Ўзбекистон ва Тожикистон: Ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича келишувлар

13.03.2018, 11:42

Хабибулло Ёрматов
Хабибулло Ёрматов

Тадбиркор, O‘zLiDeP фаоли

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон  таклифига кўра ушбу мамлакатга давлат ташрифи билан борди, унинг доирасида очиқлик ва ўзаро англашув руҳида икки томонлама муносабатларнинг энг муҳим масалалари муҳокама этилди. Учрашувлар давомида Ўзбекистон билан Тожикистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа устувор соҳалардаги муносабатларини мустаҳкамлашга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Хусусий тадбиркорлик соҳаси вакили ва O‘zLiDeP фаоли сифатида мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, ишбилармонларнинг бевосита мулоқотларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Дарҳақиқат, 2017 йил якунларига кўра, бугунги кунда савдо-иқтисодий алоқалар борасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 240 миллион долларни ташкил этди. Лекин бизнинг ишончимиз комилки, бу мамлакатларимиз бизнес-доираларининг салоҳиятига мос эмас. Хусусан, мамлакатимизда тожикистонлик сармоядорлар иштирокида тузилган 25 корхона фаолият кўрсатмоқда, бу эса икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлигидан далолат беради.

Жумладан, бу O‘zLiDeP фикрича, енгил саноат, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир масалалардир. Бу, ўз навбатида, янги қўшма корхоналар ва савдо уйларини ташкил этиш, ташқи савдо инфратузилмалар ва экспорт-импорт операцияларни қўллаб-қувватлаш, икки томонлама бизнес-форумлар ва саноат маҳсулотлари кўргазмаларини ташкил этишни давом эттиришни талаб этади.

Олий даражада бўлиб ўтган музокараларнинг муҳим якуни бу транзит, минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида эришилган келишувлардир. Томонлар алоҳида эътибор қаратган умумий транспорт-коммуникация имкониятлари ва икки мамлакат транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш зарурати Ўзбекистон ишбилармон доиралари ўртасида ижобий баҳоланди. Партиямиз фикрича, илгари мавжуд бўлган ва янги автомобил, темир йўл ва ҳаво йўлларини тиклаш ва ташкил этиш борасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам долзарб аҳамият касб этади.

Умуман олганда, ўзаро ҳурмат, ишонч ва фикрлар алмашуви руҳида ўтган музокаралар, O‘zLiDeP фикрича, томонлар манфаатларига мос бўлган келишувларга эришиш учун муҳим қадам бўлиб, Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади. Бунда эришилган келишувлар нафақат икки мамлакат, балки бутун минтақа халқлари учун катта аҳамият касб этади.

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!


  • Кўрилди
    2135
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+