Бош мақсад – берилаётган имтиёзларни ҳалол-пок қўллаш бўйича адолатли тизим яратиш

05.03.2021, 09:57

Бош мақсад – берилаётган имтиёзларни ҳалол-пок қўллаш бўйича адолатли тизим яратиш

Халқимизда “Уйи борнинг ўйи бўлмайди” деган нақл бор. Бу бежиз айтилмаган, албатта. Унинг таг-замирида жуда катта маъно бор. Зеро, одамларнинг уй-жой билан таъминланганлик даражасидан қониқиш ҳисси оилавий бахт-саодатга элтувчи асосий омилдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев вазифасига киришган илк паллаларданоқ бу долзарб масалани алоҳида эътиборга олиб, одамларни уй билан таъминлаш чораларини кўрди. Натижада янги Ўзбекистон улкан қурилиш майдонига айланди. Айниқса, аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича замонавий тизим яратилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси бугун мамлакатимизда фуқароларнинг уй-жой шароити тубдан яхшиланаётгани, шаҳар ва қишлоқларда янги турар жойлар қуриш суръати ва кўлами жадаллик билан кенгайиб бораётганига барчамиз гувоҳмиз. Қурилиш ишлари нафақат азим пойтахтимизда, балки ҳудудларда ҳам жадал тус олди. Ўтган тўрт йилда давлат дастурлари асосида 140 минг ёки йилига ўртача 35 мингдан уй-жойлар барпо этилди. Бу эса олдинлари йилига қурилган ўртача уй-жойдан 4-5 баравар кўпдир.

Уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича куни кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз бу масалага тўхталиб, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш бўйича фақат бугунни ёки эртанги кунни ўйлаб эмас, балки узоқни кўзлаб соҳада ҳаётга татбиқ этилиши лозим бўлган долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид янги фармон тайёрланганини айтиб, ушбу ҳужжатда энг муҳими аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш ва бу борада уларнинг танлаш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилаётганини билдирди.

Жорий йилда 54 минг оилаларни уй-жой билан таъминлаш белгиланган бўлиб, бу борада давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта ёки ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп уй-жойлар қурилиши минг-минглаб фуқароларимизнинг кўнглини тоғдай кўтариб, уларни эртанги кунга бўлган ишончини янада оширди.

Хусусий тадбиркорлар томонидан қурилиши бошланган 8 мингта квартиранинг жорий йилда фойдаланишга топширилиши кўплаб оилаларга бахт, қувонч, шодлик олиб кириши аниқ. Оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган 1 мингта оила, айниқса аёлларга “ижтимоий уй-жойлар” ижара асосида ажратилиши ҳар бир фуқаро учун янада дадил илдамлаш учун жуда катта даъват бўлди. Илгари бунақа ҳажмдаги қурилиш дастури амалга оширилмаган, вилоятдан келган фуқароларимиз ижарама-ижара юриб, турли сарсонгарчиликларни бошдан кечирган.

Президентимиз раҳнамолигида ҳар йили янги уйлар қурилиб, ипотека кредити асосида уйга муҳтож оилаларга берилиши халқимиз орзуидаги иш бўлмоқда. Бундай ғамхўрлик кўрсатаётган давлатимиздан, юртбошимиздан ҳамма миннатдор бўлмоқда. Сабаби Ватанли бўлиш бахти инсонга ўзгача руҳият бахш этади.

Ҳаммамиз гувоҳмиз, ҳозир энг катта муаммо – бу уй-жойларнинг нархини адолатли шакллантириш. Боиси кейинги пайтда қурилаётган арзон уй-жойларнинг нархи кескин ошиб кетган. Табиийки, нархлар ошгандан кейин нафақат биринчи тўлов, балки олинадиган кредит миқдори ҳам ортади. Давлат ишида ишлаб, ойликка куни қолган одамлар эса бундай уйни ололмайди. Президентимиз айни масалага тўхталар экан, бугунги нарх-наводан одамларимиз рози эмаслигини, ҳокимлар буни ичига кирмаганини танқид қилди. Вилоят ва туман ҳокимларига бир квадрат метр уй нархини 4 миллион сўмдан оширмаслик учун барча зарур чораларни кўриш вазифаси топширилди.

