Президентимиз таклифлари Бухорои Шарифнинг сайёҳлик салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади

21.02.2018, 09:49

Фармон Аминов
Фармон Аминов

O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши раиси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифи чоғида вилоят марказининг тарихий қисмида туризмни янада ривожлантиришга ўз таклиф-тавсияларини бердилар. Юртбошимизнинг туризмни ривожлантириш борасида айтган бу фикрлари сайёҳларнинг бетакрор тарихий ёдгорликлари, миллий ҳунармандчилик анъаналари билан дунёга машҳур бўлган Бухорои шарифга бўлган қизиқишини янада ошириши шубҳасиз.

Таъкидлаш керак, вилоятда 2018 йилда туризмни янада ривожлантириш концепциясига мувофиқ, 61 лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Жумладан, 32 меҳмонхона, 12 мотел, 10 истироҳат боғи барпо этилиб, “Бухоро Палас”, “Варахша” ва “Зарафшон” меҳмонхоналари реконструкция қилинади. Бундан ташқари, туризм бўйича халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, ресторанлар қуриш, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи транспорт воситалари харид қилиш, маданий мерос объектларини тадбиркорларга ижарага бериш, ҳаво шарида саёҳатни ташкил қилиш, Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент ва Жондор туманларида қишлоқ туризмини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу масканларда сайёҳлар ва меҳмонларга кўрсатиладиган хизмат сифатини яхшилаш ва бошқа бир қатор жиҳатлар бўйича маҳаллий вакиллик органларидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳлари депутатлик назоратига олинади.

Вилоят марказида тарихий ва маданий мерос объектларини тадбиркорларга ижарага бериш,  Бухоро бўйлаб ҳаво шарида саёҳатларни ташкил қилиш, Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент ва Жондор туманларида қишлоқ туризмини йўлга қўйиш режалаштирилганлиги ҳам электоратимиз вакиллари – тадбиркорларга кенг имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз. Бу борадаги устувор лойиҳалар ижроси вилоятга хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимини сезиларли даражада кўпайтиради ҳамда тармоқда хизматлар экспорти ҳажмини оширади.

Шу ўринда Президентимизнинг Бухоро вилоятига ўтган йилги ташрифи чоғида вилоят марказининг сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида берилган топшириқлар босқичма-босқич бажарилаётганини таъкидлаш керак. Шаҳарнинг тарихий қисмида ҳунармандлар мавзесини қуриш, Ҳақиқат ва Хўжануробод кўчаларини кенгайтириб, сайлгоҳга айлантириш, Пойикалон ва Мирараб мадрасаларини қайта таъмирлаш бўйича берилган топшириқлар шулар жумласидандир.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг вилоятимизда ташрифи давомида айтган фикр-мулоҳазалари халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, эл-юрт маъмурчилигига эришиш, қўҳна ва ҳамиша навқирон Бухорои Шарифнинг обрў-эътиборини янада юксалтиришга хизмат қилади.  


  • Кўрилди
    1921
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+