Янги даврни бошлаб берган тарихий ташриф

19.03.2021, 17:09

Янги даврни бошлаб берган тарихий ташриф

Президентимиз ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан танишиш, бунёдкорлик ишларини кўздан кечириш мақсадида 18-19 март кунлари Тошкент вилоятида бўлиб турибди. Давлатимиз раҳбари вилоятга сафари чоғида нафақат бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ва йирик корхоналар фаолияти билан танишди, балки халқнинг ичига кириб, одамлар билан самимий мулоқот қилди.

Ушбу ташриф ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳар бир инсоннинг турмуш даражасини янада яхшилаш, маҳаллаларда одамлар учун муносиб шароитларни яратиш учун муҳим қадам бўлди, десак муболаға эмас. Зеро, бу галги сафар чоғида аввалги берилган топшириқлар ижроси билан бирга, узоқ йиллардан буён аҳолини қийнаб келаётган кўплаб муаммолар ечимига қаратилган янги лойиҳалар кўздан кечирилди.

148 гектарда экспортбоп полиз маҳсулотлари етиштирилади

Глобал иқлим ўзгариши туфайли сув ресурслари тақчиллиги йилдан йилга кучайиб бораётганини кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Сўнгги 50 йил давомида Марказий Осиёдаги музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. Қишлоқ хўжалиги экинлари асосан эгатлаб суғорилмоқда. Кўп ерлар лазерли ускуна билан текисланмаган. Коллектор-дренаж тармоқлари эскирган. Буларнинг оқибатида сув жуда кўп исроф бўлмоқда.

Чиноз тумани Янгиобод қишлоғида 1 миллион 350 минг доллар инвестиция эвазига 850 гектар ер қайта ўзлаштирилиб, жами 202 минг куб метр сиғимга эга 3 та сув ҳавзаси барпо этилди ва экинларни томчилатиб суғориш йўлга қўйилди. Янги қўриқ ернинг 702 гектарига қўшқатор усулда, плёнка остида «Андижон-72» навли пахта экилади. Бунинг учун замонавий сеялкалар олиб келинган. Улар чигит экиш билан бир вақтда томчилатиб суғориш шлангларини ўрнатиб, плёнка билан ёпиб кетади.

Шунингдек, 148 гектарда экспортбоп полиз маҳсулотлари етиштирилиб, унинг бир қисми ишсиз ёшларга бўлиб берилади. Давлатимиз раҳбари Чиноз туманида сув хўжалигида амалга оширилаётган ишлар билан танишар экан, экишдан олдин сотишни ўйлаш, ерни тадбиркорга бериш зарурлигини таъкидлади. Чунки у бозорни, рақобатни билади. Энг муҳими, қайта фойдаланишга киритилган ерларда 220 киши доимий, 1 минг 200 дан зиёд аҳоли мавсумий иш билан таъминланади.

«Эшонобод»да замонга муносиб шароит яратилади

Чиноз туманидаги Эшонобод маҳалласида 3 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Уларга муносиб турмуш шароитлари яратиш мақсадида «Обод қишлоқ» дастури доирасида уйлар, мактаблар, йўллар ва коммунал тармоқлар таъмирланиб, замонавий маданият саройи барпо этилди.

Файзобод кўчасида қад ростлаган маҳалла марказида «Обод ва хавфсиз маҳалла», «Маҳалла раиси – ислоҳотчи» тамойиллари асосида фуқаролар билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизимни самарали жорий этиш учун барча имконият яратилган. Бинода маҳалла фуқаролар йиғини раиси, унинг ўринбосари ва турли йўналишлар бўйича маслаҳатчилари, профилактика инспектори ўзаро уйғун ва самарали фаолият кўрсатади.

Аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, дам олиш шароитларини яхшилаш учун «Китобхонлар боғи»нинг барпо қилингани – маҳалла ҳаётида катта воқеа бўлди. Бу хиёбон – мамлакатимиз ва жаҳондаги энг нодир меъморий обидаларнинг ихчам макетларини ўзида мужассам этган.

