Хайрли ишнинг кенг қулочи юрт соғинчидан синган кўнгилларга нур берди

02.05.2021, 18:04

Хайрли ишнинг кенг қулочи юрт соғинчидан синган кўнгилларга нур берди

Оммавий ахборот воситалари бугун давлатимизнинг яна бир хайрли тадбирини намойиш этди. Муборак кунларда амалга оширилган “Меҳр -5” операцияси эзгуликнинг яққол намоёни бўлди.

Очиғини айтаман, Ватан соғинчидан эзилган нигоҳлар, ҳамон алланечук қўрқув сақланиб қолган қарашлар, эркка ташна қалблар, бир дунё ҳаяжонни қучоқлаган юртдошларимизнинг самолётдан тушишларини ойнаи жаҳон орқали кузатар эканман, шу улуғ хайрли иш ташаббускори бўлган Президентимиз билан яна бир бор жуда-жуда фахрланиб кетдим...

Бугун она замини, ота Ватанига қайтганларнинг кўпчилиги бир вақтлар ҳаёт сўқмоқларида адашган, эри, ака-укасининг қистови билан юртдан чиқиб кетишга мажбур бўлганлар айбсиз айбдорлардир. Улар ҳатто туғилиб улғайган диёрига қайтишни энди фақат туш деб ўйлаганлари бор гап, тасдиқлайдилар ҳам. Фақат хаёлдагина она Ватанга қайтишни ўйлаётганларнинг бир гуруҳи бугун “Меҳр-5” операцияси туфайли хаёллари ҳақиқатга айланганидан кўзларидаги шукрона ёшларини тия олмаяптилар.

Муҳтарам Президентимиз топшириғига кўра бевосита назорати остида чет элларда турли машаққатли шароитларга тушиб қолган, қийин вазиятларда чигалликлар ичра қолган кўмакка муҳтож юртдошларимизга ёрдам бериш, мамлакатимизга қайтаришни ўзида ифода этган “Меҳр” операциясининг ўтказилиб келинаётгани натижасида айни кунга қадар 438 нафар ватандошларимиз Сурия, Ироқ ва Афғонистондан олиб келинди. Бу билан яна Бош Қомусимизда кафолатланган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат ҳимоясида эканлиги яна бир карра намоён бўлди.

Куни кеча айни операциянинг навбатдаги босқичида Суриянинг уруш қайнаётган оловли нуқтаси “Ал-Хол” лагеридан 24 нафар она ва 69 нафар боланинг қаҳрамонларча олиб келиниши чинакам инсонийлик, меҳр, инсон қадри юксаклиги намунаси бўлди. Уларнинг кўзларидаги эртанги тонгга умидсизлик ўрнини бугун янги кунга ёрқин илинж, давлатимиздан, Президентимиздан миннатдорлик туйғулари эгаллаганини кўришимиз мумкин.

Уларку қайтди, адашганларини англади. Энди бундай бағрикенгликка жавобан тинч, ҳалол, юртга фидойи бўлиб яшашлари керак. Албатта, бунда бизнинг ҳам ўз вазифамиз бор, яъники, кенг жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз зарур, уларга бефарқ бўлмаслигимиз лозим. Уларнинг ўз оиласида, маҳалласида, ҳудудида эркин, ҳадиксиз, ҳалол истиқомат қилишлари учун камарбаста бўлишимиз керак. Руҳий, психологик, тиббий кўмаклар берилишида, жамиятнинг фаол аъзосига айланишида биз депутатлар ҳам сергак, ёрдамга тайёр туришимиз зарур.

Хуршидахон ХАЛИЛОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати

  • Кўрилди
    147
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+