Йиғилишда якка тартибда уйлар қуриш бўйича бажариладиган вазифалар кўриб чиқилар экан, бу борада ўтган йилги Андижон тажрибасидан келиб чиқиб, фуқароларга якка тартибдаги уйларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредит ажратиш тизими йўлга қўйилиши таъкидланди. Бунда, кредит бир йиллик имтиёзли давр билан 20 йилга ажратилиб (ўртача 240 миллион сўм), эҳтиёжманд аҳоли учун фоизнинг бир қисми субсидия сифатида тўлаб берилади.

Ушбу тизим асосида кредитлар жорий йилда ҳар бир вилоятда камида 500 тадан хонадонга ажратилиши қанчадан-қанча ёш оилаларни Ватанли бўлишига хизмат қилади. Жорий йилда уй-жой қурилиши учун давлат томонидан ҳам аҳолига, ҳам қурувчиларга катта имтиёзлар берилиши, жумладан, ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр киритилиши, шаҳарларда дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилиши янги Ўзбекистонда инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлигини, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар фақат инсон манфаатига қаратилганини амалда тўлиқ намоён этди.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Эндиликда паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади. Яъни, аҳоли уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлайди, холос. Кредит олган аҳоли учун фоиз тўловларининг Тошкент шаҳрида 12 фоизи, бошқа ҳудудларда 10 фоизидан юқори қисмига субсидия берилади. Хусусан, қишлоқларда 54 квадрат метрли квартира (ўртача 216 миллион сўм) олмоқчи бўлган оила 33 миллион сўмлик дастлабки бадалнинг фақат 11 миллион сўмини тўлайди, 22 миллион сўми бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.

Видеоселектор йиғилишида қурувчи ташкилотларга пандемия даврида берилган имтиёзлар жорий йил якунигача узайтирилиши, жумладан, Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан қурувчи ташкилотларга уй-жой қуриш учун жалб қилган кредитлар бўйича 20 миллиард сўмгача кафиллик ҳамда Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисмига компенсация берилиши қайд этилди.

Фуқароларга якка тартибда уй қуриш ва реконструкция қилиш учун ҳам кредит ажратилиши белгиланиб, бундай кредитлар 20 йилга ажратилиши, эҳтиёжманд аҳоли учун фоизнинг бир қисми субсидия сифатида тўлаб берилиши таъкидланди. Молия вазирлигига ушбу йўналиш учун 1,5 триллион сўм ресурс ажратиш, вилоят ҳокимларига қайси туманда қанча оилага кўмак бериш масаласини ҳал этиш вазифаси қўйилди.

Мамлакатимиз раҳбари берилаётган имтиёзларни ҳалол-пок қўллаш бўйича адолатли тизим яратиш, бу борада одамларимизнинг хабардорлигини ошириш зарурлигини таъкидлаб, маҳаллий кенгаш депутатлари, жамоат фаоллари иштирокида “халқпарвар комиссия” ташкил этиш борасида билдирган фикрлари бевосита ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракцияси олдидаги масъулиятни янада оширади. Бундан буён улар қурувчига ернинг адолатли ажратилиши, имтиёзга мос эҳтиёжманд оилалар рўйхатининг шаклланиши ва қурилишлар сифати устидан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатади.

Инсон қачон хотиржам ҳаёт кечиради, қачонки доимий иш жойига, ўз уйига эга бўлса. Бугун ана шундай бахтга мушарраф бўлаётган юртдошларимиз сафи кундан-кун кенгайиб бораётгани диққатга сазовор. Бу эса Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилаш бўйича аниқ, мақсадли тизим яратилганининг амалдаги ифодасидир. Зотан, йиғилишда айтилган сўзлар оддий одамларнинг дилидаги кўплаб орзу ниятларини акс эттириш билан бирга, уларни ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш истагини кучайтирди.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    822
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Билдирилган фикрлар

Насирова Шаира Нармурадовна Кармана туман Кенгаши депутати2021-04-15 10:18:20

Инсон қачон хотиржам ҳаёт кечиради, қачонки доимий иш жойига, ўз уйига эга бўлса. Ҳақиқатда ўз уйига эга бўлган инсонни хонадонида хотиржамлик, тинчлик бўлади. Чунки уйсизлик жуда кўплаб оилавий мауммоларга сабабчи бўлади.Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилаш бўйича аниқ, мақсадли тизим яратилгани ҳалқимизнинг дилидаги гаплар деб биламан.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+