Ўзбекистон Франция муносабатларида янги давр бошланди

23.11.2022, 11:53

Ўзбекистон Франция муносабатларида янги давр бошланди

Мамлакатимизда ҳам ички, ҳам ташқи соҳада оқилона сиёсат олиб борилмоқда. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг мамлакатимизда ўтказилган саммити ва дўстона учрашувлари бунга яққол мисол бўла олади.

Марказий Осиё ва дунёнинг бошқа мамлакатлари билан, хусусан, Европа Иттифоқи билан ўзаро муносабатларнинг илиқлашиб бораётгани эса Ўзбекистоннинг дунё миқёсида очиқ ва одилона сиёсат юритаётганинг ёрқин самараларидир.

Яқинда давлатимиз раҳбарининг Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан ушбу мамлакатга ташрифи ва унда имзоланган кўпқиррали битимлар ҳамда келишувлардан шу нарсани англаш мумкинки, иккала давлат ўртасидаги муносабатларда янги давр бошланди. Албатта, давлатларнинг яқинлашуви, бир-бирига дўстона қўл узатиши, ҳар томонлама ўзаро шериклик муносабатлари иккала давлат манфаатларига ҳамда истиқболига хизмат қилади.

Шу ўринда мен давлатимиз раҳбарининг Францияга ташрифи доирасида Париж шаҳрида ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашувига эътибор қаратдим. Чунки бу учрашувда 20 тага яқин йирик компания ва банклар раҳбарлари иштирок этишди ва улар Ўзбекистонда иқтисодий соҳада амалга оширилаётгна ишлар билан қизиқишди.

Президентимиз учрашувда Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилганини таъкидлаб, валюта бозори эркинлаштирилгани, фойдани репатриация қилишга барча чекловлар бекор қилингани, банклар, йирик саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш дастури бошланганини ҳамда давлат-хусусий шериклик механизмлари фаол жорий қилинётгани ҳақида айтиб ўтди. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ тадбиркорликни янада рағбатлантириш, сармоядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мулк дахлсизлигини таъминлаш ва бошқа йўналишларда аниқ чоралар амлага оширилаётганини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, “яшил” энергетика, озиқ-овқат саноати, кимё ва автомобилсозлик, электротехника ва электроника тармоқлари, соғлиқни сақлаш соҳасини узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун энг истиқболли йўналишлар сифатида қайд этди.

Шерикликни кенгайтириш режалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Франция ишбилармон доиралари вакиллари ўз чиқишларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади ҳамда мамлакатимизда қайси аниқ лойиҳаларни амалга ошириш ниятида эканини баён қилди.

Бундан кўриниб турибдики, кўплаб Европа мамлакатларида хусусан Францияда юртимизга инвестиция киритиш истагида бўлган сармоядорлар сафи кенгайиб бормоқда. Бунинг сабабларини эса Ўзбекистонда хорижлик инвесторлар учун қулай шарт-шароит, имконият яратиб берилгани билан изоҳлаш ўринли. Энг муҳими эса мамлакатимиз тинч ва осуда, халқимиз  ўз келажаги ҳамда истиқболини нурли бўлиши йўлида астойдил интилмоқда. Бу дунё мамлакатларининг Ўзбекистонга бўлган муносабатини янада юксалтирмоқда.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    308
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+