Юртдошларимизнинг яхши яшаш истаги тўла рўёбга чиқмоқда

03.06.2021, 09:51

Юртдошларимизнинг яхши яшаш истаги тўла рўёбга чиқмоқда

“Одамлар эртага эмас, узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди”. Президентимиз Шавкат Мирзиёев фаолиятининг дастлабки даврларида ана шу фикрни бот-бот таъкидлаган эди.  

Кейинги йилларда юртдошларимизнинг яхши яшаш истаги тўла рўёбга чиқа бошлади, дея дадил айтиш мумкин. Зеро, барча жабҳаларда янгиланиш, бунёдкорлик жараёнлари жадал кечмоқда. Хусусан, бутун мамлакатимиз улкан қурилиш майдонига айланди, десак муболаға бўлмайди. Янги-янги корхона ва турар-жойлар, йўл ва кўприклар, инфратузилма объектлари, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масканлари барпо этилмоқда. Ҳозирги вақтда биргина ижтимоий соҳа йўналишида республикамизда 2,5 мингга яқин объектда қурилиш, капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Муҳими, бу борадаги ишлар миқёси тобора кенгайяпти, сифати эса ошяпти. Эришилган натижалар билан қаноатланиб қолиш,  хотиржамликка берилиш кайфияти сезилмаяпти.

Давлатимиз раҳбари куни кеча туризм, шаҳар инфратузилмаси, саноат соҳаларидаги лойиҳалар ҳамда Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ва тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди.

Лойиҳаларга кўра Чирчиқ дарёсининг Тошкент шаҳридан ўтган қисми бўйларида замонавий уй-жойлар, дам олиш масканлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш иншоотлари қурилади. Яна бир лойиҳага асосан  Тошкент халқаро аэропортидан шаҳар марказига ўтувчи кўприк кенгайтирилади. Шунингдек, Тошкент технопаркида талай инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Миллий боғ ҳудудида барпо этилаётган Magic City маданият ва истироҳат боғи бунёд этилишининг иккинчи босқичи бошланади.

 Буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг Ҳирот шаҳридаги мақбарасини таъмирлаш ва тиклаш, унинг атрофини ободонлаштириш лойиҳаси ҳам тез кунларда амалга оширилади.  Алоҳида қайд этиш зарурки, даҳо шоиримизга эҳтиромнинг ушбу амалий ифодаси халқимизнинг айни кўнглидаги иш бўлади.     

Ҳадемай рўёбга чиқадиган бу лойиҳалар шаҳар инфратузилмаси янада яхшиланишига, саноат ва туризм йўналишлари ривожланишига хизмат қилади. Минглаб янги иш ўринлари яратилади. Демак, халқимиз турмуши янада фаровонлашади.  

Тўлқин ФАЙЗИЕВ,

O'zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши раиси

  • Кўрилди
    533
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+