Конституциявий ислоҳотлар партиямиз электорати манфаатларига хизмат қилади

24.03.2023, 15:56

Конституциявий ислоҳотлар партиямиз электорати манфаатларига хизмат қилади

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказишга ҳам саноқли кунлар қолди. Мазкур қонун лойиҳаси 15 мартда матбуотда расман эълон қилинганидан буён юртдошларимиз томонидан моддама-модда синчиклаб ўрганилаётгани қувонарли, албатта.

Муайян қонун-қоидаларсиз жамият бўлмаганидек, Конституциясиз давлатни тасаввур қилиш мушкул. Чунки у ҳар бир мамлакатнинг Асосий қонуни саналади. Ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг турли тармоқ ва соҳаларидаги муносабатларни тартибга соладиган бошқа қонунлар Конституциянинг айни йўналишдаги асосий тамойиллари бўйича ишлаб чиқилади. Бош қомус дея таърифланадиган ҳужжатнинг ҳар бир моддаси алоҳида қонунларга айланиб, муҳим ҳуқуқий асос тарзида тараққиёт йўлига мустаҳкам замин ҳозирлайди.

Қонунларга таянган мамлакат шубҳасиз равнақ топади. Қонунларга итоат қилган халқ шубҳасиз фаровонликка эришади. Бунинг учун Конституция меъёрлари ҳам замон талабларига, глобаллашув чақириқларига жавоб бериши зарур. Инсон қадри ва шаънининг ҳимояси кафолатланган бўлиши даркор. Меҳнат қилиш ва даромад топиш, мулкдор бўлиш ва мулкка эгалик ҳуқуқи таъминланиши лозим.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси конституциявий ислоҳот ташаббусини бир овоздан ёқлаб чиққанида ана шу жиҳатларни инобатга олиб ҳаракат қилган эди. Чунки қабул қилинганига 30 йилдан ошган амалдаги ҳужжат меъёрлари давр шиддатини тўлиқ акс эттиролмай қолаётганди. Ҳатто O‘zLiDeP электоратининг манфаатларини ишончли муҳофазалаш ҳам янги Асосий қонунга эҳтиёжни кучайтираётганди.

Конституциявий комиссия томонидан қарийб бир ярим йил оралиғида халқимизнинг хохиш-истаклари, таклиф ва мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда тайёрланган, қизғин муҳокамалардан сўнг Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатасида қабул қилинган янгиланган Конституция амалдагисидан 65 фоизга ўзгаргани ҳам, моддалар ва нормалар сезиларли равишда ошгани ҳам бежиз эмас. Уларнинг ҳар бири “Инсон қадри учун” деган ғояга мослиги нуқтаи назаридан қайта-қайта ҳуқуқий экспертизадан ўтказилгани диққатга сазовордир. Бу жараёнда юртимизнинг етук мутахассислари баробарида чет эллик экспертлар ҳам фаол иштирок этишди. Ҳар бир сўзни қўллаш юзасидан баҳслар ташкил этилди. Пировардида лойиҳанинг чин маънода халқ Конституцияси мақомига кўтарилишига эришилди.

Юқоридаги фикрлар тасдиғини моддама-модда таҳлил давомида ҳам яққол кўриш мумкин. Мисол учун, 65-моддада фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши, истеъмолчининг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлаши ўз аксини топмоқда. Бундан ташқари, шу модданинг кейинги қисмида Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши қатъий белгилаб қўйилмоқда.

Тўғри, хусусий мулк дахлсизлиги билан боғлиқ норма амалдаги Конституцияда ҳам мавжуд эди. Бироқ унда мулкдорни ўз мол-мулкидан маҳрум этишда суднинг қарорига асосланишга жиддий урғу берилмагани сабаб турлича талқинлар юзга келаётганди. Партия электоратининг ибораси билан айтганда, ушбу меъёрни қўллашда маҳаллий ҳокимият қарорларига устуворлик бериб келинаётгани сир эмасди. Янги Конституция ҳаётга жорий этила бошлагач, бундай ҳолатларга албатта тўлиқ барҳам берилади.  

Мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва тасарруф этишини ифодаловчи кейинги модда ҳам янги норма билан тўлдирилгани эътиборга молик. Эндиликда “Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак”лигига оид норма Асосий қонунга киритилмоқда.

Хўш, бу нимани англатади? Ҳаммамизга маълумки, айрим мулкдорлар томонидан атроф-муҳитга зарар етказиш (дарахтларни кесиш, ҳавони ифлослантириш ва ҳ.) “кун мавзуси”га айланган бўлиб, кўп ҳолларда аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётир. Яъни, мулкдор бўлиш ҳуқуқи ўзганинг тоза табиатга бўлган ҳуқуқини чекламаслиги даркор.

Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди, дея бошланувчи 67-модда ҳам тўлиқ партиямиз электорати манфаатларига хизмат қилади. Зеро, унинг кейинги қисмида “Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли”лиги принципи ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши қайд этилган.

Лойиҳанинг 68-моддасида ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасида эканлиги таъкидланган. Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин.

Жиддий аҳамият берадиган бўлсак, ерни хусусийлаштиришга рухсат этилиши билан боғлиқ норма Конституцияга киритилаётгани жуда катта янгилик аслида. Узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистонда ерга нисбатан хусусий мулкнинг тўлақонли жорий этилмаганлиги ҳақиқий мулкдорлар қатламининг етарлича шаклланмаслигига, ернинг товар сифатида бозор муомаласига киритилмаслигига ҳамда хорижий инвесторларнинг миллий иқтисодиётга нисбатан ишончи пасайишига олиб келди. Модомики, ушбу норма янги Конституциядаги инқилобий ўзгаришлардан бири сифатида мулкчилик муносабатлари ривожида ойдин йўлга олиб чиқади.

Ернинг хусусий мулк сифатида эътироф этилиши O‘zLiDeP электоратининг салмоқли қисмини ташкил этувчи фермерларга ҳам тараққиёт эшикларини очиб бериши шубҳасиз. Зотан, хусусийлаштирилган ер участкаси мулкдори ерни сотиш, ҳадя қилиш, айирбошлаш, гаровга қўйиш, мерос қилиб қолдириш каби ҳуқуқларни қўлга киритади.

Хусусий мулк бўлган ерни давлат фақат мулкдорнинг розилиги билан, шартнома асосида бозор нархида жамоат эҳтиёжлари учун қайта сотиб олиши мумкин. Яъни, ер “снос”га тушиб кетмайди, давлат ерни келишилган нархда сотиб олган тақдирдагина у қайтарилиши мумкин.

Эркин бозор иқтисодиёти шароитида давлатнинг иқтисодий жараёнларни бошқаришга доир конституциявий вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш муҳим аҳамият касб этади. Бу йўналишда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга қарамасдан, тадбиркорлик фаолиятига аралашиш ёки тўсқинлик қилиш каби ҳолатларга ҳанузгача гувоҳ бўлмоқдамиз. Ҳаттоки ушбу ҳаракатлар учун жавобгарлик киритилганлиги ҳам уларнинг олдини олишга лозим даражада имконият бермаяпти.

Яна бир жиҳат эътиборни тортмай қўймайди. У ҳам бўлса, тадбиркор учун ўз фаолиятининг йўналишини мустақил равишда танлаш қанчалик аҳамиятли, деган саволнинг аниқ ва қисқа жавобидир.

Биринчидан, бу тадбиркорлар учун иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларида фаолият юритиш имкониятини тақдим этади. Бунда муайян фаолият билан шуғулланишга қонун ҳужжатлари билан тақиқ қўйилмаганлиги талаб этилади, холос.

Иккинчидан, бу тадбиркорларга ўз бизнес стратегияларини бошқа шахсларни, давлат органи ва уни мансабдор шахсларининг ўзбошимчалик билан аралашувисиз ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятини беради.

Янгиланаётган Конституциямизда монополистик фаолиятни бозор қонуниятларига амал қилган ҳолда тартибга солиш назарда тутилмоқда. Чунки иқтисодиётдаги ҳар қандай монополлашувдан барча бирдек азият чекади: мижоз ҳам, тадбиркор ҳам, давлат ҳам. Шу боис, давлатнинг монополистик фаолиятга қарши курашишдек муҳим вазифани ўз зиммасига олиши бизнес ҳамжамиятининг ҳам, фуқароларнинг ҳам манфаатига мос келади.

Конституцияга ушбу норманинг киритилиши товар ва хизматлар бозорининг барча иштирокчилари учун тенг иқтисодий-ҳуқуқий имкониятлар яратиш орқали тадбиркорлар ўртасида ҳалол рақобатни ривожлантиришга ҳамда ишлаб чиқаришга янгиликларни тезкор жорий этиш орқали самарадорлигини ортишига хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, киритилаётган мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар “қонунда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятга рухсат берилади” тамойили асосида тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишнинг асосий мезонларини конституциявий даражада мустаҳкамлайди. Шу билан бирга қонунда назарда тутилган ҳолатларда ерни хусусий мулк қилиб бериш механизмлари амалиётга жорий этилади. Буни халқимиз анчадан буён кутаётган эди.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

 O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    290
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+