Давлатимиз раҳбари шу ерда маҳалланинг турли миллатга мансуб вакиллари билан суҳбатлашди.

Вилоятда салкам 3 миллион аҳоли борлиги, шундан 150 минг нафари ишсизлиги қайд этилди. Демак, бундан буёғига ҳар бир маҳалладаги «ўсиш нуқталари»ни топиб, шунга жавобгарларни белгилаш, зарур маблағларни бериб, одамларни иш билан таъминлаш лозим бўлади. Бунинг учун ичимлик суви, электр энергияси, йўл, таълим ва бошқа шароитларни яхшилаш даркор. Бу мақсадлар, йирик ва ўрта лойиҳалар учун вилоятга 119 триллион сўм йўналтирилиши кўплаб фуқароларимиз кўнглингни тоғдай кўтариб, уларни эртанги кунга бўлган ишончини янада оширди.

«Қўжакент текстиль груп» корхонасида икки сменада 500 нафар хотин-қиз ишлайди. Охирги бир ярим ойда 100 минг долларлик тайёр кийимлар экспорт қилинган. Корхонанинг ўзида тикиш-бичишни ўргатувчи 200 ўринли ўқув маркази ҳам очилган.

Давлатимиз раҳбари мазкур корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирар экан, мутасаддиларга тадбиркорларга кўмаклашиб, бино ва маблағлар ажратиб, бундай кичик корхоналарни кўпайтириш ва 3 минг нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш бўйича кўрсатма берди. Бундан англаш мумкинки, эндиликда бу ҳудудда ишсизлик муаммоси ҳал этилиб, уйда ўтирган аёлларимиз доимий иш жойларига эга бўлишади.

40 минг гектар яйлов ва лалми ер майдони ўзлаштирилади

Ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш — давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналиши. Шу сабабли бугун юртимизда амалга оширилаётган ҳамма ҳаракатлар аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган. Агар одамлар ишли бўлса, аҳоли жон бошига даромад кўпайса, жойларда ҳам муаммолар бўлмайди. Демак, Тошкент вилоятини ишсизлик минимал даражада бўлган ҳудудга айлантириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир. Бунинг учун эса вилоятда ҳамма шароит бор.

Масалан, "ТСТ Rice” мажмуаси жойлашган майдон ҳам илгари ташландиқ жой эди. 27 миллиард сўмликдан зиёд лойиҳа туфайли ушбу 6 гектар ҳудудда замонавий мажмуа барпо этилди. У хирмон майдони, умумий сиғими 15 минг тонналик 2 та ёпиқ омбор, шолини тозалаш ва қуритиш цехи ҳамда қайта ишлаш заводини ўз ичига олган.

Шолини тозалаш ва қуритиш цехи тўртта линия билан жиҳозланган. Уларнинг ҳар бири ёрдами бир сменада 120 тонна шолини қуритиш мумкин. Бу ерда бошқа дуккакли маҳсулотларни тозалаш ва қуритиш ҳам мумкин. Яна бир эътиборли жиҳати, бу ерда кўплаб иш ўринлари яратилган. Мамлакатимиз раҳбари Қуйи Чирчиқ туманидаги «ТСТ Сluster” кластери томонидан бунёд этилган шолини қайта ишлаш заводи фаолияти ҳам билан танишди.

Шу ерда вилоят қишлоқ хўжалиги ва тўқимачиликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Бугунги кунда вилоятда 31 446 гектар бўлиб, шундан 17 066 гектарига баҳорги экинлар экиш режалаштирилган. Шунингдек, 2021-2022 йилларда қишлоқ хўжалиги йўналишида мева-сабзавот, доривор ўсимликларни қайта ишлаш, музлаткич, агрологистика маркази, чорвачилик мажмуаси, иссиқхоналар барпо этиш, узумзор ва боғ яратиш каби лойиҳалар амалга оширилади.

