Ўзбекистон-Корея муносабатларининг ривожида янги саҳифа очилди

20.12.2021, 17:20

Ўзбекистон-Корея муносабатларининг ривожида янги саҳифа очилди

Жорий йил 16-18 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи Ўзбекистон-Корея муносабатларининг ривожида янги саҳифа очди, унинг натижалари мамлакатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

Биз депутатлик корпуси вакиллари Президентимизнинг ушбу давлат ташрифини унинг доирасида қабул қилинган қарорлар ва эришилган келишувларнинг аҳамиятига кўра, алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада юқори даражага олиб чиқиш учун мустаҳкам пойдевор яратувчи тарихий воқеа деб биламиз.

Корея Республикаси ҳам шундай баҳолайди. Хусусан, мамлакат Президенти Мун Чжэ Ин Корея ва Ўзбекистонни алоҳида стратегик шериклик муносабатлари билан боғланган ҳамкорлар эканини таъкидлаб, “Ўзбекистон билан елкама-елка туриб, глобал иқлим ўзгаришларига қарши туришга, “ақлли” шаҳарлар, смарт-фермалар, АКТ ва электрик автомобиллар ишлаб чиқариш каби истиқболли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр” эканликларини билдирди.

Ўзбекистон парламенти вакиллари глобал иқтисодиётнинг бугунги таҳдидларига тўлиқ жавоб бериш мақсадида Тошкент ва Сеул ўртасидаги узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган амалий шерикликнинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқишнинг вақти келди, деб ҳисоблайдилар. Бу Корея Республикаси Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири эканлиги билан боғлиқ.

Таъкидлаш жоизки, Кореянинг Ўзбекистонга инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошган. Жорий йилда 320 миллион доллар, яъни 2020 йилга нисбатан 20 фоиз кўп ўзлаштирилди. Бу маблағлар ҳисобига кимё, нефть-кимё, тўқимачилик, қурилиш, қишлоқ хўжалигида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Кейинги йилларда товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони қарийб икки баробар ортгани эътиборлидир. Пандемия оқибатларига қарамай, кўп қиррали муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда.

Шу билан бирга, уларни янада ривожланишини рағбатлантириш мақсадида Эркин савдо тўғрисидаги битимни тузишга тайёргарлик жараёнини якунлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу билан товар айирбошлаш кўрсаткичларини ошириш ва мувозанатга келтириш имконияти пайдо бўлади.

Бу мамлакатимизда биргаликда ташкил этилган Тўқимачилик технопарки ва Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги маркази фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантириш ва ривожлантиришга ҳам таллуқлидир.

Биз мамлакатимизда туризм соҳаси, Корея компанияларининг меҳмонхоналар ва инфратузилма объектлари қурилиши билан боғлиқ лойиҳалардаги иштирокини қўллаб-қувватлаймиз.

Шавкат Мирзиёевнинг Кореяга амалга оширган Давлат ташрифи доирасида ўзаро ҳамкорликнинг “яшил” тараққиёт, рақамлаштириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш бўйича илгари сурилган ташаббусларини амалга ошириш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.

Ўзбекистон-Корея муносабатларини ривожлантириш доирасида ўз навбатида, самарали сиёсий мулоқотни амалга оширишда парламентлараро ҳамкорлик, биринчи навбатда, парламентлараро “дўстлик гуруҳлари”нинг ўрни борлигини алоҳида таъкидлаймиз. Улар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни амалий мазмун билан тўлдириб, қонун ижодкорлиги масалалари бўйича тажриба алмашиш, давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти, гендер масалалари, таълим, минтақавий ривожланиш соҳаларига электрон парламент механизмлари, ислоҳотларни жорий қилиш имконини беради.

Корейс диаспораси Ўзбекистонда истиқомат қилишининг 85-йиллиги ҳамда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан тадбирлар ўтказиш Дўстлик гуруҳи фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши бўлиши керак. Бу борада парламент вакиллари 2022 йилни “Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилиш, Тошкентда Корейслар тарихи музейи ҳамда Корейс маданият ва санъат уйи қошида кутубхона ташкил этиш таклифини маъқуллайдилар.

Умуман олганда, Ўзбекистон Президентининг ушбу ташрифи Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама ривожлантиришга янги кучли суръат бағишлаганини алоҳида таъкидлаймиз.

Актам ХАИТОВ,

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши 

Ижроия қўмитаси  раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги партия фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    127
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+