Иссиқхона хўжаликларини ривожлантиришнинг янги механизми жорий этилмоқда

07.11.2022, 11:55

Иссиқхона хўжаликларини ривожлантиришнинг янги механизми жорий этилмоқда

Бозорларимизни йил бўйи сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан тўкин қилишда иссиқхоналарнинг аҳамияти беқиёс. Айниқса, аёзли куз ва қирчиллама қиш пайтида витаминга бой, янги узилган сабзавотларни танаввул қилишга не етсин. Бундан ташқари иссиқхоналар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга. Аммо тан олиш керак, иссиқхона хўжалигини жадал ривожлантириш ва самарали фойдаланишда юзага келаётган талай муаммолар мавжуд. Қиш пайтида иссиқхоналарни иситишда газ таъминотида номутоносибликлар юзага келмоқда.

Мазкур ўткир муаммоларни бартараф этиш ҳамда иссиқхона хўжаликларини ривожлантиришнинг янги механизмларини яратишда Президентимиз томонидан жорий йилнинг 2 ноябрида қабул қилинган  “Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим ўрин эгаллаши табиий.  

Чунки мазкур қарорда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналарнинг иқтисодий жиҳатдан самарали ишлаши учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, мазкур соҳада банд бўлган аҳоли даромадларини оширишни қўшимча рағбатлантириш масалаларига эътибор қаратилган. Хусусан, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги томонидан иссиқхона хўжаликларига уруғ, кўчат, минерал ўғит ва бошқа моддий ресурсларни етказиб бериш ва етиштирилган маҳсулотни улардан харид қилиш белгиланган.

Бундан ташқари масъул вазирликлар ва вилоятлар ҳокимликлари таклифига кўра, халқаро молия институтлари, мақсадли жамғармалар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналар учун ажратилган миллий ва хорижий валютадаги кредитларни қайтариш муддатларини умумий ҳисобда 14 йил этиб белгилаш ва имтиёзли даврини 3 йилдан 5 йилгача узайтириш қайд этилгани муҳим янгилик ҳисобланади. Бунда, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан аввал тақдим қилинган кафиллик ва кредит фоизлари компенсациялари сақланиб қолиниши ҳам жуда кўнгилдаги иш бўлди.

Яна бир қулайлик шундан иборатки, иссиқхона хўжаликларини айланма маблағ билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан бир йил муддатга олти ойлик имтиёзли давр билан кредит ажратиш белгиланди.

Бугун иссиқхона хўжалиги раҳбарларини қийнаб келаётган ўткир муаммолардан бирига ҳам шу қарорда ечим топиш мумкин. Яъни иссиқхона хўжаликларига табиий газ бўйича тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун пеня суммаси 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 1 апрелгача, истисно тариқасида, ҳисобланмайди. Шунингдек, қарорда иссиқхона хўжаликлари учун тижорат банкларига кредит ва уларнинг фоизини қайтариш муддати қатъий равишда маҳсулотнинг пишиб-етилиши даврига мослаштирилиши белгилангани ҳам қўшимча имтиёзлар яратади.

Модомики, гап иссиқхоналар ҳақида кетар экан, юртимиздаги барча иссиқхоналар ишлаб турса ва унда қишин-ёзин сархил маҳсулотлар етиштирилса, бу мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш ҳамда янги иш ўринлари очишда муҳим аҳамият касб этади. Шундай экан, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган мазкур қарор орқали иссиқхона хўжаликларини ривожлантиришнинг янги механизмни жорий этишда биз депутатлар ҳам бош-қош бўлишимиз лозим. Зотан, элу юрт маъмурчилиги ва мамлакат истиқболини яратишда ҳар биримиз масъулмиз.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    42
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+