Мамлакатлар ҳамда минтақалар орасида ҳамкорлик кўприги

22.02.2023, 18:43

Мамлакатлар ҳамда минтақалар орасида ҳамкорлик кўприги

Aфрика ва Осиё ўртасида стратегик мавқега эга бўлган Миср Ўрта ер денгизидан Ҳинд океанига Сувайш канали орқали сув транспортининг ўтишини таъминлайди. Қизиғи шундаки, Мисрнинг кўп соҳаларда барқарор ривожланиши, мавжудлиги сув ресурсларига боғлиқ бўлган Нил дарёсининг назорати билан боғлиқ. Хусусан, Сувайш канали иқтисодий зонаси Ўзбекистон маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқишга хизмат қилиши мумкин. Ўзбекистон ва Мисрни, гарчи орадаги масофа узоқ бўлса-да, тарихий-маданий муштараклик ва анъанавий дўстлик бирлаштириб туради. Мисрнинг “Назар-2030” стратегик режаси ва Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бир-бирига ҳамоҳандир.

Бугунги кунда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мустаҳкам ишончли ва дўстона муносабатлар Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Икки давлат Президентларининг 2018 йилдаги учрашуви Ўзбекистон ва Миср ҳамкорлиги учун тарихий аҳамиятга эга бўлди. Учрашувда эришилган келишувлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий, илм-фан ва туризм ҳамда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.

Ҳар икки давлат халқаро майдонда фаол ҳамкорлик қилиб, бир-бирини қўллаб-қувватламоқда. Миср – араб давлатлари орасида биринчилардан бўлиб, мамлакатимиз мустақиллигини тан олган давлат сифатида тарихга кирган. Ўзбекистон Миср билан халқаро майдонда илк дипломатик алоқаларни йўлга қўйган даврдан бошлаб, то ҳозирги вақтга қадар ишончли ҳамкор эканлигини намоён этди.

Ўзбекистон ва Миср Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Мисрни нафақат Африка минтақаси ва халқаро майдондаги муҳим ҳамкор, балки араб-мусулмон оламининг етакчи давлатларидан бири сифатида яхши билишининг исботидир.

Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам аҳамиятга молик. Мовароуннаҳр ва Миср диёрида яшаб ижод қилган улуғ бобокалонларимизнинг ноёб илмий-маърифий мероси бутун мусулмон оламининг бебаҳо бойлигидир. Буюк аждодимиз Аҳмад Фарғоний Мисрда яшаб, ўлмас кашфиётлар қилган. Мисрнинг Ал-Азҳар университети ва бошқа илмий-тадқиқот муассасалари билан Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида фаол ҳамкорлик ўрнатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Миср Aраб Республикасига расмий ташрифи чоғида шу ва бошқа масалалар кўриб чиқилди. Тўлиқ ишонч билан қайд этиш мумкинки, давлат раҳбарларининг мулоқоти икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун асос бўлди. Фикримизча, бу яқин келажакда сиёсат, хавфсизликни таъминлаш, савдо ва саноат кооперацияси соҳаларидаги ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ҳамда маданий-гуманитар ва таълим алоқаларини мустаҳкамлашга ҳизмат қилади. Томонлар, шунингдек, коррупцияга, хавфсизлик соҳасидаги замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашишда тажриба алмашишдан, Афғонистонни барқарорлаштириш ва қайта тиклаш бўйича халқаро ташаббусларни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Шавкат Мирзиёевнинг Мисрга ташрифи доирасида қатор ҳужжатлар имзоланди. Давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Қўшма баёнотни қабул қилдилар. Икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Миср Инвестициялар бўйича бош бошқармаси ўртасида имзоланган ҳамкорликка оид ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Ўз навбатида, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Савдо-иқтисодий алоқалар ҳақида гапирадиган бўлсак, 2021 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 33,9 миллион долларни ташкил этган. 2022 йилнинг охирига келиб бу кўрсаткич 37,3 миллион долларни ташкил қилганини қайд этиш мумкин. Ўзбекистонда Миср капитали иштирокида 12та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Бу кўрсаткичлар ва мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқалар ҳажмини қониқарсиз деб баҳолаш мумкин.

Сўнгги ташриф доирасида янги имкониятлар яратилиб, товар айирбошлаш ҳажмини ўн баробарга ошириш учун захиралар белгилаб берилди. Ўзаро инвестициялар жалб қилиш учун қулай шароитлар яратишга келишиб олинди. Икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириб турувчи хусусиятга эга эканидан келиб чиқиб, бешта аниқ йўналишда – газ-кимё, тўқимачилик, электротехника, заргарлик ва фармацевтика тармоқларида ҳамкорлик қилиш чоралари белгилаб олинди. Саноат кооперациясини ривожлантириш ва юқори рентабелли қўшма ишлаб чиқаришлар ташкил этиш мақсадида Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан фойдаланиш таклиф қилинди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишнинг муҳим омили ташқи бозорларга тез ва қулай чиқишни таъминлайдиган транспорт йўлакларини ривожлантириш ҳисобланади. Энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Мисрни боғлаб турган транспорт йўлакларини ривожлантириш чоралари алоҳида муҳокама қилинди. Ўзбекистон Миср маҳсулотларини Марказий Осиё, Миср эса Aфрика қитъаси бозорларига экспорт қилишда ўзига хос кўприк вазифасини ўтай олади. Хусусан, Сувайш канали иқтисодий зонаси Ўзбекистон маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқишга хизмат қилиши мумкин.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O’zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    298
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+