Воҳа тараққиётининг муҳим йўналишлари белгилаб олинди

25.02.2023, 17:28

Воҳа тараққиётининг муҳим йўналишлари белгилаб олинди

Президентимиз ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида таълим муассасалари, маҳаллалар ҳаёти, тадбиркорлик субеъктлари ва саноат корхоналари фаолиятини кўздан кечирди.

Шу куни воҳадаги 6 та янги корхона ўз фаолиятини бошлади. Эндиликда Қарши туманидаги “Омад старт”, Қарши шаҳридаги “Китоб ип йигирув”, Деҳқонобод туманидаги “Бахт текстил”, Шаҳрисабз шаҳридаги “Оқсарой текстил” ва “Пит-стоп” корхоналари ҳамда мебель фабрикасида юзлаб йигит-қизларнинг бандлиги таъминланди.

Президентимиз тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш учун вилоятда энергия таъминотини яхшилаш зарурлиги ҳақида тўхталди.

Қуёш ва шамол энергиясидан самарали фойдаланиш борасида амалий таклифлар билдирилди. Ўз уйида қуёш батареяси ўрнатган фуқаро хонадонини электр нури билан таъминлаш билан бирга, ортиқчасини давлатга сотиш орқали даромад топиши мумкин. Шамол қурилмаларини чўлларда ва тоғ этаклари ёки электр энергия симлари етиб бормайдиган худудларда ўрнатиш, электроэнергиядан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлигини ошириб, кўпгина ишлаб чиқариш соҳалари, айниқса, чорвачиликда фойдаланишда жуда қўл келиши айтиб ўтилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, сўнгги беш йилда вилоят иқтисодий салоҳиятини юксалтириш учун 10 миллиард доллар инвестиция жалб қилинган. Ўз фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлар сони 2,5 баравар ортиши баробарида қўшимча 325 минг нафар аҳолининг доимий бандлиги таъминланган. Саноати ривожланмаган 8 та туманда ишлаб чиқариш 2-3 баравар ошиб, уларнинг вилоятдаги улуши 36 фоизга етган. Жорий йилда 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, 440 минг аҳолини даромадли иш билан таъминлаш режалаштирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари воҳага бу йил ҳам жуда катта инвестиция ажратилишини айтиб ўтди. Бундан асосий мақсад маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишдан иборат. Туман, шаҳарлардаги саноат зоналарида бўш турган майдонларда 50 та лойиҳа амалга оширилиб, 2 мингта янги иш ўрни яратиш борасида мутасаддиларга кўрсатма берди.

Жойлардаги “ўсиш нуқталари”га тадбиркорларни жалб қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш янги иш ўринлари яратишга яқиндан ёрдам беради. Бу эса халқни ҳаётдан рози қилиш, маъмурлигини ошириш фаолиятимизниниг асосий мезонига айланиши кераклигини таъкидладилар.

Жойларда бўлиб ўтган мулоқотларда юртбошимиз аҳоли бандлигини таъминлашда касаначиликдан самарали фойдаланиш зарурлигини алоҳида айтиб ўтдилар. Вилоятдаги 80 та маҳаллада 6 минг зиёд аҳоли касаначилик билан шуғулланади. Президентимизнинг имзолаган қарори эндиликда улар учун кенг имкониятлар эшигини очади. Хусусан, тадбиркорларга ҳар бир жалб қилинган касаначи учун, 2 миллион сўмгача имтиёзли револьвер кредит ва 1 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади. Касаначи ўзини ўзи банд қилса, солиқ тўламасдан ҳам фаолият олиб бориши мумкин. Касаначиликка жалб қилинган эҳтиёжманд фуқаро 6 ой давомида ижтимоий нафақа олиши мумкин. Асбоб-ускуна ва хомашё сотиб олишга 9 миллион сўмгача субсидия берилади. Касаначиларни жалб қилган тадбиркор ва кластерлар учун фойда ва айланма солиғи, давлат мулки ижараси 2 баравар камаяди. Бу имтиёзлар воҳадаги 150 та маҳалладаги ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишда қўл келиши айтиб ўтилди.

Маҳаллалардаги бандлик ва ижтимоий масалаларни ҳал қилишда кластерлар кучидан самарали фойдаданиш борасида тавсиялар берилди. Деҳқонобод, Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Нишон туманларида сув таъминотини яхшилаш орқали ўн минг нафар аҳолини деҳқончилик билан шуғулланиши учун имконияти яратилади. Миришкордаги 5 минг гектарли табиий кўлда балиқ етиштиришни кўпайтириш аҳоли дастурхони тўкислигига хизмат қилади.

Партиямизнинг асосий электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар учун шарт-шароит яратиш, янги-янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишда ҳукумат идоралари ва ҳокимликлар фаол ҳамкорлик қилиш дастурий мақсадларимиздан ўрин олган.

Депутатларимиз ва фаолларимиз вилоятда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ёшларни тадбиркорликка йўналтириш орқали бандлигини таъминлаш борасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бормоқдалар.
Амалга оширилаётган барча ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш тарзини янада яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Президентимизнинг ташрифи чоғида билдирган янги-янги ғоялари, ташаббусларини амалга ошириш, воҳа иқтисодий тараққиётини янада ривожлантириш, барқарорликни таъминлаш баробарида халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Актам Хаитов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари.

  • Кўрилди
    327
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+