Одамлар эртага ёки келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди

06.04.2018, 11:43

Дилшод Шоумаров
Дилшод Шоумаров

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари

Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ўзгариш ва ислоҳотларнинг туб замирида ана шу эзгу мақсад мужассам.

Юртимизда кейинги бир ярим йил мобайнида аҳолининг ҳаётий муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш ва муносиб турмуш шароитини яратиш, одамларнинг даромади ва фаровонлигини изчил ошириб бориш, бир сўз билан айтганда, халқимизни ҳаётдан рози қилишга бирламчи эътибор қаратиб келинмоқда.

Инсон қачон ҳаётдан рози бўлади ва янгиликка интилиб яшайди? Қачонки, ўзи истагандек тўкис ва фаровон ҳаётни орзуларида эмас, балки кундалик ҳаётида эртага эмас, айнан бугун тўла ҳис этса, ўз турмушидан, оиласидан кўнгли хотиржам бўлса, аввало, унинг дунёқараши ўзгаради, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси кучаяди, янгилик яратиш фикри туғилади, аниқ фуқаролик позицияси шаклланади. Шу маънода яқинда қабул қилинган “Обод қишлоқ” дастури доирасида Дўстлик туманидаги Манас қишлоғидан бошланган бунёдкорлик ишлари айнан шу мақсадга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуотда эълон қилинган “Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам ушбу амалий ташаббусни ҳуқуқий жиҳатдан ҳам тўлдирди, такомиллаштирди, десак асло муболаға бўлмайди. Унинг мақсади архитектура ва қурилиш соҳасини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш, ҳудудларнинг замонавий қиёфасини шакллантириш, ҳаёт ва тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган шаҳарсозлик фаолиятини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, қолаверса, шаҳарсозлик ва қурилиш учун муҳандислик-техник изланишлар соҳасида ягона илмий-техникавий сиёсатни олиб бориш, меҳнат унумдорлигини ошириш, қурилиш-монтаж ишлари қийматини камайтириш, ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган энергия самарадор ва энергия тежайдиган инновацион лойиҳа ва қарорларни қурилиш фаолиятига жорий этишдан иборатдир.

Нега қурилиш соҳасига бунчалик катта эътибор қаратиляпти? Боиси, бу борадаги ишларни янги, замонавий босқичга олиб чиқишни бугунги шиддат билан ривожланаётган даврнинг ўткир талабларидан бири деб қабул қилиш керак. Зеро, бунинг натижасида нафақат аҳолини қулай уй-жой билан таъминлаш, балки мамлакатнинг қурилиш ва иқтисодиёт соҳасидаги ислоҳотларини барқарор ривожлантириш мумкин. Қолаверса, қурилиш соҳасидаги замонавий ёндашувлар, коммунал ва ижтимоий соҳа, транспорт ва коммуникация тармоқларини ривожлантириш, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, энг асосийси, аҳолини иш билан таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Бунинг натижасида эса аҳолини тоза ичимлик суви, электр ва бошқа ёнилғи-энергетика ресурслари, қайта тикланадиган энергия манбаларига бўлган талаби, эҳтиёжи оқилона, инновацион йўл билан ҳал этилади.

Шу ўринда ушбу фармонга қадар ҳам мамлакатимизда муҳтарам юртбошимиз раҳнамолиги ва бевосита бошчилигида бу борадаги ишлар тизимли равишда олиб борилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Хусусан, 2016 йил охиридан бошлаб аҳолининг кам таъминланган қатлами учун шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларида арзон уй-жойларни қуриш ишлари янада тезкор суръатларда давом эттириб келинмоқда. Биргина ўтган йили минглаб ана шундай қулай, арзон, бир ва икки қаватли уйлар қурилгани фикримизни тасдиқлайди.

Шаҳарсозлик соҳасига оид асосий масалалар ва муҳим муаммоларни ҳал этиш ғоят долзарб вазифа экани инобатга олиниб, 2017 йил 1 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. Ҳар иккала ҳужжат соҳадаги бўшлиқларни, камчиликларни тўлдиришга қаратилган аниқ вазифаларни ўзида акс эттирди. Давлатимиз раҳбарининг фармони эса ана шу ишларнинг мантиқий давоми сифатида қурилиш соҳасида тизимли ишларни давом эттиришнинг аниқ механизмларини белгилаб берди.

