Қишлоқлардаги ишсиз одамлар учун беқиёс имкониятлар яратиляпти

09.06.2021, 11:00

Қишлоқлардаги ишсиз одамлар учун беқиёс имкониятлар яратиляпти

Баъзан эрталаблари пойтахтимиздан вилоятга чиқаман.  Шунда ҳар гал  Тошкент шаҳрига кириб келаётган турли-туман автомобилларнинг охири кўринмайдиган тиғиз оқимига,  ҳосил бўлаётган улкан тирбандликларга кўзим тушади. Шаҳарга кириб келаётганларнинг катта қисми ишга – катта-кичик корхоналар, савдо-сотиқ, транспорт ва бошқа хизматлар кўрсатиш нуқталарига  йўл олгани ҳаммамизга маълум. Бошқа йирик шаҳарларимизга кириш йўлларида ҳам аҳвол шундай бўлса керак. Чунки қишлоқ жойларда иш масаласи қийин экани ҳеч кимга сир эмас. Президентимиз бошлаб берган очиқлик, ошкоралик сиёсати туфайли бу муаммони тегишли идоралар масъуллари ҳам тан олмоқда.     

Икки ой олдинги маълумотларга кўра, 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоизни ташкил қиляпти. Ишсизларнинг катта қисми қишлоқларда яшовчи юртдошларимиздан иборат. Эндиликда қишлоқ жойлардаги меҳнат қилишга иштиёқи бор, лекин иш тополмаётган одамлар учун катта имкониятлар яратилмоқда. Президентимиз раислигида бўлиб ўтган навбатдаги видеоселектор йиғилишида бу борада ҳам аниқ вазифалар белгиланди. Қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва хизматларни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда чорва, парранда ва балиқ маҳсулотларини кўпайтириш бўйича вазифалар ижросига бағишланган мазкур мажлисни том маънода тарихий дейиш мумкин.

– Вилоятлар ва туманлар ҳокимлари, сектор раҳбарлари ғалладан бўшаган майдонларни ишсиз аҳолига адолатли ажратиб, уларга экспортёр ва кластерларни бириктирсин, –деди Президентимиз.

Умуман, ғалладан бўшайдиган ерларнинг 800 минг гектари ишсиз аҳолига бозорбоп такрорий экин экиш учун берилади. Бунда, ишсиз аҳоли ва ёшларга ерни ижарага берган кластер ҳамда фермерлар ушбу ер майдони учун солиқдан озод қилинади. 

Бу орқали қарийб 1,5 миллион аҳолини мавсумий иш билан таъминлаб, даромадли қилиш мумкин.

Шуни ҳисобга олиш керакки, ҳозирча бекор юрганларнинг барчасини ер илмидан,  деҳқончиликдан хабардор, деб бўлмайди.  Уларга бу борада ёрдам бериш лозим. Эндиликда O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” томонидан ўтказилаётган “Тадбиркорликка илк қадам” лойиҳаси доираси кенгайтирилиб,  ихтиёрига ер бериладиган кишилар ҳам тўлиқ қамраб олинади, уларга аграр соҳа бўйича сабоқлар берилади. Шунингдек, яқин кунларда “Замонавий касблар маҳорат мактаби” лойиҳаси йўлга қўйилади. Унда навқирон авлод вакилларига, жумладан, илғор агротехнологиялар, деҳқончиликнинг инновацион услублари бўйича ҳам дарслар ўтилиши режалаштириляпти.

Партиямиз фаоллари давлатимиз раҳбарининг мазкур йиғилишда берган бошқа  топшириқлари, белгиланган вазифаларини  ҳам амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, амалга оширишга қаратилган ишларга киришмоқда.     

Беҳзод Исроилов,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси ходими    

  • Кўрилди
    611
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+