иштирокининг аниқ бозор механизмларини ишлаб чиқиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалаларини ҳал этишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлашга қаратилган ижтимоий ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий ва институционал базасини такомиллаштириш, айрим давлат функцияларининг лозим даражада бажарилиши устидан давлат назорати механизмларини жорий этган ҳолда уларни хусусий секторга ўтказиш вазифалари ҳам муҳим аҳамият касб этади. O‘zLiDeP тадбиркорлар ва фермерлик ҳаракати манфаатларини ифода этувчи партия сифатида нафақат давлатимиз раҳбари Фармони ижросини таъминлаш, унда назарда тутилган тегишли меъёрий-ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда, балки депутатларга берилган ваколатларни тўлиқ ишга солган ҳолда Фармоннинг ижро этувчи ҳокимияти органлари томонидан ижро этилишини мониторинг қилишда ҳам фаол иштирок этиши лозим. Шулар орқали O‘zLiDeP етарли даражада мослашувчанликка ва бозорга йўналтирилганликка эга замонавий тармоқ бошқаруви тизимини яратиш, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш орқали бюрократия ва коррупциянинг турли кўринишларига қарши курашиш каби ўз электоратини ўйлантираётган вазифалар ижросига фаол ҳиссасини қўшади.

 



Яшин Душанов
Яшин Душанов

O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши раиси, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси

Ривожланган давлатлар тажрибасидан маълумки, жадал ривожланиб бораётган жамиятнинг янада юксак муваффақиятларга эришиши давлат бошқарувини ислоҳ қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Бугунги кунда Ўзбекистонда шиддатли ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар амалга оширилаётгани, мамлакатимизни модернизация қилиш ва либераллаштириш шароитида давлат фаолиятининг мазмун-моҳияти ўзгаргани амалдаги давлат хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш, қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мақсадларига эришиш давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли фаолият юритувчи тизимини яратишни, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолиятини ташкил этишни талаб қилади. Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлангани бу борадаги муҳим қадам бўлди. Биринчи навбатда, ушбу ислоҳотларни амалга оширишда тизимли ёндашув қўлланаётганини қайд этиш жоиз. Хусусан, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш; ижро этувчи ҳокимият органларининг вазифалари (функциялари, ваколатлари)ни, уларни амалга ошириш механизмлари ва жавобгарлик соҳаларини аниқлаштириш, мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлик жараёнларини такомиллаштириш; иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш; вертикал бошқарув тизими ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамкорлигининг механизмларини такомиллаштириш; профессионал давлат хизматининг самарали тизимини шакллантириш, ижро этувчи ҳокимият органлари тизимида коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш кўзда тутилмоқда. O‘zLiDeP фикрича, Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тўлиқ рўёбга чиқариш илғор хориж тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг институционал асослари ва улар фаолиятининг принципларини тубдан такомиллаштириш орқали ўтказилаётган ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга ҳамда қўйилган мақсадларга эришишга хизмат қилади. Бу, аввало, ижро этувчи ҳокимият органлари ва улар раҳбарлари жавобгарлик соҳасини аниқ чегаралаш, айниқса, жойларда ижро этувчи ҳокимият органларининг ички идоравий ва идоралараро ўзаро ҳамкорлигининг таъсирчан механизмларини жорий қилишда муҳим аҳамият касб этади. Бошқарув жараёнига ишларни режалаштириш ва ташкил этишнинг замонавий инновацион услублари, илғор ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши, шу жумладан, “Электро ҳукумат” тизимининг йўлга қўйилиши ҳам Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг муҳим натижасига айланади, ўз навбатида, бу раҳбарларнинг масъулияти ва ташаббускорлигини оширади, ҳудудларни комплексли ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишига ижобий таъсир кўрсатади.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!


  • Кўрилди
    3980
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+