Ўзаро манфаатли кўп қиррали ҳамкорлик ривожланади

30.01.2023, 11:56

Ўзаро манфаатли кўп қиррали ҳамкорлик ривожланади

Ҳудудий қўшничилик алоқаларининг кўп асрлик тарихи, халқлар ўртасидаги ўзаро бир-бирини англашга асосланган умумий маданий ва маънавий муносабатлар ва шериклик ўзбек-қирғиз муносабатларининг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Халқларимиз ўртасидаги адабий алоқаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган, дунёнинг машҳур адибларидан бири, кўзга кўринган жамоат арбоби Чингиз Айтматов “мен учун қирғизлар ва ўзбеклар битта халқ, бу менинг халқим” деган эди.  

Икки томонлама ҳамкорликнинг асосий тамойиллари – бу мустақиллик ва давлатларимиз суверенитетини ўзаро ҳурмат қилиш, тенглик, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, ҳам давлат, ҳам хўжалик юритувчи субъектлар даражасида иккала давлатнинг ўзаро манфаатли иқтисодий шериклик алоқаларини ўрнатишга интилишидир. 

Шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон яқин қўшни давлат сифатида Қирғизистон Республикасининг барқарор ривожланиши, мамлакатда сиёсий барқарорлик ҳукм суриши, унинг мавқеси кўтарилиши ва халқаро майдондаги жойини мустаҳкамлашидан манфаатдор. Масалан, ҳозирги кунда Қирғизистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардан жуда мамнун.  

Президентлик даврининг биринчи йилидаёқ Қирғизистон билан 6 марта олий даражадаги учрашувларни ўтказган Шавкат Мирзиёевнинг Президент сайловларидаги ғалабаси Тошкент ва Бишкек ўртасидаги ўзаро алоқаларга янги кучли туртки бўлди. 

Сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар мутлақо янги босқичга кўтарилди. Сўнгги муваффақиятлардан ўзбек-қирғиз чегараси делимитациясини ажратиб кўрсатиш лозимки, бу ҳақиқий том маънода тарихий воқеълик бўлди. 

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар амалий ҳамкорликни кенгайтириб бораётган янги ўсиш нуқталари доирасида тобора ривожланиб бормоқда.  

Буларнинг барчаси тизимли ва интенсив табиатга эга бўлган олий даражадаги алоқалар давомида аён бўлмоқда. Булар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ўртасида Бишкек шаҳрида 2023 йилнинг январь ойида бўлиб ўтган учрашувларида ҳам ўз ифодасини топди. 

Шуниси муҳимки, Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича Декларация имзоланди ва у икки томонлама муносабатларни кенг қамровли стратегик шерикликнинг сифат жиҳатдан янги босқичига олиб чиқади. 

Транспорт ва логистика соҳасидаги ўзаро саъй-ҳаракатлар ҳам стратегик жиҳатдан муҳим эканлиги белгиланди. “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича ишларни жадаллаштириш, “Андижон-Ўш-Иркештом” автомобиль йўлининг салоҳиятини имкони борича кенг ишга солиш, шу мақсадда қўшма транспорт-логистика компаниясини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.  

Музокараларда энергетика соҳасида ҳам хамкорлик қилишга ҳам алоҳида урғу берилди. Гидроэнергетика, шу жумладан, Қамбарота ГЭС-1 ни қуриш бўйича ўзаро саъй –ҳаракатларни фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.  

Икки давлат раҳбари шунингдек, минтақавий тузилмалар доирасида ҳамда халқаро майдонда ҳамкорлик қилиш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорлик, хозирги кун таҳдид ва зиддиятларига самарали қарши курашиш масалаларини муҳокама қилди. Кўп томонлама тузилмалар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга бўлган интилишлар тасдиқланди.  

Таъкидланганидек, олий даражадаги музокаралар савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам ўз ҳиссасини қўшади. Сўнгги йилларда икки томонлама савдо ҳажми етти баробарга ортди. Масалан, ўтган йил якунлари бўйича ўзаро товар айланмаси 1,3 долларга етди ва 300 дан ортиқ қўшма корхоналар барпо этилди. Ушбу ижобий анъанани давом эттириш учун қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, агрокооперация дастурларини амалга ошириш, шу жумладан, икки давлат вилоятлари ўртасидаги шериклик ва бевосита алоқаларни кенгайтириш орқали интенсив боғлар ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш жуда муҳимдир.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ишбилармонлик учрашувларини ташкил этиш бўйича яхши тажрибага эга. Фақат Бишкекда бўлиб ўтган бизнес-форум доирасида 1,6 миллиард долларлик битимлар пакети имзоланди. Миллий ишлаб чиқарувчиларнинг арзон маҳсулотлари билан учинчи давлатлардан келтирилаётган маҳсулотлар ўрнини тўлдириш масалалари ҳам устуворлик касб этади. 

Фикримизча, мамлакатларимиз тадбиркорлари ўзаро савдо хажмларини кенгайтириш ва номенклатурасини кўпайтириш каби муҳим масалани ҳал қилиш учун зарур бўлган салоҳиятга эга. Қўшимча қилиш мумкинки, чегараолди худудларида ўтказиш пункларини модернизация қилиш ва сонини ошириш, тез айниб қоладиган маҳсулотларни етказиш учун “яшил йўлаклар”нинг мавжуд бўлиши, савдо-логистика хаблари тизимини шакллантириш ва шу кабилар бўйича ишларни давом эттириш ва жадаллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳолда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзаро савдо соҳасида янада интеграцияланади ва бунда иккала давлат ҳам ўсиб бораётган савдо муносабатларидан фойда олади.   

Умуман олганда, бўлиб ўтган ташриф Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзаро ҳаракатнинг барча соҳаларида ишончли ва очиқ мулоқотни давом эттириш учун сиёсий иродага эга эканлигини ва кенг кўламли ҳамкорликни мустаҳкамлашга ўз кучларини йўналтирмоқчилигини яна бир бор намойиш қилди. 

Томонлар музокаралар давомида икки томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш устида биргаликда ишлашнинг қатъий тарафдори ва бунга тайёр эканликларини билдирди.  

Актам Хаитов, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари.

  • Кўрилди
    282
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+