Мурожаатномада белгиланган вазифалар зиммамизга улкан масъулият юклайди

21.12.2022, 17:28

Мурожаатномада белгиланган вазифалар зиммамизга улкан масъулият юклайди

Бугун 20 декабрь куни давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси эълон қилинди. Мурожаатномада ўтган йиллар давомида қилинган ижобий ишлар, ютуқларимиз билан бир қаторда келгусида амалга оширишимиз лозим бўлган устувор вазифаларга тўхталиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўяётгани, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар юз бераётганини таъкидлади. Жумладан, ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди, иқтисодиётимизга шу йилнинг ўзида 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди, экспортимиз эса 19 миллиард долларга етди, бу йил тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди.

Охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жойлар қурилди. Бу даврда қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5 миллион 300 мингга етди. Ҳозирги вақтда яна 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича ишлар жадал давом эттирилмоқда.

Бу йил 381 нафар спортчимиз Жаҳон ва Осиё мусобақаларида, 43 нафар иқтидорли ва билимдон ёшларимиз нуфузли халқаро фан олимпиадалари ҳамда танловларида совринли ўринларни қўлга киритди.

Давлатимиз раҳбари бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон сиёсати марказларидан бирига айланаётгани, халқаро ҳамжамият буни кенг эътироф этаётганини таъкидлади. Буни Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари ҳамда ўнлаб юқори даражадаги халқаро анжуманларга мезбонлик қилганида ва муҳим ташаббуслар илгари сурилганлигида билиш мумкин.

Ушбу ютуқлар, инсон қадри улуғ бўлган диёр – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дастлабки натижалар экани таъкидланди.

"Биз бунёдкор халқимиз билан бирга бундай эзгу ишларни давом эттирамиз ва олдимизга қўйган катта-катта марраларга албатта эришамиз", деди Президент.

Давлатимиз раҳбари 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном беришни таклиф қилдилар. Буни бутун юртдошларимиз тўлиқ қўллаб-қувватлади деб баралла айта оламиз.

Келгуси йилга бундай ном берилишида ҳам катта маъно ва мазмунлик мужассамлигини таъкидлаш ўринлидир.

Сабаби, давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгилаганидан билиш қийин эмас.

Мурожаатномада 2023 йилдаги энг устувор йўналишларга тўхталиб ўтилди. Биринчи йўналиш сифатида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш таклиф қилинди.

Хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди “қўл бошқаруви”дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келгани таъкидланди.

Ҳозирги кунда давлат аппаратида такрорланиш кўп, кераксиз штатлар бор. Марказлашув юқори. Оқибатда, бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланмоқда.

Президент шунинг учун янги маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди. Эндиликда, биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилинади, Ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгаради. Энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади, ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилади. Бу орқали давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 30-35 фоизга қисқариб, иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилади.

Шу ўринда бир масалага тўхталиб ўтмоқчиман, ҳозирги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтаётган “ҳукумат соати”да вазирликларнинг ахбороти эшитиб борилмоқда. Қолаверса, янги вазир тайинлашда ҳам депутатлар иштирок этаяпти, режалари билан танишиб, уларни маъқуллаяпмиз.

Президентимиз ўз нутқида бу масалага ҳам тўхталар экан, вазир фаолиятини самарали ташкил этишда парламентдаги қўмита, комиссия ва депутатларнинг ҳам масъулиятини белгилаш лозимлигини таъкидлади.

Мурожаатномада партиямизнинг энг муҳим йўналишларидан бири саналган иқтисодий ислоҳотлар қатъий давом эттирилиб, хусусий сектор янада қўллаб-қувватланиши айтиб ўтилди. Эндиликда, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилади.

Шунингдек, келгуси йилдан туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб 5 та тоифага ажратилади. Тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун солиқ ставкалари ҳар хил бўлади. Бу эса ҳудудлар иқтисодиётининг барақарор ривожланишига, иқтисодий потенциални оширишга, аҳолининг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, 1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга пасайтириш ҳисобига тадбиркорлар ихтиёрида йилига камида 14 триллион сўм маблағ қолади, илғор тажрибалар асосида солиқ ва божхона маъмурчилиги ислоҳ қилинади. Бу каби имкониятлар юртимизда тадбиркорларнинг сони ошишига, уларнинг имкониятларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Пировардда аҳолининг фаровонлиги ошади, макроиқтисодий барқарорлик таъминланади.

Умуман олганда, Президентимизнинг Мурожаатномасида келтирилган вазифаларнинг ижросини таъминлашда, уни амалга оширишда бор куч ва имкониятларимизни тўлиқ сафарбар этамиз.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси раҳбари.

  • Кўрилди
    119
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+