Туркий муштаракликка асосланган самарали ҳамкорлик

17.11.2021, 14:36

Туркий муштаракликка асосланган самарали ҳамкорлик

Жорий йил октябрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқимизнинг Шавкат Мирзиёевга бўлган юксак ишончини яққол кўрсатди. Бу -  ҳам ички, ҳам тақши сиёсатдаги  ислоҳотлар билан боғлиқ. Масалан, олиб борилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат, давлатимиз раҳбарининг узоқ-яқиндаги мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари  самарасида, 2017 йилдан буён мустаҳкам сиёсий ва иқтисодий алоқалар йўлга қўйилди, халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва механизмлари  тадбиқ этилди.

Шулардан бири Шавкат Мирзиёевнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммитидаги иштироки бўлди. Унда   савдо, инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, таълим ва маданият соҳаларидаги кўп қиррали муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди ҳамда 10 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди.  Йиғилишда Туркий Кенгаш номининг «Туркий давлатлар ташкилоти» деб ўзгартирилиши ҳамда Ташкилотнинг биринчи саммитини келгуси йилда Ўзбекистонда ўтказилиши муҳим қарорлардан бири бўлди. Туркий Кенгаш номини «Туркий давлатлар ташкилоти» деб ўзгартириш бўйича қарорнинг қабул қилиниши ташкилот фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, унинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини оширишган ҳолда, ҳамкорликни янада ривожлантиришда  мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Саммитда туркий дунё бирдамлигини мустаҳкамлашда катта ҳисса қўшган буюк мутафакир ва давлат арбоби Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис қилиш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилингани Ўзбекистонда, жумладан мамлакат фаоллари ва аҳолисининг юксак эътиборига сазовор бўлди.

Биз, Ўзбекистон  Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясида Туркий давлатлар ташкилотига мамлакатимизни асрлар оша  тил, дўстлик ришталари ва маънавий қадриятлар ўхшашлиги ва якдиллиги  билан бирлаштириб турган  қардош халқлар билан мулоқот ва алоқаларни мустаҳкамлашнинг  самарали майдончалардан бири сифатида қараймиз.

Шу боис, собиқ Туркий Кенгаш, ҳозирги Туркий давлатлар ташкилоти ўзаро ҳамкорлик учун  кенг имконият эшикларини очади. Алоҳида  таъкидлаб ўтамизки,  туркий халқлар  ўртасидаги яқин ришталарга нафақат маданиятлар муштараклиги, тил ва қадриятлар ўхшашлиги, балки шунингдек, йўлга қўйилган савдо алоқалари, ҳамкорлик ва ўзаро ташрифлар билан ҳам асос солинган.

Туркий давлатлар ташкилоти – эндиликда нуфузли халқаро тузилма ҳамдир. Туркий тилли  давлатларда яшовчи аҳоли сони 150 миллион кишидан ошади. Ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳудуди – қарийб 4 миллион квадрат километрни ташкил этади. Умуман олганда, ташкилот ҳам аҳоли сони, ҳам  салоҳияти ва аҳамияти бўйича Евроосиё марказидаги йирик тузилмадир.

Парламент  аъзоларининг фикрича, Туркий давлатлар ташкилоти қардош мамлакатлар ўртасидаги ишонч ва алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, энергетика, сайёҳлик, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бундан ташқари, оғир пандемия давридаги  қийинчиликларга қарамай, ушбу ташкилот доирасида бир-бирига ёрдам кўрсатиш бўйича ўзаро ҳамкорлик  ишлари давом эттирилди.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу саммитдаги  нутқида, авваломбор, ташкилот доирасида савдо алоқалари кенгайиши учун қулай ва жозибадор шароитлар яратиш билан боғлиқ қатор концептуал таклифларни билдирганини алоҳида таъкидлаймиз. Бу учинчи давлатларнинг маҳсулотларини ташкилотга аъзо мамлакатларда ишлаб чиқариш мумкин бўлган товарлар ҳисобидан қоплаш каби долзарб вазифани ҳал қилиш билан боғлиқ. Кейинги вазифа - Хитойдан Европагача мамлакатларимиз ҳудудлари орқали ўтган трансқитъавий транспорт йўлакларини янада ривожлантириш ва янгиларини яратишдир.

Парламент аъзолари шунингдек, давлатимиз раҳбарининг қўшилган қиймат занжирларини яратиш ва рақобатбардошлик тамойилларига асосланган қўшма лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш орқали ишлаб чиқариш кооперациясини кучайтириш бўйича белгилаб берган вазифасини ҳам алоҳида қайд этишади. Шавкат Мирзиёевнинг «Туркий дунё туризми» ва «Табаррук зиёрат» каби сайёҳлик лойиҳаларини амалга оширишга оид  таклифи  барча давлатлар тадбиркорларининг манфаатларига мос келади.

Янги халқаро ташкилот тузиш ҳақидаги қарор ҳақида гапирганда,  куйидаги жиҳатга алоҳида тўхталиш лозим. Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари  қўшма йиғилишидаги  ўз нутқида энг аввало, Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини тобора кучайтириш бундан буён ҳам асосий мақсадимиз бўлишини таъкидлаган эди.

Бу Ўзбекистон минтақамизнинг ажралмас қисми, яқин қўшнимиз бўлган Афғонистонда тинч ва осойишта ҳаётни тиклаш, бу мамлакатда иқтисодий ва гуманитар инқирозга йўл қўймаслик учун афғон халқига қўлдан келган барча ёрдамни кўрсатади, деганидир. Бу шунингдек, Афғонистон билан биргаликда йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш билан ҳам боғлиқдир.

Шавкат Мирзиёев Туркиядаги саммитда ҳам бу мавзуга тўхталиб ўтди. Давлатимиз раҳбари ҳозирги мураккаб вазиятда ушбу мамлакатнинг гуманитар инқирозга тушиб, халқаро майдонда яккаланиб қолишига, унинг террорчилар маконига айланишига йўл қўймаслик ниҳоятда долзарблигини  ва шу боис Афғонистоннинг янги Ҳукумати билан мулоқотларда ёндашувларимиз умумий ва якдил бўлиши лозимлигини қайд этди.

Хулоса ўрнида шуни айтамизки, ҳозирги вақтда дунёда юз бераётган шиддатли жараёнлар, турли таҳдид ва хатарлар, пандемия синовлари, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгариши ва экология билан боғлиқ муаммолар ташкилотга аъзо давлатлар олдига янги долзарб вазифаларни қўймоқда. Шу боис, Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ташкилотидаги иштироки халқимизнинг туб мафаатларига жавоб беради.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    338
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+