Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш ўз қўлимизда

06.09.2022, 17:55

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш ўз қўлимизда

Бозорларимизнинг тўкинлиги, савдо дўконларимиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан сероблиги ҳар биримизни қувонтиради. Бу яхши. Аммо кутилмаганда у ёки бу маҳсулотнинг нархи кўтарилиб кетаётгани эса кишида ташвиш уйғотади. Бунинг сабаблари нимада? Нега нархлар дам-бадам кўтарилиб, тушиб турибди?

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида худди шу масала — озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш ва захирасини яратиш масалалари муҳокама қилинди. Унда таъкидландики, иқлим кескин ўзгараётгани, бир қатор давлатларда қурғоқчилик рўй бергани оқибатида дунёда озиқ-овқат танқислиги юзага келмоқда. Бундай шароитда ҳар бир вилоят ва туманларда ички имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда иш олиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда айтилдики, бу йил 80 минг гектар майдон пахта ва ғалладан қисқартирилиб, аҳолига бўлиб берилди. Бу ишларни давом эттириш мақсадида халқимиз ризқ-рўзи учун яна 20 минг гектар ер ажратиш бўйича Президент қарори қабул қилинди. Келгуси йилда яна қўшимча 100 минг гектар экин майдони аҳолига танлов асосида берилади. Шу ҳисобидан қўшимча 1 миллион 200 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади.

Давлатимиз раҳбари баъзи вилоятлардаги аҳвол бугунги кун талабига жавоб бермаслигини айтиб, мамлакатимизда картошкага бўлган йиллик эҳтиёж 3 миллион 400 минг тоннани ташкил қилишини, шундан 20-25 фоизи импорт ҳисобидан қопланётганини билдирди. Хусусан, Қорақалпоғистонга йилига қўшимча 100 минг тоннага яқин, Навоий вилоятига 45 минг тонна, Жиззах вилоятига 35 минг тонна картошка етишмаслиги раҳбарларни ташвишлантириши лозимлигини уқтирди.

Шу ўринда алоҳида айтиб ўтиш лозимки, ички бозорда 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти импортга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Шу боис Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳокимликлар билан бирга ушбу маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар тайёрлаш вазифаси қўйилди. Сабзавот, дуккакли ва мойли экинлар бўйича уруғлик, ўғит, ёқилғи, ўсимликлар ҳимояси ҳамда айланма маблағ учун 150 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш йўлга қўйилиши белгиланди. Бу маблағларнинг ярмини нақд пулда ажратишга ҳам рухсат берилади. Бунинг учун қўшимча 300 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Мева-сабзавотчиликни кредитлаш бўйича ҳам янги тизим жорий қилинади. Энди картошка, сабзавот, ёғ-мой экинлари экадиган кластер ва деҳқонларга ҳосилни суғурталаш харажатининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилиши айтилди. Шунингдек, томорқачиликни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди. Кўчма музлаткичлар учун ер майдонларини ижарага бериш муддатларини узайтириш, аҳолига ўсимликларни ҳимоя қилишда кўмаклашиш зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорларда нархлар барқарорлигини йўлга қўйиш ҳамда бу борада фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқачилар имкониятларини кенгайтириш юзасидан олиб бораётган сиёсати мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва пировардида юртда тўкинчиликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    285
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+