Мазкур фармоннинг аҳамияти, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ҳақида гапирадиган бўлсак, аввало шуни таъкидлаш керакки, бугун дунёда инновацион тараққиёт, ахборот технологиялари шундай шиддат, шундай тезлик билан ривожланаяптики, барча соҳалар қатори қурилиш саноатини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Бунинг натижасида дунё меъморчилигида шундай услублар пайдо бўлмоқдаки, инсонларга мисли кўрилмаган даражада қулайлик яратиб бермоқда. Бунинг натижасида ҳаётимизга “ақлли шаҳар” атамаси тобора чуқурроқ кириб келаяпти.

«Ақлли шаҳар»да бизнес юритиш учун намунали шарт-шароитлар муҳайё этилган, давлат хизматларига “бир зумнинг ўзида” онлайн орқали чиқиш имконияти яратилган, замонавий транспорт инфратузилмаси ривожланган, энг муҳими, аҳолиси ўқимишли, савияси баланд, сиёсий фаоллиги ва турмуш даражаси юқори бўлиши керак. Тез ва осон расмийлаштириладиган автомобилларни ижарага олиш тизими, автоуловлар сақланадиган автоматлаштирилган “smart parking” ва шу каби кундалик эҳтиёж учун зарур бошқа қулайликларга эга бўлиши лозим. Шу маънода Президентимиз фармонида архитектура-қурилиш соҳасини бошқаришнинг шаҳарсозлик фаолиятига инновацион ғоялар, ишланмалар ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш имконини берувчи замонавий тизимни яратиш масаласига устувор аҳамият қаратилаётгани бежиз эмас. Бу жудаям тўғри қарор. Бугун шу масалада жиддий бош қотирилмаса, эртага қурилиш саноатида замондан орқада қолиш ҳеч гап эмас. Шундай экан, партиямиз ҳам бу борада ўзининг аниқ таклифларини ишлаб чиқиши зарур, деб ҳисоблаймиз.

Яна бир гап. Агар қурилиш соҳасига ахборот технологиялари ва инновацион ютуқлар қанчалик тез ва сифатли жорий этилса, мамлакатда инвесторларнинг оқими ҳам шунга яраша кўпайиб борар экан. Тўғри, инвестор, аввало, мамлакатда қулай бизнес муҳити, солиқ қонунчилиги, имконият ва имтиёзлар билан қизиқади. Лекин замонавий безнесмен булардан ташқари ўзи фаолият юритаётган шаҳар бўладими ёки бошқа чеккароқ ҳудудми, яшаш шароити, инфратузилмасини ҳам сўзсиз ҳисобга олади.

Мана, масалан, Япониянинг Фудзисава шаҳри бугун сайёҳлар ҳамда инвесторларни оҳанрабодек жалб этмоқда. “Ақлли шаҳар” мақомига эришган мазкур мегаполисдаги барча биноларда фақат қуёш энергиясидан фойдаланилади. Бу яхши самара бермоқда. Натижада сув сарфи ичиш, ювиниш, чўмилишни қўшиб ҳисоблаганда 30 фоизга қисқарган. Шаҳар кўчаларида фақат электр автомобилларда, ўзиюрар самокатларда ёки велосипедларда юриш одат тусига кириб бормоқда. Шаҳар кўчаларида сенсор тизимлари ўрнатилган, кўча ёритгичлари фақат одамлар кўчага чиққанида, яъни эҳтиёж пайдо бўлганида ёнади. Ёки бўлмаса, Буюк Британиядаги Милтон-Кинс шаҳрини олайлик. Ишбилармонлик, инновация ва касб-ҳунармандчилик вазирлиги томонидан “Catapult Transport Systems” дастури ҳаётга татбиқ этилганидан кейингина “ақлли шаҳар” мавқеи – статусини олди. Шундан сўнг махсус ишлаб чиқилган “MK:Smart” лойиҳаси ишга туширилди. Бу усул бўйича ернинг сунъий йўлдошларидан, заминнинг сейсмологик ҳолатини айтиб берадиган датчиклардан, электр энергияси, сув истеъмоли бўйича ҳисоблагичлардан, видео назорат камераларидан олинган ахборот ҳамда зарур бошқа ижтимоий ва иқтисодий кўрсаткичлар йиғилиб шаҳар бўйича битта тизимга етказиб берилади. Шундай қилиб, бу тизим фуқароларга электр энергияси ва сувдан фойдаланишни назоратга олиш имконини бермоқда. Кўриб турибсизки, буларнинг барчаси инновацион ғоя, инновацион лойиҳалар асосида ҳаётга тадбиқ этилган.

