Инвестициялар ва экспортни ошириш зарурати

26.06.2021, 15:09

Инвестициялар ва экспортни ошириш зарурати

Иқтисодиётда инвестицияларни кенг миқёсда жалб этиш кўплаб соҳалар, тармоқлар ва ҳудудларга янги технологиялар, юксак малакали мутахассислар кириб келишига хизмат қилиши маълум. Чунки инвестиция ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодиётини ҳаракатга келтирувчи, унинг тараққиётини таъминловчи муҳим капиталдир.

Мамлакатимизда 2017 йилдан бошлаб барча манбалар ҳисобидан 716 триллион сўм ёки олдинги даврга нисбатан 2 баравардан зиёд инвестициялар ўзлаштирилгани янги Ўзбекистонда иқтисодиёт ва инфратузилмани ривожлантириш, долзарб лойиҳаларни маблағ билан таъминлаш мақсадида фаол инвестициявий сиёсат олиб борилаётганидан далолат беради.

Ўзлаштирилган инвестицияларнинг деярли 65 фоизи саноат ва инфратузилма лойиҳаларига тўғри келгани туфайли сўнгги 4 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти таркибида саноатнинг улуши 25 фоиздан 33 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми эса 1,3 бараварга ўсган. Энг муҳими, бу даврда 441 триллион сўмлик 47 мингдан зиёд йирик, ўрта ва кичик лойиҳалар ишга туширилиши ҳисобига 680 мингдан ортиқ доимий янги иш ўринлари яратилган.

Инвестиция ва экспорт соҳаларидаги ишлар натижадорлиги, йил якунигача амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокамасига бағишлаб жорий йил 24 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида инвестицияларнинг натижадорлиги чуқур таҳлил қилиниб, бу йўналишда аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Мамлакат иқтисодиётининг тараққиёти бевосита инвестициялар оқимига боғлиқлигини инобатга олсак, хориж инвестицияларини кенг миқёсда жалб қилиш — иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш имконини беради. Демак, олиб келинган ҳар бир доллар халқимизга, ҳудудлар ва тармоқларга ўзининг ижобий натижасини бериши лозим.

Таҳлилларга эътибор берсак, ажратилган ҳар бир миллиард сўм эвазига Наманганда 12 та, Андижонда 11 та, Навоий ва Сирдарёда 8-9 тадан янги иш ўрни яратилган. Бу кўрсаткич Бухоро, Самарқанд ва Хоразмда 6-7 та, Қашқадарё ва Фарғонада 5 тага тўғри келган. Қорақалпоғистон, Жиззах, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида эса атиги 3-4 тани ташкил этган.

Биргина Тошкент вилоятига охирги 4 йилда йўналтирилган 950 миллион доллар хорижий инвестиция ва банк кредитлари ҳисобига атиги 40 мингта янги иш ўрни яратилган. Яъни бир иш ўрни 24 минг долларга тўғри келмоқда. Ваҳоланки, Наманган вилоятида 2 баравар кам маблағ сарфланиб, 52 мингта иш ўрни очилган.

Йиғилишда 2 мингдан зиёд корхона паст қувватда ишлаётгани, айрим туманларда ишлаб чиқариш ҳажми камайгани қайд этилиб, тармоқ ва ҳудуд раҳбарларининг асосий вазифаси инвестициявий фаолликни кучайтириш билан бирга, уларнинг самарадорлигини ошириш бўлиши кераклигини таъкидланди. Ўз навбатида, инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга, ҳар бир туман ва шаҳарда саноат бўйича ишга солинмаган имкониятларни аниқлаб, манзилли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Ҳозирги кунда барча ҳудудларда мебелларга талаб, уларни тайёрлашга шароит бор. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 июндаги тегишли қарори бу соҳа учун имкониятларни кенгайтирди. Хусусан, бир қатор туман ва шаҳарларда мебелсозликка ихтисослашган кичик саноат зоналари ташкил этилиб, 200 миллион долларлик 450 та лойиҳа жойлаштирилиши ва камида 7,5 мингта янги иш ўрни яратилиши орқали минг-минглаб фуқароларимиз доимий иш жойига эга бўлади, шунча одамларнинг қора қозони қайнайди, ҳаётдан рози яшайди.

Яна бир муҳим жиҳат, юртимиздаги 5 мингдан зиёд мебель корхонасидан 1 минг 500 таси хонадонларда жойлашган. Энди уларни саноатлаштириш, маҳсулотларни ва иш ўринларини янада кўпайтириш мумкин. Шу сабабли бундай ишларни чарм-пойабзал, электр техникаси, тўқимачилик, фармацевтика, заргарлик, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноати соҳаларида ҳам амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Жорий йилда чарм-пойабзал саноатида 202 миллион долларлик 112, электр техникаси тармоғида 140 миллион долларлик 45, фармацевтика йўналишида 146 миллион долларлик 36 та лойиҳани ўз вақтида ишга туширилиши натижасида ҳудудларда ишлаб чиқариш кўлами кенгаяди, экспорт ҳажми ошади.

Йиғилишда бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш масаласига ҳам эътибор қаратилиб, бугунги кунда бўш турган ва паст қувватларда ишлаётган яна 19 мингта объект борли қайд этилди. Мутасаддиларга уларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, электрон платформасини яратиш, тадбиркорлар билан учрашиб, лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам бериш вазифаси қўйилди.

Албатта, мамлакат ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тараққий этиши, барқарор иқтисодий ўсишга эришиши, аҳоли даромадларининг ошиши, турмуш шароитининг яхшиланиши аксарият ҳолатларда миллий иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларига жалб этилаётган инвестиция маблағларининг ҳажми ва таркибига боғлиқ. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш эса барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга, пировардида мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида атганда, бугун ҳудудларга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш устувор йўналишлардан бирига айланди. Пухта ўйланган, чуқур таҳлил асосида йўналтирилган инвестиция мамлакатимиз иқтисодиёти учун локомотив вазифасини ўтайди. Бу жараёнда инвестицияларни нафақат иқтисодиёт тармоқларига, балки илмий ишланмалар ва инновацияларни қўллаб-қувватлашга йўналтириш ғоят муҳимдир. Зотан, тўғридан-тўғри инвестициялар билан нафақат замонавий технологиялар, тижорат тажрибалари, балки жаҳон стандартларига мос ва хос рақобатбардош ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам мумкин.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    362
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+