Ўзбекистон раислиги даврида ШҲТ нуфузи янада юксалиб, таъсири кучайди

15.08.2022, 10:59

Ўзбекистон раислиги даврида ШҲТ нуфузи янада юксалиб, таъсири кучайди

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ташкил этилганидан буён  ўтган давр мобайнида терроризм, экстремизм,  сепаратизм,  гиёҳванд  моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашда амалий ҳамкорликни  самарали йўлга қўйган тўлақонли минтақавий тузилмага айланди. Тошкент шаҳрида жойлашган ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитасининг  муваффақиятли фаолияти Ташкилотнинг  муҳим иш услубларидан бири ҳисобланади.   

Шу билан бирга ШҲТ  фақат хавфсизлик  соҳасидаги ишлар билан чекланиб қолмаяпти, унинг фаолият доираси анча  кенг. Ташкилотнинг Шанхай декларацияси ва Хартияси каби  асосий  таъсис ҳужжатлари уни  сиёсий, иқтисодий,  маданий, гуманитар ва бошқа соҳаларга  йўналтирилган  ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида илгарилаётган тузилма сифатида белгилайди. Бу омил ШҲТ ни  таъсис этувчи давлатлар  Ташкилотни янги турдаги универсал кун тартибига эга  минтақавий янги турдаги тузилма сифатида англаётганликларини кўрсатади.

ШҲТнинг универсаллиги ўзаро ишонч, ўзаро манфаатдорликка асосланган муносабатлар, тенглик, ўзаро маслаҳатлашув,  маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш, умумий тараққиётга интилиш каби  тамойилларни ўз ичига олган “шанхай руҳи” концепциясининг чуқур моҳияти билан изоҳланади. Шуни ҳам қайд этиш зарурки, Ташкилотга аъзо давлатлар сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий қудратидан қатъи назар,  барчаси тенг ҳуқуқлидир.  ШҲТ доирасидаги барча қарорларни консенсус асосида  қабул қилиш ана  тамойилнинг ҳаётга татбиқ этилишига хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида Ташкилотга аъзо барча давлатларга тузилма   фаолиятининг устувор йўналишларини белгилашда фаол иштирок этиш имконини беради. ШҲТ  доирасида  иқтисодий  ҳамкорлик масалаларига ҳам устувор аҳамият бериляпти.  

Ташкилот ҳаётидаги  сўнгги муҳим воқеалардан бири,  шубҳасиз, унинг 2017 йилда Осиёнинг икки йирик  мамлакати – Ҳиндистон ва  Покистон ҳисобига янада кенгайиши бўлди.  Эндиликда ШҲТ йирик трансминтақавий ташкилотлардан бирига айланди. Масалан, ХХР (Хитой Халқ Республикаси), РФ (Россия Федерацияси), Ҳиндистон ва Покистон ядровий давлат  мақомига эга, шунинг баробарида Россия ва Хитой БМТ  Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоларидир. ШҲТ мамлакатларида дунё  аҳолисининг қарийб ярми  истиқомат қилади,  аъзо давлатлар умумий майдони Евроосиё ҳудудининг 60 фоизини эгаллайди. ШҲТ  давлатлари ялпи ички маҳсулотининг ҳажми  дунё ЯИМ нинг қарийб 23 фоизини ташкил этади.

Бугунги кунда дунёда юз бераётган ўзгаришлар,  мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликнинг сусайиб бориши  ШҲТ олдига янги вазифаларни қўймоқда. Ўзбекистон ШҲТ таъсисчиларидан бири  сифатида  барча мамлакатларнинг  ҳаётий  хоҳиш-истакларига мос келувчи истиқболли йўналишларда  амалий ҳамкорликни ривожлантириш орқали бу ташкилот салоҳиятини  тўлиқ рўёбга чиқарилишидан   манфаатдор.  Шу боис ШҲТ билан муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим  йўналиши бўлиб қолмоқда.

ШҲТ Ўзбекистон учун биринчи навбатда мазкур ташкилотнинг географик  ўқи  бўлиб қолаётган Марказий Осиёда барқарорлик ва  кенг ҳамкорликни таъминловчи муҳим, ўзида кўп йўналишларни жамлаган майдон ҳисобланади.

Ташкилотнинг  минтақавий масалаларга эътиборини, шунингдек, Афғонистон Ислом Республикасининг минтақавий жараёнларда янада  фаол иштирок этиши  шароитида ШҲТнинг афғон муаммосига эътибори кучайиши муҳимлигида ҳам кўриш мумкин.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ШҲТга муваффақиятли раислик қилиб келмоқда. Анъанавий ҳамкорлик  ва логистика  занжирларига путур етиши,  озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги соҳасидаги вазиятнинг кескинлашуви,  инфляциянинг тез суръатда ўсиши, дунёдаги аксарият мамлакатларда  ижтимоий-иқтисодий  вазиятнинг ёмонлашуви, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга шай туриш  учун  самарали мувофиқлаштириш ва яқин кўп қиррали ҳамкорлик заруратини  кучайтирмоқда.

Турли мамлакатларнинг ШҲТ ва у билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиши ортиб бораётгани бежиз эмас. Бугунги кунда ўндан ортиқ давлатнинг Ташкилот фаолиятида у ёки бу мақомда иштирок этиш тўғрисидаги аризалари кўриб чиқилмоқда. Буларнинг барчаси ШҲТ сиёсий, иқтисодий ва илмий-интеллектуал  салоҳияти жиҳатидан кучли уюшмалардан бирига айланаётганидан дарак беради.

Ўзбекистон ШҲТ га раислиги даврида 70 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди,  Самарқанд  саммити якунида  қабул қилиниши режалаштирилган 28 та ҳужжатни мувофиқлаштириш ишлари якунланди. Минтақалараро  савдо, саноат кооперацияси ва транспорт боғлиқлигини кучайтириш концепциялари ва дастурлари шулар жумласидандир. Шунингдек, “яшил” иқтисодиёт, инновациялар, рақамли технологиялар, логистика, қишлоқ хўжалиги,  соғлиқни сақлаш ва бошқа йўналишларда ҳам  қўшма лойиҳалар ва тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Шу кунгача ШҲТ га аъзо барча давлатларнинг раҳбарлари 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган мазкур ташкилот саммитида  иштирок этишларини тасдиқладилар. Учрашувда ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи давлатларнинг етакчилари,  ҳамкор ташкилотлар – БМТ, МДҲ, ЖҲШТ, ЕОИИ ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этади. Самарқандда бўлиб ўтадиган саммитда Эрон  ШҲТ аъзолигига кириши ва Эроннинг ШҲТ  аъзоси сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланиши  кутилмоқда. Шунингдек, Белоруссия ҳам ШҲТ га қўшилиш тўғрисида ариза берган ва сентябрда бўлиб ўтадиган саммитда ушбу мамлакатни тузилмага қабул қилиш тартиби бошланади.

Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити  Ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик ҳамда унинг Марказий Осиё географик ядроси мақомини сақлаб қолиш, янги таҳдидларга қарши курашиш салоҳиятини кучайтириш, трансчегаравий лойиҳаларни илгари суриш ва Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга фаолроқ жалб этиш каби масалаларни атрофлича муҳокама қилиш имконини беради. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг  мамлакатлар ва халқлар манфаатлари йўлида ШҲТ доирасида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари, кенг кўламли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилишидан далолатдир.  

Азамат Сеитов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

сектори мудири, социология фанлари доктори.

  • Кўрилди
    357
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+