Айни пайтда пойтахтимизда нафақат юртимиз, балки Марказий Осиё ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаёти, меъморчилиги тарихида катта воқеа сифатида эътироф этилаётган Тошкент Сити бизнес марказида қад кўтарадиган бинолар ҳам ана шундай “ақлли уй”лардан ташкил топиши назарда тутилаяпти. Шундай бўлиши ҳам керак. Чунки инновацион ривожланиш йўлига дадил қадам қўйган мамлакатимиз учун бошқа йўл йўқ. Янги фармон бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишига ишончимиз комил.


  • Кўрилди
    2518
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Набижон Артиков Каттақўрғон шахар Кенгаши аппарат рахбари2018-05-12 15:27:49

Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуотда эълон қилинган “Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони аҳолининг кам таъминланган қатлами учунқулай, арзон, бир ва икки қаватли уйлар қурилгани ахолини кўпдан бери ушалмаган орзуларини ушалишига олиб келмоқда.


Анвар Асроров O‘zLiDeP Пахтачи тумани "Зиёвуддин спорти" МЧЖ БПТ раиси, Туман Кенгаши депутати2018-05-11 07:12:38

Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуотда эълон қилинган “Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони аҳолининг кам таъминланган қатлами учун шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларида арзон уй-жойларни қурилиши ва ахолини ўй -жой учун эхтёжини қондирилиши ахолини рози бўлишига сабаб бўлмоқда. Минглаб ана шундай қулай, арзон, бир ва икки қаватли уйлар қурилгани ахолини кўпдан бери ушалмаган орзуларини ушалишига олиб келмоқда.


Қашқадарё вилояти Кенгаши аппарат раҳбари - А.Шеров2018-05-08 18:29:36

Дарҳақиқат иннавиоцион ғоялар ва теҳналогияларга интилиш ва уларни қўллаб қувватлаш, мамлакат хаётига жорий этиш долзарб ва аҳамиятли масаладир. Мазкур соҳалар ривожи бизни иқтисодиёти тараққий этган мамлакатлар билан бир ўринга чиқишимизга имконият яратади.


Қашқадарё вилояти Кенгаши аппарат раҳбари - А.Шеров2018-05-08 18:29:36

Дарҳақиқат иннавиоцион ғоялар ва теҳналогияларга интилиш ва уларни қўллаб қувватлаш, мамлакат хаётига жорий этиш долзарб ва аҳамиятли масаладир. Мазкур соҳалар ривожи бизни иқтисодиёти тараққий этган мамлакатлар билан бир ўринга чиқишимизга имконият яратади.


Даврон Темиров. Бўка туман Кенгаши ижрочи котиби2018-04-29 10:37:38

Мамлакатни ривожлантириш -энг аввало муаммоларни тушунишдан бошланади. Президентимиз томонидан илгари сурилган халқ билан мулоқот тизими муаммоларни аниқлаб уларни ечимини аниқлаш имконини оширмоқда. Мамлакатимизнинг юксалишида бир даражада илгарилаб бораётганимиз боиси шу. Президентимизнинг Фармон ва Қарорлари шу йўл билан халқимизни бугун яхши яшашини таъминлаб бермоқда.Ҳар бир партия аъзоси, фаоли фуқароларимизга буни етказа олиши керак.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+