Президент ташрифи Тошкент вилояти аҳли қувончига сабаб бўлди

27.09.2022, 15:28

Президент ташрифи Тошкент вилояти аҳли қувончига сабаб бўлди

Уй-жой билан таъминлаш масаласи 2022 йил бошида аҳолиси сони қарийб 3 миллионга етган Тошкент вилоятининг оғриқли нуқталаридан бири эди.

Нурафшон шаҳри вилоят маркази этиб белгиланганидан кейин бу ер катта қурилиш майдонига айланди. Кун сайин баланд бинолар бўй чўзиб борди. Аммо, биламизким, демографик кўрсаткичлар ўсиши билан аҳолининг уй-жойга эҳтиёжи ҳам ортиб боради. Тан олиб айтиш керакки, бугун вилоятда барпо этилаётган кўп қаватли турар жой бинолари аҳоли эҳтиёжини қоплаш даражасида етарли эмас эди. 

Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши сессиясида иштирок этган дамлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Бекобод, Оҳангарон, Нурафшон ва Янгийўл шаҳарларида 19 та авария ҳолатидаги кўп қаватли уйларда яшовчиларни замонавий уй-жой билан таъминлаш кераклигини таъкидлади ва келгуси йилга эҳтиёжманд аҳоли уй-жой ипотекаси учун 100 миллиард сўм субсидия ажратиш бўйича масъулларга топшириқ берди.

Вилоятдаги ҳар бир фуқарога бир марта янги қурилган хонадонни имтиёзли ипотекага олиш имкониятини бериш кераклиги, келгуси йилдан “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастурини Тошкент вилоятидан бошлаш таклиф қилинганининг ўзи ҳам давлатимиз раҳбари олиб бораётган сиёсат нақадар халқпарвар эканидан далолат берди.

Тошкент вилоятидан бошланган “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастури ўзини оқлаб, бутун республика бўйлаб кенг қулоч ёйиб, халқимизнинг муносиб турмуш кечиришига хизмат қилувчи хайрли ислоҳот бўлгани билан ҳақли равишда тарих зарварақларида қолиши шубҳасиз.

Зангиота туманида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви ҳам халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти намунаси бўлиши муқаррар.

Уй-жой билан таъминлаш борасида давлатимиз раҳбари томонидан берилган ушбу таклиф ва топшириқлар халқимиз ва кенг жамоатчилик томонидан катта хурсандчилик билан қарши олинди.

Зеро, аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш ўнлаб ижтимоий муаммоларни ҳал қилади.

Бугун вилоят ижтимоий тармоқларини кузатиб турган аҳоли вакиллари уй-жой масаласи борасидаги ушбу хайрли ташаббусни кенг қўллаб-қувватлаётгани, буни улкан қувонч билан ўзаро бўлишаётганинг ўзи ҳам уларнинг мамлакатда олиб борилаётган сиёсатдан мамнун эканликларини ифодалайди. Ҳаётдан рози бўлиб яшаётганидан далолат беради.

Сессияда кўтарилган мазкур ҳаётбахш масала бутун вилоят аҳли қувончига сабаб бўлди.

Келгуси йилдан бошлаб амалга ошириладиган ушбу дастурни рўёбга чиқаришда республикамизнинг энг йирик саноат зонаси бўлган Тошкент вилоятининг имконияти юқори.

Тўлқинжон Файзиев,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги

партия депутатлик гуруҳи раҳбари

  • Кўрилди
    372
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+