Хизматлар соҳасининг жадал ривожланиши иқтисодий салоҳиятимиз юксалишини таъминлайди

17.12.2021, 09:31

Хизматлар соҳасининг жадал ривожланиши иқтисодий салоҳиятимиз юксалишини таъминлайди

Хизмат кўрсатиш соҳаси қанчалик ривожланса, мамлакат ҳар томонлама шунчалик юксалади. Бугунги кунда бу исбот талаб қилинмайдиган ҳолат, жараёндир. Мисол тариқасида пешқадам 20 таликка кирмайдиган ва бу соҳада бор имкониятдан фойдаланмаётган давлатларда ҳам хизмат кўрсатиш соҳасида аҳолининг камида 50 фоизи бандлиги, шунингдек,  ривожланган мамлакатларда хизмат кўрсатишдан олинаётган фойда ялпи ички маҳсулотининг 80-85 фоизини ташкил этишини қайд этиш мумкин. Бинобарин, Президентимизнинг мамлакатимизда сервис соҳасини ривожлантиришга  жуда катта эътибор қаратаётгани алоҳида эътирофга лойиқ.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 14 декабрь куни хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Таъкидланганидек, жорий йилда жами 18 триллион сўмлик 29 мингта лойиҳа амалга оширилиб, хизматлар соҳаси 20 фоизга ўсган. Лекин 5 та туман ва шаҳарда ўсиш суръати кам бўлган. Умуман, жойларда аҳолига хизмат кўрсатиш даражаси пастлигича қолмоқда.

Шу боис йиғилишда хизматлар соҳасини кенг ривожлантириш, фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари бу борада ҳар бир ҳудудга алоҳида ёндашув зарурлигини таъкидлаб, аниқ мисоллар келтирди. Туман ва шаҳарларнинг аҳоли сони, географик жойлашуви, иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, 3 та йўналиш белгиланди.

Дарҳақиқат, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олинган ҳолда иш юритилиши, албатта, салмоқли ижобий натижалар беради. Шу пайтгача жойларда бу борада аниқ методология, кўрсатилаётган хизматлар ҳажми, объектлар сонини аниқлаш ва ҳудудлар салоҳиятини тўғри баҳолаш яхши йўлга қўйилмаган эди. Давлатимиз раҳбари ҳудудларда сервис соҳасини равнақ топтириш бўйича мутасаддилар зиммасига аниқ-равшан вазифаларни юклади, тегишли кўрсатмалар берди.   

Эътиборлиси, мажлисда келгуси йилда хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга 500 миллион доллар ажратилиши белгиланди. Бошқача айтганда, соҳа илгари мисли кўрилмаган даражада қўллаб-қувватланяпти.

Фуқаролар билан мулоқот қилиш мақсадида ҳудудларда бўлганимизда тадбиркорлар томонидан янги хизмат турларини йўлга қўйиш бўйича кўплаб мурожаатлар бўляпти. Биз  партия туман кенгаши, қуйи бўғинларимиз фаоллари билан бирга  аҳолининг хизмат кўрсатиш ва сервисга эҳтиёжини таҳлил этиб, соҳани ривожлантириш бўйича асосли таклифларни илгари суришимиз, ижро ҳокимияти эътиборини соҳадаги муаммоларга қаратишимиз, шунингдек, улар ҳал қилинишига муайян ҳисса қўшишимиз кераклигини теран англаяпмиз.  

Сардор Сувонқулов,

Халқ депутатлари Яшонобод тумани Кенгашидаги

O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси 

  • Кўрилди
    528
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+