Ўзбекистон минтақавий IТ марказига айланади

15.04.2022, 16:02

Ўзбекистон минтақавий IТ марказига айланади

Бугун бирор бир соҳа тараққиётини ахборот технологияларидан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Шу сабаб, тараққиёт стратегисида рақамли иқтисодиётни драйвер соҳага айлантириб, IТ хизматларини 2,5 баробар ошириш ва экспортни 500 миллион долларга етказиш бўйича катта мақсад қўйилган.

14 апрель куни Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда, ахборот технологиялари вазирлигининг фаолияти ва 2022 йилдаги режалари муҳокама қилинар экан, соҳадаги бир қанча ечимини кутиб турган муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мисол учун, ҳудудларнинг оптик толали интернет билан қамраб олиш даражаси паст — 72 фоиз; 118 та олис қишлоқларга алоқа тизими ва интернет умуман етиб бормаган шунингдек, магистрал автомобиль йўлларнинг атиги 38 фоизи мобил интернет билан қамраб олинган ҳудудларда интернет сифати ва тезлиги пастлигича қолмоқда. «Ўзбектелеком»нинг даромадлари ва самарадорлиги бошқа мамлакатлар коммуникация компанияларидан анча паст. Бироқ, соҳада нафақат муаммолар, балки ишга солинмаган имкониятлар ҳам кўп.  

Йиғилишда бу муаммоларни ҳал этиш юзасидан вазирлик ва ташкилотларга бир қатор вазифалар юклади.

Эндиликда вазирлик раҳбарияти ҳар ҳафта туманга, қишлоққа, маҳаллага, корхоналарга бориб, жойлардаги муаммоларни ўрганади ва ҳал этиб боради. ҳар бир вазирлик, идора ва ҳокимларнинг IT’га масъул ўринбосари АКТ вазирига бўйсунади, уларнинг иши ҳар чоракда аниқ натижаларга қараб баҳоланади.

Президентимиз Ўзбекистонни минтақавий IТ марказига айлантириш вазифасини қўйган.  Бунинг учун эса IТ экспортини йил якунига қадар камида 100 миллион долларга етказиш, ички IТ хизматлари ҳажмини йилига камида 50 фоизга ўсишини таъминлаш, жорий йилда қолган 6 та ҳудудда ҳам IТ паркларни тўлиқ ишга тушириш ва малакали кадрлар билан таъминлаш, қолганларида камида 20 тадан компаниялар фаолиятини йўлга қўйиш ва 5 минг нафар ёшларни юқори даромадли иш билан таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Айни пайтда O'zLiDeP Жиззах вилоят Кенгашида белгилаб берилган бу вазифаларни кенг тарғиб қилиш, жойларда ёшларни ахборот технологияларига ўқитишни ташкиллаштириш борасида, партиямиз фаоллари, айниқса, депутатларимиз томонидан амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Дилшод Турсунбоев,

O'zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    566
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+