Ўзбекистон — ШҲТ: муҳим ташаббуслар майдони

20.09.2021, 20:51

Ўзбекистон — ШҲТ: муҳим ташаббуслар майдони

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти нуфузли халқаро ташкилотлар орасида тобора муносиб ўрин эгалламоқда, минтақавий ва глобал миқёсда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил ривожланишнинг таъсирчан омили бўлиб хизмат қиляпти. Буларнинг барчаси ШҲТнинг салоҳияти ва халқаро миқёсдаги нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

Асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, таълим, энергетика, транспорт, туризм ва бошқа соҳалардаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат бўлган бу нуфузли ташкилот бугунги кунда ўз тараққиётининг принципиал жиҳатдан янги босқичида турибди.

Бинобарин, иштирокчи давлатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли юзага келаётган хавф-хатар ва таҳдидларга қарши ҳамкорликдаги салоҳияти ортиб бормоқда, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик кенгаймоқда. Ўтган даврда ШҲТ ҳозирги кун жаҳон майдонида муносиб нуфузга эга бўлди, дунё сиёсатининг муҳим субъектига айланиб, нуфузли халқаро тузилмалар қаторидан муносиб ўрин эгаллади.

ШҲТни кўп қиррали ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, транспорт ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг муҳим воситаси сифатида қабул қилган ҳолда Ўзбекистон ташкилотнинг асосчиларидан бири ҳамдир. Айни дамда мамлакатимиз ушбу ташкилотнинг фаолиятида фаол иштирок этиб келмоқда, унинг ташаббуслари эса ШҲТ доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга хизмат қилади.

Ҳозирги кунда 2001 йилда ташкил топган мазкур ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзолари қаторида Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари фаолият олиб бормоқда. Парламентарийларнинг фикрига кўра, ШҲТ дунё аҳолисининг деярли ярмини ва илғор технологияларга эга бўлган улкан истеъмол бозорини қамраб олган маконга айланди.  

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 17 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлисидаги нутқида ўткир ва долзарб ташаббусларни илгари сурганига барчамиз гувоҳ бўлдик.

Саммит кун тартибига мувофиқ, ШҲТнинг ўтган 20 йилдаги фаолиятининг асосий якунлари ҳамда кўп қиррали ҳамкорликнинг истиқболдаги устувор вазифалари муҳокама қилинди. Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди. Бугунги кунда ШҲТ кун тартибида турган долзарб масалалар кўриб чиқилиб, уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди. Хусусан, ШҲТ 20 йиллигининг Душанбе Декларацияси қабул қилинди, ташкилот доирасида кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга йўналтирилган 30 та ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳақли равишда таъкидлаганидек, бугун барчамиз жаҳон ва минтақадаги ўсиб бораётган кескинликнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Пандемия билан боғлиқ нохуш ҳолат ҳамон сақланиб қолмоқда. Буларнинг барчаси ШҲТдан ташкилот доирасида янада яқин жипслашувни ва ўзаро қўллаб-қувватлашни талаб этмоқда.

Бу борада давлатимиз раҳбари нафақат Афғонистонда юзага келган вазият бўйича хавотир билдирди, балки мамлакатнинг янги ҳукумати билан мулоқотни йўлга қўйишнинг аниқ тамойилларини таклиф қилдики, улар ўз ичига афғон халқи барча қатламларининг давлат бошқарувидаги кенг сиёсий ваколатига эришиш, шунингдек, асосий инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, шу жумладан, аёлларнинг ва кичик элатларнинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилиниши кабиларни қамраб олади.

Айниқса, Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳрида кузатувчи давлатлар ва мулоқот бўйича шерикларни жалб қилган ҳолда “ШҲТ-Афғонистон” форматидаги олий даражали учрашувларини мунтазам равишда ўтказиб бориш тўғрисидаги таклифи анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари бу саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва Афғонистондаги вазиятни сиёсий жиҳатдан тартибга солиш масалаларини муҳокама қилишга хизмат қилади, дея таъкидлаймиз.

Саммитнинг бошқа яна бир муҳим жиҳати – бу Ўзбекистон Республикасининг 2021-2022 йиллардаги ШҲТга раислигидир. Аввал ҳам Ўзбекистон ШҲТга уч бор 2003-2004, 2009-2010, 2015-2016 йиллар раислик қилган. Мисол учун, 2016 йил Тошкент саммитида Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТнинг аъзо мамлакати мақомини олиши йўлидаги мажбуриятлар тўғрисидаги меморандумлар имзоланди ва бу давлатлар учун ташкилотга йўл очилди.

Душанбедаги саммитда Ташкилотнинг мазкур давр учун асосий устувор масалалари ва вазифалари кўрсатилди. Бу масала ва вазифалар сарасига Ташкилотнинг иштирокчи давлатлари ўртасида 2023-2027 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани амалга ошириш бўйича Комплекс дастурни тайёрлаш ва қабул қилиш, савдо соҳасидаги тўсиқларни бартараф этиш, техник регламентларни яқинлаштириш, божҳона тартиб-таомилларини рақамлаштиришни кўзда тутувчи минтақа ичидаги савдони ривожлантириш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар киради.

Тадбиркорликни ривожлантириш нуқтаи назаридан Ўзбекистоннинг Ташкилот давлатлари бизнес ҳамжамияти вакиллари ўртасида Ўзбекистонда 2022 йилда Иқтисодий форум ва ШҲТ саноат новациялари ҳафталигини ўтказишга оид ишбилармонлик алоқаларини рағбатлантириш, ШҲТ саноат кооперацияси Дастурини қабул қилиш ва аъзо давлатлар ҳудудида саноат кооперацияси марказларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларини алоҳида таъкидлаш лозим.

Келгуси йил транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантириш бўйича ШҲТ Стратегиясини қабул қилиш муҳим масалалардан бўлиб, бу Ташкилот аъзо мамлакатларининг транзит салоҳиятини тўлақонли ишга солиш ва “Шарқ-Ғарб” ва “Шимол-Жануб” йўлаклар тизимининг самарадорлигини ошириш имконини беради.

Шавкат Мирзиёевнинг энергетика, коммуникациялар, “яшил” ривожланиш соҳасида трансчегаравий лойиҳалар киритилиши мумкин бўлган, ШҲТ маконида инфратузилмани ривожлантириш бўйича узоқ муддатли Дастурни биргаликда тайёрлаш бўйича муҳим таклифи Ўзбекистоннинг иқтиссодий ҳамкорлик муаммоларини ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини яққол намоён этди.

Хулоса қилиб айтганда, ШҲТ Ташкилотнинг аъзо давлатлари ўртасидаги самарали иқтисодий алоқалар, шу жумладан, ишбилармонлик соҳасидаги алмашувларни кенгайтириш ва амалий ўзаро хатти-ҳаракатларни кучайтириш учун мақбул шарт-шароитларни шакллантириш борасида биргаликдаги ишларни энг муҳим вазифалар қаторида янада самарали бажармоқда. Бу жараёнда парламентарийлар ШҲТнинг ишбилармонлик доиралари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар динамикасини қўллаб-қувватлаш ва ташқи савдо муносабатларининг янги нуқталарини аниқлашда қонун ижодкорлиги соҳасида кўмак берадилар.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    480
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+