Саноат ярмаркалари ўтказиш тартиби ўзгартирилади

14.03.2022, 10:17

Саноат ярмаркалари ўтказиш тартиби  ўзгартирилади

Мамлакатимизда юқори технологик ишлаб чиқаришларни ривожлантиришнинг яхлит тизимини яратиш ва инвестицияларни фаол жалб этишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, талаб юқори бўлган кенг турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш долзарб масалалардан саналади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 январдаги қарори билан 2022 йилга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини кенгайтириш дастури қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, 2 минг 455 та лойиҳа доирасида қарийб 37 триллион сўмлик янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Президентимиз раислигида саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни янада кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишда ушбу лойиҳалар ижроси танқидий таҳлил қилинди.

Йиғилишда айтиб ўтилганидек, “Электрон кооперация” портали орқали тузилган шартномалар айрим ҳудудларда бажарилмаган. Электрон савдоларда Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Сурхондарё ва Хоразмдаги корхоналар улуши 1 фоизга ҳам бормайди. Кооперация етишмаслиги сабабли юртимизда ишлаб чиқариш мумкин бўлган айрим товарлар импорти ошган.

Шу нуқтаи назардан, бугунги ўзгарувчан шароитда иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашнинг энг самарали йўли албатта, ички имкониятларни ишга солиш, импорт бўлаётган айрим маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва саноатни янада ривожлантиришдир. Чунки бу миллий иқтисодиётимизнинг устувор йўналиши бўлиши лозим.

Йиғилишда бу борадаги муҳим чора-тадбирлар белгиланиб, йирик корхоналар билан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперацияни маҳсулотлар кесимида йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Боиси, Навоий кон-металлургия комбинати хориждан олаётган маҳсулотлар ва уларга техник талаблар ҳақидаги маълумотларни “кооперация портали”га жойлаштиргандан сўнг илгари импорт қилинган 600 миллиард сўмлик маҳсулотларни ҳозир 18 та маҳаллий корхона етказиб бермоқда.

Давлатимиз раҳбари бу тажрибани барча тармоқ ва ҳудудларда йўлга қўйиш, импорт қилинаётган маҳсулотларни ўзлаштиришга тадбиркорларни жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди. Шу мақсадда саноат ярмаркалари ўтказиш тартиби ҳам ўзгартирилади. Энг муҳими, у ерда тайёр маҳсулотга харидор топиш билан бирга, ўзлаштиришга тавсия қилинаётган товарлар бўйича бизнес-режалар ҳам ишлаб чиқилади.

“Ўзэкспомарказ”да доимий ишлайдиган саноат кўргазмаси, вилоят марказлари ва саноат зоналарида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг “шоу-рум”лари ташкил этилиши, шунингдек, янги лойиҳаларнинг маркетинг тадқиқотлари, маҳсулотни хорижда сертификатлаш харажатларининг бир қисми қоплаб берилиши эса айни муддао бўлди.

Жаҳон бозорида рўй бераётган ўзгаришлар атрофлича таҳлил қилинар экан, хомашё олиб келиб, божхона ҳудудида қайта ишлаб, экспорт қиладиган корхоналарга апрелдан бошлаб қатор имтиёз ва енгилликлар берилиши белгиланди. Жумладан, уларнинг лойиҳалари учун техник-иқтисодий асос, маҳсулот сертификати, божхона тўловлари таъминоти талаб этилмайди. Қувонарлиси, уларга рухсатнома бериш муддати 3 баробар қисқаради, олиб келинган дастгоҳлар учун божхона божлари ундирилмайди.

Бир сўз билан айтганда, ҳозирги кунда янги бозорларга кириш учун саноатга халқаро стандартларни кенг жорий қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Зеро, 2019-2021 йилларда тўқимачилик йўналишидаги 2 мингта корхона халқаро сертификат олгани ҳисобига уларнинг экспорти 1,5 баробарга ошган.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати 

  • Кўрилди
    330
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+