Янгиланиб бораётган Ўзбекистон янги марралар сари қадам ташламоқда

08.11.2021, 11:26

Янгиланиб бораётган Ўзбекистон янги марралар сари қадам ташламоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиши муносабати билан тантанали маросимга бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида сўзлаган нутқи халқимиз, Ватанимиз ҳаётидаги энг ёрқин тарихий воқеалардан бири бўлди, десак муболаға эмас. Айниқса, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси илгари сурилгани бугунги кунда нафақат юртдошларимиз, балки халқаро эксперт ва кузатувчилар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Ушбу стратегия мамлакатимиз ривожланишининг турли соҳаларини ўз ичига олган бўлиб, “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида қурилган. Эътиборли жиҳати, давлатимиз раҳбари эришилган ютуқларни том маънодаги Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дастлабки қадамлар деб баҳоламоқда. Бутун халқимизни доим маррани баланд олишга, ислоҳотларни янада жадалроқ давом эттиришга даъват этмоқда. Шу боис, Янги Ўзбекистон стратегиясида мамлакатимизни кейинги беш йилликдаги тараққиёти қамраб олинди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат бўлиб, унда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар янги поғонага кўтарилиши, адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шарти, миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш устувор вазифалардан бири эканлиги алоҳида таъкидланган. Бугун нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳам бу – Янги Ўзбекистонни қуриш йўлидаги энг тўғри стратегия эканлигини ҳақли равишда эътироф этаётгани боиси ҳам шунда.

Албатта, бугунги кунга келиб ҳар бир давлатнинг иқтисодий қудрати илм-фан ривожи, етук кадрлар билан ўлчаняпти. Қайси соҳа бўлмасин илм-фан асосида ривожлантирилса, мамлакат иқтисодиёти янада тараққий этиб бораверади. Шу жиҳатдан Президентимиз мамлакатимиз миллий иқтисодиётини, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантиришни, мамлакатимиздаги мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмини янада оширишни мақсад қилган.

Ишонч билан айтиш мумкинки, 2030 йилга бориб Ўзбекистон жон бошига ҳисоблаганда, аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин эгаллайди. Бунга, аввало, хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан эришиш кўзда тутиляпти. Бу борада “хом ашёдан – тайёр маҳсулотгача” деган тамойил асосида драйвер соҳаларда кластер тизимини ривожлантириш, иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларига эришиш учун, аввало, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаб, инфляция даражасини белгиланган 5 фоизгача пасайтириш чоралари амалга оширилиши илгари тарихда бўлмаган муҳим воқеликдир.

Шунинг баробарида, бошқа масалаларда ҳам яқин истиқболда хусусий сектор вакилларига енгилликлар, имтиёзлар берилади, ҳар жиҳатдан қулайликлар яратилади. Хусусан, бюджет ва ташқи қарз барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг имкониятларини кенгайтиришга биринчи даражали эътибор қаратилиб, тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш, ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳитини ва зарур инфратузилма яратиш бўйича бошлаган ислоҳотлар қатъий давом эттирилади.

Айниқса, давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш иқтисодиётни ислоҳ этишнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолиши, эркин рақобатга асосланган бозорни яратиш ҳисобидан аҳоли ва тадбиркорлар энергия ресурслари билан кафолатли таъминланиши бундан буён юртимизда фаолият юритаётган минг-минглаб тадбиркорлар давлатнинг эътиборида бўлади, уларни эркин ва самарали фаолият юритишлари учун давлатимиз томонидан барча шароит ва имкониятлар яратиб берилади, деганидир.

Эътибор беринг, Ўзбекистон тарихида тадбиркорлар учун бундай катта имкониятлар ва енгилликлар бўлмаган, улар бу даражада қўллаб-қувватланмаган. Аминманки, тадбиркорлар беқиёс ғамхўрликка жавобан иқтисодиётимизнинг турли жабҳаларида ўзларининг бунёдкорлик ва яратувчанлик, фаоллик ва жўшқинлик хусусиятларини намоён этиб, Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида астойдил, ҳалол хизмат қилади.

Партиямиз учун муҳим бўлган соҳа – тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш, ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳитини ва зарур инфратузилма яратиш бўйича бошлаган ислоҳотлар қатъий давом эттирилиши айтилди. Шу боис, тадбиркорликни ривожлантириш борасида белгиланган долзарб вазифалар ижросини таъминлаш O'zLiDePнинг доимий эътибор марказида бўлади.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва унинг миллионлаб аъзолари, депутатлик корпуси зиммасидаги масъулиятни теран ҳис этган ҳолда инсон қадри ва фаровон ҳаёти учун кейинги беш йилга мўлжалланган улкан ислоҳотларни амалга оширишда бор куч ва имкониятларини сафарбар этади.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    534
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+