Бўлажак раҳбарлар танлов асосида сараланади

01.06.2018, 12:38

Сардор Марипов
Сардор Марипов

O‘zLiDeP ёшлар билан ишлаш бўлими мудири

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда бу борада ташкилий, ҳуқуқий вазифалар ва уни амалга ошириш механизмлари аниқ қилиб белгилаб берилди.

Хусусан, энди 3 йилда бир марта истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови ўтказилади. Танловда таянч олий маълумотга ва тегишли соҳада раҳбарлик лавозимида камида уч йил иш тажрибасига эга, 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган (45 ёш ҳам қўшилган ҳолда) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин.  

Эътиборга молик жиҳати, танлов ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази базасида тегишли соҳага оид вазирликлар, идоралар, йирик компаниялар раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий юқори малакали мутахассислар ҳамда олимлар иштирокида ўтказиладиган, ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида танловнинг тегишли номинациялари юзасидан стажировка ўташни ўз ичига оладиган “Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури”га мувофиқ уч ойлик курсларда ўқийдилар. Ғолиблар уч ойлик курсларни ўтагандан кейин тегишли йўналишлар бўйича давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларига тайинланадилар.

Албатта ҳар томонлама етук кадрлар мамлакат тараққиётини белгилаб берувчи асосий омиллардан саналади. Бундай кадрларни тайёрлашда эса сиёсий партияларнинг ҳам алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш жоиз.

Президентимиз Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишида “Биз партиялар сафини билимли, ташкилотчи ва ватанпарвар ёш кадрлар билан тўлдиришимиз лозим. Сиёсий партиялар ходимлари партия ишида тобланиши, шундан сўнг давлат органлари ва ҳокимликлар тизимидаги турли лавозимларга, жумладан, депутатлик лавозимларига асосий захира бўлишлари даркор” дея олдимизда турган аниқ вазифаларни кўрсатиб берган эдилар. Шундан келиб чиқиб, O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” партиямиз сафини билимли, ташкилотчи ва ватанпарвар ёш кадрлар билан тўлдириш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг навбатдаги қарори бу борадаги фаолиятимизга янгича руҳ бағишлайди. Зеро, мамлакатни модернизация қилиш ва замонавий жамиятни барпо этиш билан боғлиқ мураккаб вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш масаласи келгусида ҳам партия фаолиятининг энг муҳим йўналиши бўлиб қолади.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган мазкур қарор истиқболли бошқарув кадрларининг тизимли асосда танлаб олинишини таъминлаш, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари тизимида уларнинг касбий малакасини узлуксиз ошириб боришга хизмат қилади.


  • Кўрилди
    1551
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Г. Қулмўминова O`zLiDeP Шеробод туман Кенгаши ижрочи котиби.2018-06-22 08:34:34

Президентимиз Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишида “Биз партиялар сафини билимли, ташкилотчи ва ватанпарвар ёш кадрлар билан тўлдиришга аълохида эътибор қаратган эди. Албатта ҳар томонлама етук кадрлар мамлакат тараққиётини белгилаб берувчи асосий омиллардан саналади. Бундай кадрларни тайёрлашда партия туман Кенгашларида истиқболли кадрлар захираси шакиллантириб борилмоқда.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+