Қашқадарёни ривожлантиришга қаратилган янги ташаббуслар илгари сурилди

14.10.2021, 20:28

Қашқадарёни ривожлантиришга қаратилган янги ташаббуслар илгари сурилди

Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда. Номзодлар жойларда сайловчилар билан учрашиб, ҳудудни ривожлантиришга доир мақсад ва вазифаларини эълон қилмоқдалар.

Кеча, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод – Шавкат Миромонович Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашиб, воҳани ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ташаббусларни илгари сурдилар. Аҳамиятга молик жиҳати келгусидаги вазифалар марказига инсон ва яна бир бор инсон манфаатлари қўйилган.

Биламиз, ёш авлод эртанги кунимиз, умидимиз. Уларни таълим тарбиясига ўзимизни аямасдан қанчалик яхши эътибор қаратсак, эртага бу ўз мевасини, натижасини албатта беради. Чунки илм-фан ривожланаяпти, замонавий технологиялар ҳаётимизга шиддат билан кириб келмоқда. Шу нуқтаи назардан номзодимиз томонидан таълимнинг барча бўғинларига бирдек эътибор қаратилаётгани таҳсинга сазовор. Биргина Қашқадарё вилояти мисолида олиб қарайдиган бўлсак, учрашувда Шавкат Миромонович томонидан вилоятда мактабгача таълимни ривожлантиришга 1 триллион сўмдан зиёд маблағлар йўналтирилиши айтилди.

Шунингдек, мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 62 фоизга етказилади. Бунинг учун 40 та давлат ва 38 та хусусий, 1 мингта оилавий боғчалар ташкил этилади. Косон ва Шаҳрисабз педагогика коллежлари базасида “Мактабгача таълим кластери” фаолияти йўлга қўйилади. Деҳқонобод, Касби, Китоб, Миришкор, Қамаши, Чироқчи, Нишон, Яккабоғ ва Ғузорда боғча тўлови миқдори 2 баробарга камайтирилади.

Шу соҳада меҳнат қилган инсон сифатида айтишим мумкинки, бу ишлар нафақат соҳа вакилларини балки ота-оналарни ҳам бирдек қувонтирди десам тўғри бўлади. Чунки ҳар бир ота-она фарзандини яхши шароитда, яхши муҳитда тарбия топишини, билим олишини истайди. Шу маънода таъбир жоиз бўлса қашқадарёлик ота-оналар, мактабгача таълим фидойилари бўлажак сайловда Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашларига ишончим комил.

Умуман олганда, кейинги беш йилда нафақат мактабгача таълим соҳасида балки, барча соҳаларда ўзгаришлар рўй берди. Буларнинг барчаси Шавкат Мирзиёев номи билан бевосита боғлиқ. Тан олиш керак Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида ҳаётимиз яхши томонга ўзгарди. Эркинроқ, фаровонроқ яшай бошладик.  Масалан, кейинги  беш йил ичида қўшни давлатлар билан дўстона алоқалар йўлга қўйилди, валюта бозори эркинлаштирилди, мажбурий меҳнат тугатилди, университетларга қабул квоталари оширилди, давлат органларининг очиқлиги бўйича янги тизим жорий қилинди, тадбиркорлик муҳити яхшиланди, сўз эркинлиги қарор топди ва инсонлар манфаатлари кўзланган бошқа талай  ўзгаришлар юз берди.

Гарчи ана шундай салмоқли муваффақиятлар қўлга киритилган бўлса-да, номзодимиз уларни том маънодаги Янги Ўзбекистон барпо этиш йўлидаги дастлабки қадамлар деб баҳоламоқда. Ва эришилаётган натижалардан асло қониқмасликка, муваффақиятларга маҳлиё бўлмасликка, мавжуд аҳволни ҳаққоний, ишларни  эса танқидий баҳолашга, доим маррани баланд олишга, ислоҳотларни янги босқичда давом эттиришга даъват қилмоқда.

Имкониятдан фойдаланиб, юртдошларимизни ИНСОН фаровонлиги, эркинлиги, хавфсизлиги ва қадрини ҳамма нарсадан устун деб билган Шавкат Миромонович Мирзиёевга овоз беришга чақираман.

Шахноза Холмахматова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    533
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+