Ўзбекистон-Покистон: кўп қиррали мулоқотлар янги босқичга кўтарилади

16.07.2021, 10:36

Ўзбекистон-Покистон: кўп қиррали мулоқотлар янги босқичга кўтарилади

Айни пайтда бутун дунёнинг эътибори пойтахтимиз Тошкент шаҳрига қаратилган десак хато бўлмайди. Кеча бошланган кенг доирадаги сиёсий мулоқотлар бугун ўзининг қизғин палласига кирди.

Хабарингиз бор шу йилнинг 15-16 июль кунлари “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилиши белгиланган эди. Конференция иши давом этмоқда. Унда бир қатор амалий ташаббуслар илгари сурилиши кутилмоқда.

Конференциягача олий даражадаги учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Ана шу учрашув ва уларнинг аҳамияти ҳақида қисқача мулоҳаза юритмоқчимиз. Маълумки, кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Самимий руҳда ўтган учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва транзит соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Эътиборга молик жиҳати ўзаро мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги шерикликни кенгайтириш ва ривожлантириш борасида катта силжиш кузатилаётгани таъкидланди. Кўп қиррали мулоқотлар ва маданий алмашинувлар фаоллашди.

Бу галги учрашув ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади, десак тўғри бўлади. Зеро, кеча ҳукуматлараро кўшма комиссия йиғилиши ўтказилганлиги ва пойтахтимизда биринчи марта Ўзбекистон ва Покистон ишбилармонлари бизнес-форуми ташкил этилгани фикримиз тасдиғидир.

Яна бир гап. Покистон билан илиқ муносабатларнинг ўрнатилиши тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Ушбу фикрларни далили сифатида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида савдо ҳажми тўрт баробарга ўсганлигини, қўшма корхоналар сони эса деярли юздан ортиққа кўпайганлигини келтириш мумкин. Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, бугунги кунда Ўзбекистонда покистонлик инвесторлар томонидан ташкил этилган 163 та корхона фаолият кўрсатмоқда.

Покистон Жанубий Осиё ва жаҳоннинг йирик бозорларига чиқишда   Ўзбекистон учун муҳим кўприк вазифасини ўтайди. «Термиз - Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўлининг қурилиши нафақат савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, балки минтақа давлатлари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтиришга хизмат қилади.

Ушбу йўлнинг Марказий Осиё давлатлари хусусан мамлакатимиз учун ҳам аҳамияти ниҳоятда юқори. Нега деганда, Марказий Осиё ва Афғонистон давлатлари халқаро денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмас. Шу сабабли улар сезиларли транспорт ва транзит харажатлари қилмоқдалар, бу эса денгиз коммуникацияларидан эркин фойдаланиш шароитига эга бўлган мамлакатлар харажатларидан 2-3 баравар юқоридир. Ушбу муаммо халқаро юк ташишга сезиларли чекловлар қўйган «COVID-19» пандемияси пайтида, айниқса, жуда долзарб аҳамият касб этди.

Бундай шароитда «Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўлининг қурилиши Жанубий Осиё ва Европа давлатлари ўртасида Марказий Осиё орқали юкларни ташиш вақтини ҳамда нархини сезиларли даражада камайтиради.

Шундай қилиб, Покистоннинг «Карачи», «Қасим» ва «Гвадар» денгиз портларига чиқишни таъминлайдиган янги трансафғон темир йўли Жанубий Осиё темир йўл тизимини Марказий Осиё ва Евроосиё темир йўл тизимлари билан боғлайди ҳамда Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини кескин оширишга, катта миқдордаги юк оқимларини жалб қилишга, шунингдек, Европа ва Осиёни энг қисқа қуруқлик йўли билан боғлайдиган кўприк сифатида минтақанинг тарихий ролини тиклашга ёрдам беради.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    578
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+