Кўп қиррали Ўзбекистон - Туркманистон муносабатлари бугун янгича суръатда давом этмоқда

15.07.2022, 17:20

Кўп қиррали Ўзбекистон - Туркманистон муносабатлари бугун янгича суръатда давом этмоқда

Ўзбекларда ҳам, туркманларда ҳам “қўшнининг ҳақи” деган улуғ бир тушунча мавжуд. Бу – топган тутганининг бир қисмини қўшнига улашиш, яқин муносабатда бўлиш, ҳол-аҳвол сўраш, яхши-ёмон кунларида бир-бирини қўллаш каби азалий қадриятлар моҳиятини англатади. Бинобарин, ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги дўстлик ва биродарлик узоқ тарихга бориб тақалади. Алишер Навоиий ва Маҳтумқули каби улуғ шоирлар мадҳ этган бу дўстлик ришталари бугун ҳам жуда мустаҳкам эканига шак-шубҳа йўқ.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳаммедовнинг расмий ташриф билан юртимизга келиши ана шу гўзал қадриятларимиз гултожи бўлмиш яқин қўшничилик анъаналарига янгича суръат ва сифат бахш этди.  Учрашувда Ўзбекистон етакчиси Туркманистон Президентининг ташрифи халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлашга асосланган биродарлик ришталари тарихида муҳим босқич эканини таъкидлаб, Туркманистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ўзгармас устувор йўналиши эканини қайд этди.

Бу ташриф қатор истиқболли йўналишлар бўйича, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, товар айирбошлашни кўпайтириш, чегараолди савдо зонасини ташкил этиш, қўшма лойиҳа офисини очиш юзасидан қабул қилинган қарорлар музокараларнинг муҳим натижаси бўлди. Автомобилсозлик, кимё, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалигида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди. Шу мақсадда ўрта муддатли Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастури қабул қилинди.

Шуни мамнуният билан эътироф этишни истар эдимки, давлат раҳбарлари кенг кўламли стратегик шерикликни ривожлантириш ва кенгайтириш, уни сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитиш, биродар мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ва равнақи йўлида аниқ ва самарали натижаларга эришишга қатъий интилдилар ва бу ўзининг ижобий самараларини берди. Зотан, икки давлат ва икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари янада мустаҳкамланди, янгича бир мазмун-моҳият касб этди. Энг муҳими эса бу ҳамкорлик ҳамда стратегик шериклик ўзбек-туркман халқларининг истиқболига хизмат қилади.

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик  палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    330
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+