Барча саъй-ҳаракатлар марказида инсон ва унинг қадри турибди

23.04.2022, 15:05

Барча саъй-ҳаракатлар марказида инсон ва унинг қадри турибди

Ҳар гал Президентимиз Қашқадарё вилоятига ташриф буюрганида воҳа ҳаётида янги саҳифалар очилади. Ушбу ҳудуддан сайланган депутатлардан бири сифатида қашқадарёликларнинг қувончу ташвишлари каминани ҳам бефарқ қолдирмайди. Бугун улардан-да бахтиёр инсонлар топилмаслигига ишончим комил.

Узоқ йиллар давомида нефть-газ тармоғи вилоятимизнинг асосий “ўсиш нуқтаси” сифатида қабул қилинганини кўпчилик жуда яхши билади. Натижада иқтисодиётимизнинг бошқа тармоқлари, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш каби масалалар ривожланишдан ортда қолиб кетган эди.

Ҳар сафар сайловчилар билан учрашиш мақсадида вилоятга борганимизда “Инсон қадри учун” деган халқчил тамойил асосида ўтказилган таҳлиллар натижасида воҳада халқимизнинг яшаш шароитини яхшилашга қаратилган дастур ва лойиҳалар қисқа муддат давомида ўз самарасини кўрсатиб келаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Хусусан, шахсан Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Чироқчи туманининг иккига ажратилгани шу ерда истиқомат қилаётган аҳолини кўп йиллар давомида қийнаб келган оғир муаммодан халос этди. Биламиз, Чироқчи туманининг ҳудуди катта эди. Илгари Чироқчи тумани марказигача 2-3 соатлаб йўл юриларди, бу эса одамларга кўп қийинчилик ва харажатлар туғдирарди.

 Кўкдала туманининг ташкил этилиши бу ерда яшайдиган 182 минг нафар аҳоли учун муносиб турмуш шароити, янги иш ўринлари, янги ижтимоий соҳа объектлари барпо этилишини билдиради.  

Ташриф давомида туман фаоллари билан ўтказилган учрашувда туман аҳолиси учун муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳудудни иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича бошланган ишларни янги босқичга кўтариш, шу мақсадда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилиши алоҳида таъкидланди. Бу ерда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш учун қарийб 2 триллион сўм маблағлар йўналтирилади. Жорий йилда 260 миллиард сўмлик 18 та лойиҳа ишга туширилади.

Айтиш керакки, бу залворли ва ҳаётий ислоҳотлар одамларнинг кайфиятини кўтаради, нафақат кўкдалаликлар, балки бутун воҳа аҳлига беқиёс куч-қувват бағишлайди, десам адашмайман.

Инсон қадри ҳақида гап кетганда, мамлакатимиз хотин-қизларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, эътибор ва эъзоз ҳақида гапириш ўринлидир. Зотан, кейинги йилларда аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мутлақо янги босқичга чиқди. Давлатимиз раҳбарининг қашқадарёлик хотин-қизларни ҳаётий муҳим манфаатларини таъминлаш, турмуш шароитларини ҳар томонлама яхшилаш бўйича берган топшириқлари  аёлларга эътибор ислоҳотлар марказида эканлигини яна бир бор кўрсатди.

Кези келганда таъкидлаш лозим, молиявий мустақил аёллар оиласига ҳам, жамиятга ҳам фойда келтиради. Шу боис хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Аёллар қачон оиласида уй-рўзғор ташвишларидан ортиб, профессионал жиҳатдан ўз ўрнига эга бўлади? Қачонки, фарзандлари ҳар томонлама соғлом ўсаётганига ишончи комил, кўнгли тўқ бўлса.

Қашқадарёда кейинги йилларда мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси ортгани ишлайдиган опа-сингилларимизнинг сафи кенгайиб боришига хизмат қилмоқда. Хусусан, 2017 йилда вилоятда қамров даражаси 17 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йил якунида бу кўрсаткич 50,6 фоизга етган эди. Ўтган йиллар давомида 69 та давлат мактабгача таълим муассасаси таъмирланган. 110 таси давлат-хусусий шериклиги асосида бунёд этилди. 1146 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти ишга туширилди.

Ташрифда хотин-қизлар ўртасида тадбиркорлик ва ишбилармонлик фаолиятини ривожлантиришга, жамиятда аёлларнинг ўрнини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келаётган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатларни ҳам қувонтирадиган бир қатор ташаббус ва янгиликлар қайд этилди.

Хусусан, 8,5 минг нафар хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун 83 миллиард сўм имтиёзли кредитлар йўналтирилиши белгиланди. Вилоятда 500 нафар эҳтиёжманд аёлларга уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар бериладиган бўлди. Ижарада яшаётган 785 нафар аёлларга компенсация ажратилиб, 112 нафар муҳтож ва уй-жойсиз ёлғиз аёллар ижтимоий уйларга жойлаштирилади. 4 минг 700 нафар ёлғиз ва муҳтож аёлларнинг фарзандлари учун давлат боғчалари тўлови бюджетдан қоплаб берилиши белгиланди. Янги ўқув йилидан 12 минг 410 нафар талаба қизларга контракт тўлови учун фоизсиз кредитлар бериш бошланади. Янги ўқув йилидан бошлаб, магистратурада контракт асосида ўқиётган 702 нафар талаба қизларнинг контракт пуллари бюджетдан тўлаб берилишидан юртимизда аёллар қай даражада эъзозланаётганини ҳис этиш қийин эмас.

Айтиш керакки, бу ишлар халқимиз билан бамаслаҳат ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар босқичма-босқич амалга ошаётганидан далолатдир. Бинобарин, Тараққиёт стратегиясининг биринчи йўналиши – эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадр-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни янги поғонага кўтаришга йўналтирилган вазифалардан иборатдир.

Албатта, Тараққиёт стратегияси асосида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иққтисодий ривожлантиришга қаратилган янги ва устувор вазифаларни амалга оширишда халқ вакиллари бўлган депутатлар алоҳида ўрин тутади. Шундай экан, биз депутатлар ташриф давомида белгиланган вазифаларни тез ва сифатли ҳаётга татбиқ этиш, умуман олганда, уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтиришда ҳар доимгиданда фаол бўламиз.

Шаҳноза Холмаҳматова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси аъзоси 

  • Кўрилди
    261
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+