Энди тадбиркор муаммолар ҳақида эмас, муваффақиятлар ҳақида ўйлайди

23.08.2022, 17:02

Энди тадбиркор муаммолар ҳақида эмас, муваффақиятлар ҳақида ўйлайди

Ўзи тадбиркорга ҳеч қачон осон бўлмаган. Ахир улар йўқ жойдан мўъжиза яратишади. Элга наф келтириш, юртни ривожлантириш, мамлакат довруғини дунёга ёйиш учун тиним билмайди. Эл-улусга камарбаста бўлган шундай фидойи кишилар меҳнати қадрланмаган, ўзлари муаммолар гирдобига қолган йиллар ҳам бўлди. Мана бугун уларнинг елкасига офтоб тегди. Энди улар муаммолар ҳақида эмас муваффақиятлар ҳақида ўйлайди.

Бундан роппа-роса бир йил олдин 20 август куни давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларни бевосита тинглаганида, кўплаб муаммолар, ҳал этилмаган масалалар аниқланган эди. Ўтган йилги очиқ мулоқотда тадбиркорлардан тушган минглаб мурожаатларда кўтарилган муаммолар бўйича дастур, 70 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бизнесни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун 130 триллион сўм кредит, 3,5 триллион сўмлик субсидия ва компенсациялар ажратилди.

Ўтган йили хорижий валютада кредит олган ва валюта курсининг мунтазам ўсиши сабабли қийин аҳволга тушиб қолган юзлаб тадбиркорларга 123 миллион долларга тенг кредитлари миллий валютага ўтказиб берилди. Шунинг ҳисобига мамлакатимизда экспорт қилувчи корхоналар сони 7,5 мингтага етди, умумий экспорт ҳажми 30 фоиз кўпайди. Мана шу натижалар ўтган йилги очиқ мулоқотнинг ёрқин самаралари, десак сира муболаға бўлмайди.

Куни кеча Президентимизнинг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқоти бу борадаги ишларни янада изчил давом эттирилаётганини кўрсатмоқда. Мулоқотдан мулоқотгача ўтган даврда тадбиркорлардан тушган мурожаатлар асосида улар эндиликда тоифаларга ажратилиши, қўшимча қиймат солиғи 12 фоизга туширилиши, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишда аниқ тизим жорий этилиши каби кўплаб масалалар ҳал этиладиган бўлди.

Айтмоқчиманки, мамлакатимизда бошқа давлатларда учрамайдиган очиқ мулоқот тизими жорий этилгани тадбиркорликни янада жадал ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Тадбиркорлик соҳаси вакиллари сафи кенгайиб, улар мамлакатимиз тараққиёти ва равнақи йўлида астойдил хизмат қилмоқдалар. Зотан, тадбиркори, ишбилармони фидойи элда тараққиёт бўлади.

 Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    301
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+