Венгрия Европадаги энг яқин ҳамкоримизга айланади

05.10.2022, 15:53

Венгрия Европадаги энг яқин ҳамкоримизга айланади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга расмий ташрифи ва Будапешт шаҳрида Венгрия Президенти Каталин Новак билан самимий учрашуви икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик алоқаларини янада мустаҳкамланиб бораётганидан далолат бермоқда. Қувонарли томони шундаки, Ўзбекистоннинг яқин ва узоқ давлатлар билан барча соҳаларда дўстона алоқалари мустаҳкамланиб боряпти. Венгрия – Европанинг энг тез ўсиб бораётган иқтисодиётларидан бири, қишлоқ хўжалиги, савдо, туризм, молия ва ахборот технологиялари соҳаларида улкан салоҳиятга эга давлат.

Президентлар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани, сиёсий мулоқот чуқурлашиб, ўзаро кўмак давом эттирилаётгани, парламентлараро ва жамоатчилик алоқалари кенгайиб бораётгани мамнуният билан эътироф этилди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол мулоқотни ва ўзаро кўмакни давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон етакчисининг хорижий ташрифлари давомида ишбилармонлар билан очиқ учрашувлар ўтказиш ўзгармас анъанага айланган. Бундай тадбирлар бевосита алоқаларни йўлга қўйиш, мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий муваффақиятларини илгари суриш, чет эл сармоядорларини ўзаро манфаатли лойиҳаларга жалб қилишга хизмат қилади. Шу маънода, Шавкат Мирзиёев Будапешт шаҳрида Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Учрашувда фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, электроника ва электротехника, кимё, тўқимачилик, чарм тармоқлари ва автомобилсозлик каби соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларини тубдан такомиллаштириш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Қувонарли томони шундаки, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Охирги 5 йилда товар айирбошлаш 3 баробар кўпайди. Қўшма корхоналар ва инвестициялар ҳажми ошмоқда.

Қизғин ва самимий ўтган мулоқотларда фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, электроника ва электротехника, кимё, тўқимачилик, чарм тармоқлари ва автомобилсозлик каби соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Хулосалар шундан иборатки, Ўзбекистоннинг ривожланган ва иқтисодиётда улкан натижаларга эришаётган давлатлар билан иқтисодий ҳамкорлигини халқимиз мамнуният билан қўллаб-қувватлайди. Чунки биз қанча кўп давлатлар билан дўст бўлсак, стратегик шерик бўлсак ва барча соҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйилса, фаровонлигимиз шунча юксалади, мамлакатимиз истиқболи порлоқ бўлади. Шу жиҳатдан олганда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга расмий ташрифи ва бу давлат билан иқтисодий ҳамкорлигини биз қўллаб-қувватлаймиз.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.

  • Кўрилди
    316
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+