Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун бизда имконият ҳам шарт-шароит ҳам етарли...

02.06.2022, 16:35

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун бизда имконият ҳам шарт-шароит ҳам етарли...

Дунёда озиқ-овқат нархи ошиши ва танқислиги кузатилаётган бугунги шароитда Ўзбекистонда ҳам нарх-наво бироз кўтарилиши мумкин, лекин тақчиллик ёки маҳсулот етишмаслиги ҳолати кузатилмайди. Чунки Ўзбекистон озиқ-овқат захираси мўл мамлакатлар сирасига киради. Шундай   бўлса-да, хотиржамликка берилмаслигимиз лозим.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 31 май куни аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш чора тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу ҳақда фикр юритилди. Асосан, жаҳон бозорларида буғдой нархи 50 фоизга, ўсимлик ёғи 33 фоизга, шакар 14 фоизга, нефть 47 фоизга ошганлиги, албатта, бу юртимиздаги нарх-навога ҳам таъсир кўрсатаётгани айтилди. Биргина май ойининг ўзида Қашқадарё ва Наманган вилоятларида картошка, ун, шакар нархи кўтарилгани қайд этилиб, асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, жумладан, паррандачилик ва чорвачиликни қўллаб-қувватлаш масалалари кенг муҳокама этилди.

Бу жиҳатдан олганда, арзон, тўйимли ва тез етиштириладиган маҳсулотлар - бу парранда гўшти ва тухумдир. Лекин, кўп вилоятларда парранда гўшти аҳоли талабига мос ҳолда етказиб берилмаяпти. Бу йўналишда 50 дан зиёд йирик корхона ярим қувватда ишлаяпти.  Уларни озуқа, жумладан, буғдой билан таъминлашда қийинчиликлар юзага келмоқда.

Масалани ҳал этиш учун аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, 1 июндан бошлаб паррандачилик хўжаликларига буғдой сотиб олиш учун 400 миллиард сўм “револьвер” кредит ажратилади. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси орқали кредит гаровининг 50 фоизига кафиллик берилади ва 17 фоизидан ошган қисми компенсация қилинади. Шунингдек, паррандачилик хўжаликларига айланма маблағ учун бериладиган кредит муддатини узайтириш таклифи билдирилди.

Жорий йил 8 февралда “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, чорвачилик хўжаликларига гўштнинг ҳар бир килограмми учун тўланадиган субсидия 2 минг сўмдан 4 минг сўмга, сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўмдан 400 сўмга оширилди. Хориждан олиб келинадиган қишлоқ хўжалиги техникаси барча тўловлардан озод этилди. Соҳага 170 миллион доллар имтиёзли кредит линиялари очилди. 200 минг гектардан зиёд пахта ва ғалла майдонларига озуқабоп экинларни алмашлаб экиш белгиланди.

Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Хусусан, гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, мева, ўсимлик ёғи каби 22 турдаги озиқ-овқат жорий йил 1 майгача божхона божларидан озод қилинган эди. Энди бу муддат 2023 йил 1 январга қадар узайтирилди. Шунингдек, озиқ-овқатни импорт қилишда божларни оширилган ставкада қўллаш тўхтатиб турилади. Давлат харидларида озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш бўйича чекловлар вақтинча бекор қилинади.

Йиғилишда билдирилган фикрлардан шундай хулосага келиш мумкинки, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун имкониятлар етарли. Давлатимиз томонидан етиштирилаётган маҳсулотга субсидиялар бериш, имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда соҳани қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилётгани озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Яна бир гап: “Бу маҳсулот нархи ошди”, “Бозорда нарх-наво кўтарилиб кетди” каби воҳимали гапларни айтиб, халқнинг кайфиятини туширгандан кўра, бу хавф-хатарнинг олдини олишда ҳар бир киши ўзининг ҳиссасини қўшиши лозим. Нарх-навонинг ошиши бу вақтинчалик жараён эканини, мамлакатимиз катта захирага эга давлатлар қаторига киришини одамларга тушунтириш ҳам бу хавфни олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, дунё миқёсида давом этаётган глобал иқтисодий инқирознинг олдини олишда ҳар бир киши ўзини масъул санаши лозим.

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    958
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+