Ўзбекистон-Туркманистон стратегик муносабатларида янги давр бошланди

21.10.2022, 17:35

Ўзбекистон-Туркманистон стратегик муносабатларида янги давр бошланди

Икки қардош халқнинг бир-бирига яқинлиги ва азалий дўстлиги уларнинг тили, дини, урф-одатлари ва қадриятлари ўхшашлиги билан ифодаланса, иккинчи томондан маданий, маънавий ва маърифий жиҳатдан ўзаро ҳамжиҳат ва ҳамкор халқлар эканлиги билан ҳам тақсинга сазавордир. Бинобарин, Алишер Навоий ва Махтумқули каби улуғ шоирлар ўртасидаги азалий дўстлик ва назмий боғлиқлик бугунги кунда ҳам давом этиб келяпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга икки кунлик расмий ташрифи ва унда икки давлат ўртасида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг кенгайтириш йўлида олиб борилган музокоралар азалий қардошлигимизнинг бардавомлигига хизмат қилмоқда. Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик муносабатларда янги давр бошланди. Буни  икки мамлакат Чегараолди савдо зонаси ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш бўйича иш бошлангани мисолида яққол кузатиш мумкин.

Айтиш жоизки, икки давлат етакчилари кооперация лойиҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратгани, саноат, энергетика, кимё тармоғи ва қишлоқ хўжалиги каби устувор тармоқларда янги лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш борасидаги ишларни кучайтиришга келишиб олишгани ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлаб турибди.

Транспорт соҳаси - ҳамкорликнинг стратегик йўналишларидан бири экани бизга яхши маълум. Шу маънода давлат раҳбарлари “Шарқ - Ғарб” ва “Шимол - Жануб” йўналишларида, шу жумладан Туркманбоши порти имкониятларидан фойдаланган ҳолда транспорт йўлакларини фаол ривожлантиришга аҳдлашгани ҳам муҳим қарорлардан бири бўлди.

Мамлакатларимиз сув соҳасида юксак даражада ҳамкорлик қилаётгани бугунги глобал инқироз шароитда жуда оқилона саъй-ҳаракат ҳисобланади. Тошкентда имзоланган Амударё бўйича битимни кенг кўламда амалга оширилаётгани сўзимизни тасдиқлаб турибди.

Бир сўз билан ифодалаганда ўзбек-туркман муносабатларининг юқори даражага кўтарилаётгани, кўпқиррали шериклик соҳасида муайян натижаларга эришилаётганини иккала давлат халқлари ҳам мануният билан қабул қилмоқда. Чунки, давлатларнинг ҳамкорлиги халқларнинг бирлашишига, ҳамжиҳатлик эса улкан муваффақиятларга пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Ҳазратқул Хўжамқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    368
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+