Ўзбекистон кўп қиррали ҳамкорлик йўлида

06.06.2023, 09:55

Ўзбекистон кўп қиррали ҳамкорлик йўлида

Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан ҳамкорликка ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қарайди ва уни ҳам икки томонлама, ҳам Ўзбекистон Республикасининг Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Келишув доирасида ривожлантиради.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги савдода энг кўп қулайлик тартиби ўрнатилган. GSP+ тартиби  туфайли Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсмоқда. Масалан, 2022 йилда савдо ҳажми 20% га ошган бўлса, жорий йил бошидан буён бу кўрсатгич деярли 70% дан ошди. Европанинг етакчи компания ва банклари билан янги ишлаб чиқариш корхоналарини  ташкил этиш лойиҳалари портфели 20 млрд евродан ошди. Шу боис ҳам  2030 йилгача савдо ва инвестициялар кўрсаткичини  икки баробар ошириш мумкинлигига  асослар етарли.

Бугун Марказий Осиё Европанинг етакчи компания ва банклари  учун  жозибадорлик маркази ва янги иқтисодий  имкониятлар маконига айланди. Бу замонавий саноат қувватларини яратиш, “яшил”  энергетикани жорий этиш, “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ривожланган транспорт-логистика инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган кенг инвестициявий ва технологик шерикликда  ўз ифодасини топмоқда. 

Сўнгги воқеалар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Чўлпонота шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” етакчиларининг иккинчи учрашувидаги иштирокини алоҳида таъкидлаш жоиз. Биринчи учрашув бир йил олдин Остонада бўлиб ўтган эди, бироқ бу даврда Ўзбекистонда Европа Иттифоқи билан минтақалараро боғлиқлик бўйича қўшма конференция бўлиб ўтди. Унда рақамлаштириш, транспорт коммуникациялари, энергетика, сув ресурсларини бошқариш, соҳаларидаги лойиҳалар илгари сурилди, Марказий Осиёда барқарор энергетика тизимини яратиш ҳамда касб-ҳунар таълими йўналишларида атор минтақавий  лойиҳалар ишга туширилди.

Иккинчи учпрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича таклифларни илгари сурди.

Биринчиси бу – савдо. Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан савдо муносабатларини тубдан кенгайтиришдан, энг аввало, барқарор савдо-логистика занжирларини ва ўзаро маҳсулот етказиб беришни қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини яратишдан манфаатдор.

Бундан ташқари, Ўзбекистон “GSP+” тартибининг амал қилиш муддатини янги даврга узайтиришдан манфаатдор. Ушбу преференциялар тизимининг минтақадаги барча мамлакатларга татбиқ этилиши иқтисодиётларимизнинг индустриал салоҳияти ва рақобатбардошлиги ортишига хизмат қилади.

Президент, шунингдек, минтақамизда Европа Иттифоқи талабларига мувофиқ замонавий лабораториялар, стандартлаштириш ва сертификатлаш марказлари тармоғини яратиш, Европа бозорларида ишлаши учун экспорт қилувчиларимизнинг билим ва салоҳиятини ривожлантириш, Европа компанияларининг минтақа мамлакатлари савдо имкониятлари ҳақида хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш каби алоҳида масалалар ҳам мавжудлигини ҳам  эслатиб ўтди.

Уларни ҳал этиш учун Ўзбекистон раҳбари экспорт ва импорт қилувчи корхоналарини қўллаб-қувватлаш комплекс дастурини биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этди.

Кейинги йўналиш – барқарор иқтисодий ўсишнинг муҳим омили сифатида ўзаро боғланган транспорт йўлакларини шакллантириш. Марказий Осиё ва Европанинг транспорт-коммуникациявий боғлиқлигини, энг аввало, “Ўрта маршрут” деб ном олган Транскаспий транзит йўлагини шакллантириш орқали ривожлантириш мақсадида мамлакатларимизнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимдир. Бироқ ушбу йўналишдаги жорий тариф ва йиғимлар, масалан, муқобил бўлган Шимол – Жануб йўналишларидагидан 1,5 баробар баланд.

Ўзбекистон, шунингдек, рақамли ўзаро боғлиқлик соҳасида ҳам  Евроиттифоқ билан яқиндан ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда. Масалан, юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш имкониятларининг янада кенгайтирилиши минтақа мамлакатлари ялпи маҳсулоти ва экспорти ҳажмининг мутаносиб равишда ошишига олиб келади.

Иқлим соҳасидаги хатарларга қарши курашиш, Европанинг илғор билим ва технологияларини қўллаган ҳолда мақсадли минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан экотизимлар барқарорлигини ошириш – Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигининг муҳим йўналишларидан бири бўлмоғи керак. Хусусан, Ўзбекистон 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш қувватларини 25 минг мегаваттгача ошириш ва унинг улушини ҳозирги 14 фоиздан 40 фоизгача етказишни режа қилганмиз.

Хавфсизлик соҳасида янги хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё  мамлакатлари ҳамкорлигининг энг муҳим йўналишидир. Ўзбекистон экстремизм ва радикализм, одам савдоси, уюшган ва кибер жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда чегараларни қўриқлаш соҳасида янги шериклик дастурларини ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди.

Минг афсуски, Афғонистондаги гуманитар вазият тез суръатда ёмонлашиб бормоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда миллионлаб афғонлар ҳалокат ёқасида турибди. Шу муносабат билан шерикларимизни афғон халқига инсонпарварлик ёрдами ҳажмини камайтирмасликка чақирамиз. Шу мақсадда Термиздаги логистика хаби имкониятларини бундан буён ҳам тақдим этишга тайёрмиз.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” етакчиларининг учрашувидаги иштироки Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан конструктив сиёсий мулоқотни ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган интилиши ифодасидир.

Актам ХАИТОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    333
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+