Сурхондарёликлар тимсолида Янги Ўзбекистонни барпо этаётган чинакам ватанпарвар инсонларни кўрамиз

11.10.2021, 10:08

Сурхондарёликлар тимсолида Янги Ўзбекистонни барпо этаётган чинакам ватанпарвар инсонларни кўрамиз

O'zLiDePдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод – Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашувда воҳада қўлга киритилаётган муваффақиятлар билан бирга баъзи муаммоларга тўхталиб ўтди,  келгуси беш йилликда амалга оширилиши мўлжалланган дастурлар хусусида сўз юритди.

Хусусан, келгуси беш йилда 20 минг хонадонли 600 дан зиёд кўп қаватли уй-жойлар қурилиши, шундан, қарийб 3 мингта хонадон эҳтиёжманд оилаларга ажратилиб, уларга ипотека кредити бўйича 120 миллиард сўмлик субсидия берилиши,  “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 150 та қишлоқ ва маҳаллани обод қилиш, ижтимоий соҳа объектлари ва ички йўлларни қуриш-таъмирлаш ишларига ҳар йили 500 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши айтиб ўтилди.

-Вилоятнинг туман ва шаҳарларида саноат бир маромда ўсаётгани йўқ. Бу борада Сурхон воҳасининг Аллоҳ берган мавжуд табиий, норуда ва қазилма ресурсларидан тўлиқ фойдалана олмаяпмиз,- деди Ш. Мирзиёев. -  Шунинг учун, вилоятда инвестицион ва тадбиркорлик фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида, келгуси беш йилда саноат тармоқларида 6,6 миллиард долларлик 5 мингдан зиёд инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 130 мингта янги иш ўринлари яратилади.

Президентликка номзод вилоят учун асосий драйвер бўлган қурилиш материаллари, тўқимачилик, ипакчилик, озиқ-овқат, чарм-пойабзал каби соҳалардаги лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлаб, жумладан, қурилиш материаллари саноатида 1 миллиард долларлик 900 та лойиҳани ишга тушириш ҳисобига 14 мингдан зиёд иш ўрни яратилишини, ишлаб чиқариш ҳажми 5 баробарга кўпайиши, ҳамда йилига 670 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи ва 280 миллион долларлик экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини маълум қилди.

Ш. Мирзиёев сайловчилар ҳузурида юрт истиқболи, мамлакат тараққиёти учун муҳим бўлган сайловолди дастурини баён қилар экан, сурхондарёликлар тимсолида Янги Ўзбекистонни барпо этаётган чинакам ватанпарварларни кўраётганини, улар билан фахрланишини изҳор этди.

Зотан, Ватан тараққиёти, Ўзбекистон равнақи учун жонкуярлик, фидойилик кўрсатган халқнинг келажаги порлоқ ва нурафшон бўлади. Бунга шак-шубҳа йўқ.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    545
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+