Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми ошмоқда

10.01.2018, 17:19

Мамлакатимизда шаҳар ва қишлоқларининг қиёфасини миллий анъаналарни сақлаб қолган ҳолда замонавий кўринишга келтириш бўйича кенг кўламли ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. Айниқса, кўп қаватли иморатлар, уй-жойлар, кўприклар, метро йўналишлари ва бошқа объектлари қурилмоқда. Бу эса ўз навбатида қурилиш материалларига бўлган талаб ва эҳтиёжни ошириши табиий. Шу сабабли юртимизда қурилиш саноатини ривожлантириш йўлида қатор чоралар кўрилмоқда. Хўш, улар нималардан иборат?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси иш режасига кўра ташкил этилган эшитувда айни шу савол доирасида маълумот берилди. “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти раҳбари томонидан мамлакатимизда қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, бундай маҳсулотлар таннархини пасайтириш, уларнинг импорт ўрнини  босувчи, замонавий стандартларга ва талабларга жавоб берадиганларини истеъмолчиларга етказиш юзасидан ўтган йил давомида бажарилган вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Берилган ахборотга кўра, Президентимизнинг 2016 йил 28 октябрдаги “Республика қурилиш материаллари саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бу соҳадаги фаолият тубдан такомиллаштирилган. “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси номи акциядорлик жамиятига ўзгартирилган. Жамиятнинг 954,5 млрд.сўмлик устав фонди давлат улушлари мавжуд жамиятлардаги активлар ҳисобига шакллантирилиб, акциялар чиқарилган ва  жойлаштирилган. Жамиятда корпоратив бошқарув кодекси жорий этилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда республикамизда 8 мингга яқин қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд бўлиб, ўтган йилда улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг жами саноатдаги улуши 5,1 фоизни ташкил қилган. “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти таркибида эса 102 та корхона ва ташкилот мавжуд. Жамият таркибидаги корхоналарда инвестиция ва маҳаллийлаштириш дастурлари ижросига, тизимга инвестиция маблағларини жалб қилиш, янги корхоналарни ташкил этиш ҳамда янги иш ўринларини яратишга асосий устувор вазифалардан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилган.

Эшитув чоғида акциядорлик жамияти раҳбарияти эътиборига парламент қуйи палатаси депутатлари ҳудудларнинг ҳақиқий ҳолатини ўрганиш чоғида барча тармоқлар қатори қурилиш соҳасида ҳам ижобий ишлар билан бир қаторда кузатилган муаммолар ҳақида маълумотларни ҳавола этдик. Жумладан, ўрганиш жараёнида қурилиш материаллари саноати корхоналарида замонавий корпоратив бошқарув усулларининг фаол жорий этилмаётгани, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари етарли даражада ташкил қилинмагани, ҳанузгача кўп энергия сарфланадиган эски технологиялардан фойдаланиш ҳолатлари мавжудлиги ҳамда оҳак, гипс ва ғишт материаллари ишлаб чиқаришдаги чиқиндилар ҳажми кўплиги ва таркиби тўлиқ тозаланмаганлиги сабабли атмосферага ва атроф-муҳитга зарар етказилаётганига гувоҳ бўлингани хусусида эътирозлар билдирилди.

Саволларга жавобан берилган ахборотга қараганда, эришилган ёки кутилаётган ижобий натижалар баробарида фойдаланилмасдан қолаётган заҳира ва имкониятлар ҳали анча кўп экан. Масалан, таҳлилларга кўра, бугунги кунда 888 та норуда қазилма бойликлар заҳирасидан фақатгина 315 тасидан фойдаланилаяпти, қолган 573 таси эса заҳирада турибди. Бундай ҳолатни бартараф этиш мақсадида жамият таркибидаги корхоналарда ишлаб чиқаришни диверсификацияси қилиш борасида дастлабки қадамлар қўйилмоқда. Биргина мисол, энг муҳим қурилиш материали ҳисобланган цемент ишлаб чиқаришнинг деярли 90 фоизи 4 та монополист корхона  ҳиссасига тўғри келади. Ушбу маҳсулотга талабнинг тобора кўпайиб бораётганлиги ва ишлаб чиқариш ҳажми талабни тўлиқ қоплашга етишмаётганлиги сабабли цементнинг сотув нархи анча юқорилигича қолмоқда.

Ички бозорни цемент маҳсулоти билан тўйинтириш ва экспортини кўпайтириш ҳамда нархларни мақбуллаштириш мақсадида янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш бўйича иш олиб борилмоқда. Бугунги кунда, тасдиқланган дастурларга киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижасида 2021 йилга бориб цемент ишлаб чиқариш 2 баробарга кўпайтирилиши режалаштирилган. Янги ишга тушириладиган ишлаб чиқариш қувватлари асосан хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилмоқда. Бу билан чегараланиб қолмасдан соҳага янги ивесторларни жалб этишда давом эттирилади.

Алоҳида таъкидланганидек, бозорда яратилган рақобат муҳити натижасида бугунги кунда цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарда маҳсулот ҳажмининг, олинадиган фойданинг камайиши, иш ўринларининг қисқариши каби салбий ҳолатлар ҳам юзага келиши кутилмоқда. Бунинг олдини олишда эса ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ёрдам беради. Шу боис жамият таркибидаги йирик ишлаб чиқарувчиларда пардозбоп тошлар, гипс, ДСП, деворбоп гулқоғозлар каби бошқа турдаги қурилиш материалларини маҳаллий хом-ашёга ишлов бериш асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бунда биринчи натижа, энг аввало, ушбу корхоналарда янги иш ўринларини очиш, иқтисодий кўрсаткичларда кутилаётган пасайишларнинг ўрнини тўлдиришдан, иккинчидан, ички ва ташқи бозор талабидаги маҳсулотлар таклифини кўпайтиришдан иборат.

Эътироф этилганидек, бугунги кунда бозорни маҳаллий рақобатбардош қурилиш материаллари билан янада тўлдириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва экспорт ҳажмини ошириш мақсадида “Ўзқурилишматериаллари” жамияти томонидан қурилиш материалларига бўлган эҳтиёж ўрганилмоқда ҳамда бу соҳадаги импорт-экспорт жараёни доимий мониторинг ва таҳлил қилиб олиб борилмоқда. Ташқи бозорларга тайёр маҳсулотлар етказиб бериш ҳамда уларни янги бозорларга чиқарилишини таъминлаш мақсадида жамият корхоналари томонидан Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Грузия, Озарбайжон, Тожикистон ва Афғонистон каби мамлакатларда савдо уйлари, дилерлик тармоқлари ва ваколатхоналарини очиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Парламент эшитуви чоғида тармоқни модернизация қилиш, жаҳон стандартларига жавоб берадиган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, соҳага замонавий, энергия тежамкор технологияларни олиб кириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш хамда экспорт ҳажмини ошириш борасидаги  ишларни якуни мухокама қилиниш баробарида  соҳага доир муаммоларнинг ечими бўйича аниқ таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!


  • Кўрилди
    1989
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+