Фаолиятимиз дастуриламали

29.06.2018, 17:01

Тоир Салимов
Тоир Салимов

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг ижрочи котиби

Ёшлар ҳар бир мамлакатнинг эртанги куни, жамиятда ўзгаришларга сабаб бўладиган, бунёдкорлик ғояларини ҳаётга татбиқ этувчи муҳим куч, салоҳиятли ресурс ҳисобланади. Албатта, ёшларни ижтимоий, маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини тўлақонли рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига қулай шароит яратиш орқали уларни юрт тақдири ва келажагини ҳал қилувчи катта кучга айлантириш мумкин.

Президентимиз фармонига кўра қабул қилинган “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ана шу ишларни янгича, замонавий ёндашувлар асосида ташкил этишга қаратилган. Мазкур ҳаётий фармоннинг моҳиятида мамлакатимизда ёшларга эътибор нафақат моддий ва маънавий тарафлама балки, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари ҳам мужассам, десак хато бўлмайди.

Таъкидлаш жоиз, дастур ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш, иш ўринлари яратиш ва ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг вазифаларига мувофиқ ишлаб чиқилди.

Ўз-ўзидан маълум партия учун янги иш ўринларини яратиш, ишсизликка қарши курашиш, авваламбор, ёшларни иш билан таъминлаш ниҳоятда зарур ва кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Бу масалани ечишнинг асосий йўналишлари сифатида партия инвестицион муҳитни яхшилаш орқали саноатнинг кўп меҳнат талаб қилинадиган қайта ишловчи тармоқларига инвестициялар киритиш, аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларда меҳнатга бўлган иқтисодий манфаатдорликни ошириш, ўзгарувчан бозор конъюктурасига мослаштирилган малака ошириш ва профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини яратиш, шунингдек қўшимча таълим олиш ва касб ўрганиш соҳасини тубдан яхшилаш керак, деб ҳисоблайди.

O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” Юртбошимиз фармони билан тасдиқланган “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурида ёш тадбиркорларга имтиёзли шартларда бинолар, офис техникаси ва сарфлаш материалларини ижарага бериш, уларни интернет билан таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга бошқача кўмак бериш, жумладан, бизнес режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, мастер-класслар ва семинарлар ташкил этиш учун “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказларини ҳамда савдо-маиший ва кичик ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш учун меҳнат кучи ҳаддан зиёд бўлган туманларда “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуриш ташаббусини алоҳида эътироф этади.

Биз ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда амалий ишлар билан унга қўшимча куч бағишлашга интиламиз. Хусусан, “Сен ҳам фаол ёшлар сафидасан!” лойиҳамизни дастурдан келиб чиқиб янада кучайтириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олаяпмиз.

Айтиш жоизки, ушбу лойиҳанинг мақсади Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш, ҳар бир ҳудуд, маҳалла кесимида турли сабабларга кўра чет элга чиқиб кетган, диний оқимларга қўшилган, шунингдек, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган уюшмаган ёшлар доирасини аниқлаш, уларнинг ота-оналари билан учрашувлар ташкил этиш, ёшларнинг ҳар бири бўйича тегишлича уларни Ўзбекистонга қайтариш, диний оқимлар таъсиридан сақлаш, ишга жойлаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаш ҳамда уларнинг ижроси депутатлик гуруҳлари томонидан доимий равишда назорат қилинишини таъминлашдан иборат. Ҳозирда жойларда лойиҳа доирасида ўтказилаётган тадбирлар ана шу мақсадларга хизмат қилаяпти.

Қолаверса, изланувчан, ташаббускор ёшларимиз сафини кенгайтириш, уларни ягона мақсад атрофида бирлаштириш, партиямиз сафларида ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган “Ёш либераллар” клуби фаолиятини ҳозиргиданда кучайтирамиз. Таъкидлаш жоиз, клуб қошида “Ёш тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш”, “Келажак депутатлари” гуруҳлари ҳам иш олиб бормоқда. Айни пайтда мазкур гуруҳлар орқали фаол ва уюшмаган ёшларга яқиндан кўмак берилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз фармони билан тасдиқланган дастурда бу борада олдимизга янги-янги вазифалар қўйилди. Уларни амалга ошириш фаолиятимиз дастуриламалига айланмоғи лозим. 


  • Кўрилди
    1687
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Ulugbek2018-07-02 23:58:12

Assalom alaykum men Mstaqil O'zbekiston Respublikasiga yuksalish uchun O‘zLiDeP o'z fikrlarini bildirish maqsadida rasmiy sahifangizni a'zo bo'lmoqchiman


Олим Норжигитов, Жиззах вилояти2018-06-29 22:40:06

Биз Президентимиз Фармони билан тасдикланган "Yoshlar - kelajagimiz" Давлат дастурини самарали амалга оширилишида фаоллик курсатамиз. Лойихаларимизни дастурдан келиб чикиб янада кучайтирамиз. Мазкур дастурнинг сифатли бажарилиши учун шижоат билан мехнат киламиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+