Сурхондарёда “драйвер” соҳалар ривожланади

03.06.2021, 10:04

Сурхондарёда “драйвер” соҳалар ривожланади

Давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифи Сурхондарё учун яна янги имкониятлар, тадбиркорлик йўналишида янги лойиҳаларга қўл урилишига сабаб бўлди. Бу ҳақида Президентимизнинг Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркор ва фермерлар, нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик фаоллари иштирокида ўтказган йиғилишда ҳам алоҳида қайд этиб ўтилди.

Айниқаса, давлатимиз раҳбарининг “Сизлар билан учрашиб, муаммоларни ҳал этиш учун келганмиз. Бу ташрифга анчадан бери тайёргарлик кўрдик. Тошкентга боғлиқ масала қолмади. Энди берилган маблағ ва тизимни ақл билан ишлатиб, жойларда манзилли бажариш керак. Мен куйиб-пишганим билан сизлар жон куйдирмасангиз, халқнинг бири икки бўлмайди. Сурхондарёнинг ички имкониятларидан фойдалансак, одамларнинг дардига дармон бўлиш учун ҳамма шароит бор. Бунинг учун сектор раҳбарлари фидойи бўлиб, жойига тушиб, “маҳаллабай” тизимда ишлаши керак” деб айтган гаплари воҳадошларимиз учун ҳам, биз депутатлар учун ҳам уйғоқликка, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш лозимлигига ундади.

Йиғилиш давомида белгилаб берилган вазифалар ичида, хусусан, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш биринчи йўналиш сифатида белгиланди. Бу йўналишда давлатимиз раҳбарининг Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманлари ривожига туртки бериш мақсадида янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларини ер, мол-мулк, кичик корхона айланмасидан олинадиган солиқлар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғидан 2024 йил 1 январга қадар озод қилиш таклифи кўпчилик тадбиркорларимиз учун айни муддао бўлди. Бу ташаббус мазкур ҳудудларда тадбиркорларнинг кўпайиши, иш ўринлари яратилиши ва энг муҳими, аҳолининг яхши даромад топиб яшашига имконият беради. Туманларнинг иқтисодий аҳволи ҳам яхшиланишига пойдевор яратилади.

Бундан ташқари, белгиланган вазифалар қаторида вилоятда 2021-2022 йилларда умумий қиймати 16 триллион 800 миллиард сўм бўлган 1 минг 177 та ҳудудий инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши ҳам 25 мингга яқин аҳоли бандлигини таъминлашга имкон беради. Бу дегани, яна шунча одамнинг рўзғорига барака киради.

Шунингдек, Бойсун, Сариосиё, Шеробод туманларини қурилиш материаллари, Қизириқни енгил саноат, Олтинсойни озиқ-овқат, Ангорни чарм, Бандихон ва Музработ туманларини маҳаллий саноатга ихтисослаштириб, кластерлар ташкил этиш зарурлиги ҳам таъкидланди. Хусусан, Сариосиёда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш инновацион индустриал зонаси ташкил этиладиган бўлди. Бунда қурилиш материалларини экспорт қилишда транспорт харажатлари ва кредит фоизларини қисман қоплаб бериш, импорт ўрнини босувчи маиший товарлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий саноат корхоналарига хомашё ва ярим фабрикатларни импорт қилишда имтиёзлар бериш бўйича ҳам таклифлар билдирилди.

Мазкур имтиёзлар бугун саноат ва ишлаб чиқариш соҳаси ривожланиш йўлига кирган Сурхондарё учун яна бир имконият эшигини очади. Чунки бу ҳам воҳа иқтисодини ривожлантиришга, ҳам одамларнинг яшаш шароитини яхшилашга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Алишер Рўзиев,

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти

Кенгаши депутати,

партиянинг вилоят Кенгаши раиси.

  • Кўрилди
    877
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+