Тадбиркорлар учун янги имконият ва рағбатлар

21.01.2021, 10:21

Тадбиркорлар учун янги имконият ва рағбатлар

105 та лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилинади, 115 таси бўйича тартиб-қоидалар соддалаштирилади

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётнинг ўсиш нуқталаридан бири саналади. Ўтган йили халқимиз бошига тушган оғир синовлар пайтида ҳам иқтисодиётнинг барқарор ишлаши учун улар давлат билан теппа-тенг ҳисса қўшганини ҳаммамиз кўрдик, гувоҳи бўлдик.

Шу ҳижатдан, 2020 йилда мураккаб синовларга қарамай, давлатимиз раҳбари бошчилигида бизнесни қўллаб-қувватлаш учун барча тезкор чора-тадбирлар кўрилди, етарли ресурслар ажратилиб, зарур шароитлар яратилди. Мақсад битта – тадбиркорлар сонини кўпайтириш, одамларни ишбилармон қилиш, янги иш ўринлари яратиш.

Жорий йилда ҳам тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича янада қулай шароитлар яратилиб, пандемия даврида айланма маблағ танқислигига дуч келган тадбиркорларнинг оёққа туриб олишлари учун уларга кўмак бериш изчил давом эттирилади.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу масалага алоҳида тўхталиб, тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни давом эттириш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида жорий йилда 6 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилишини таъкидлади. Ҳукумат томонидан Жаҳон банки билан биргаликда бошланган қишлоқларда тадбиркорликни ривожлантириш дастурини кенгайтириш учун қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилишини билдирди.

Ҳаммамизга яхши маълум, бундан 4 йил олдин тадбиркорлик субъектларида текширишлар ўтказишга мораторий эълон қилинган эди. Бунинг натижасида ўтган даврда тадбиркорлар сони 2 баробар кўпайиб, 400 мингтага етди. Шу нуқтаи назардан мамлакатимиз раҳбари мораторий муддатини яна бир йилга узайтириш таклифини илгари сурди.

Ҳукумат томонидан бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш ва ҳалол-пок, замонавий технологиялар асосида ишлаётган виждонли тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “яширин иқтисодиёт”ни қисқартиришга қаратилган механизмлар жорий этилиши белгиланди.

Албатта, республикамизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар эътиборга молик. Чунки мазкур йўналишларда олиб борилган ишлар лицензиялаш ва рухсат бериш тизимини либераллаштириш ҳамда институционал ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошлаш учун мустаҳкам асос яратди.

Лекин ҳозирги давр лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш ҳамда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун янада кенг шарт-шароитларни яратишни тақозо этмоқда. Акс ҳолда, ортиқча бюрократия ва бошқа тўсиқлар сабаб тадбиркорлик фаолияти ривожланмайди, бу иқтисодий ўсиш суръатига салбий таъсир кўрсатади, турли суиистеъмолликлар, ортиқча босим юзага келади.

Мурожаатномада айтилганидек, тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида 105 та лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилиниши, 115 таси бўйича тартиб-қоидалар соддалаштирилиши уларга алоҳида фаолият турлари бўйича бизнесни бошлаш ва юритиш учун кенг имкониятлар эшигини очади.

Ушбу ташаббусни амалга оширишга йўналтирилган ва Ҳукумат томонидан киритилган “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги миллий қонунчиликни тизимлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида амалдаги “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги ва “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларни бирлаштириб ягона ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш назарда тутилмоқда.

Унга биноан, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш фақатгина электрон тарзда ихтисослаштирилган махсус электрон тизим — “Лицензия” ахборот тизими, шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этилиши муносабати билан уларнинг дубликатини бериш, шунингдек, лицензия шартномасини тузиш институтини бекор қилиш ҳам назарда тутиляпти. Қолаверса, талабгорларнинг лицензия ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги мурожаатини кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартиби ифодаланяпти.

Бизнинг фикримизча, қонун лойиҳасида белгиланаётган муддат мобайнида ваколатли орган тегишли қарор қабул қилмаганда, талабгор белгиланган давлат божи ёки йиғим тўловини амалга оширгандан кейин махсус электрон тизим унга лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериши шарт. Бунда, талабгор фаолият билан лицензиясиз ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз шуғулланганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Хулоса ўрнида айтганда, мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади — фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш ва хабардор этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш, энг муҳими, мамлакатда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    953
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+