Ушбу мақсадлар учун 218,4 миллион доллар, шу жумладан, қарийб 95 миллион доллар хорижий инвестиция йўналтирилиб, 7 минг 800 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Жумладан, жорий йил якунига қадар 40 минг гектар узумзор, 60 минг гектар боғ ташкил этилади.

Оҳангарон ва Паркент туманларида “Textile technologies group” масъулияти чекланган жамияти томонидан агросаноат кластери ташкил этилиши ҳам муҳим янгиликдир. Сабаби қиймати 60,3 миллион доллардан иборат мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи 2021-2022 йилларда амалга оширилиши натижасида 40 минг гектар яйлов ва лалми ер майдони ўзлаштирилади.

Лойиҳанинг 2022-2023 йилларга мўлжалланган иккинчи босқичида эса 5 минг бош наслли қорамол, 50 минг қўй ва эчки боқиш йўлга қўйилиб, чорвачилик комплекси, сутни қайта ишлаш корхонаси, ёғ экстракцияси заводи, дон ва омихта емни қайта ишлаш корхонаси барпо этилади.

Саноатни кўтариш, иш жойлари очиш бўйича катта ишлар бошланади

Чирчиқ — Тошкент вилоятининг энг йирик шаҳарларидан бири. Ҳудуд ривожлангани сари аҳоли сони ҳам ортиб бормоқда. Шаҳарнинг Шодлик маҳалласида қурилган 4 та 16 қаватли уй аҳолининг ўсиб бораётган талабини таъминлашга қаратилган. Уларда жами 288 хонадон бўлади. Тўрталаси ҳам шу йил фойдаланишга топширилади.

17 та хонадон ногиронлиги бор ҳамда уй-жойга муҳтож аёлларга, 15 таси ўз соҳасида алоҳида ўрнак кўрсатаётган ёш оилаларга ажратилган. Президентимиз қурилишнинг бориши билан танишди. Шу ерда Чирчиқ шаҳрини ривожлантириш бўйича бош режа муҳокама қилинди. Янги турар жойлар қуриш, эски уйларни реновация қилиш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиб, Тошкент шаҳридаги айрим ишлаб чиқариш корхоналарини шу ерга кўчириш ҳамда янги лойиҳаларни жойлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Чирчиқ шаҳридаги Ифтихор маҳалласида яшовчи одамлар билан суҳбат жараёнида бу ҳудуд бир пайтлар донғи кетган шаҳарлигини, шу боис, энди бу ерда ҳам ҳамма шароитлар яратилишини билдирди. Саноатни кўтариш, иш жойлари очиш, йўлни, иссиқлик таъминотини яхшилаш бўйича катта ишларни бошланаётганлиги таъкидланди. Давлат раҳбарининг маҳаллаларни айлангани бу гал ҳам аҳолининг кўнглини кўтарди.

Юртбошимиз ҳудуддаги «Лола» маҳалласида ҳам бўлиб, маҳалла раиси, нуронийлар ҳамроҳлигида 35-уйдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага кириб, ҳол-аҳвол сўради. «Лола» маҳалла фуқаролар йиғинида қарийб 3 минг нафар турли миллат вакиллари яшайди. Маҳалла аҳли ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатади.»Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га кирганларни иш билан таъминлашга ҳудуддаги 6 та тадбиркорлик субъекти ҳам ҳисса қўшяпти.

Хулоса ўрнида айтганда, Президентимизнинг Тошкент вилоятига ташрифи давомида кўздан кечирилган истиқболли лойиҳалар, бўлиб ўтган учрашув ва суҳбатлар жорий йилда ҳудудда янги марралар сари дадил қадамлар қўйилиб, аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим ютуқлар қўлга киритилаётганининг яна бир ёрқин тасдиғи бўлди. Демак, энди белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилишимиз, ҳар бир эзгу ишда фаол ва ташаббускор бўлишимиз керак.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    1266
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+