Конструктив фикрлар ва асосли таклифлар ўртага ташланди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида Президентимиз раислигида шу йил 18 апрель куни дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишларнинг соҳа ва тармоқларга таъсирини камайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишининг аҳамияти атрофлича муҳокама қилинди.
Ушбу масала юзасидан фракция аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган оқилона ташқи сиёсат ва қулай инвестициявий муҳит натижасида тадбиркорларга янги бозорлар очилаётгани, маҳсулотлар тури кўпаётганлигини қайд этдилар.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар партия ғоя ва мақсадларига уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, ЎзЛиДеП фаоллари ва унинг парламентдаги фракция аъзолари ушбу эзгу мақсадлар учун бор куч ва билимларини сафарбар этиши, соҳага доир ҳуқуқий асосларни такомиллаштириши лозимлиги урғуланди.
Йиғилишда солиқ ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасининг муҳокамаси қизғин кечди.
Фракция аъзоси Фирдавс Қурбонов қонун лойиҳасининг аҳамияти ҳақида тўхталиб, уни иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумотлар бериб ўтди.
Депутатнинг айтишича, солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида лойиҳада соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш, солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий нормалар акс эттирилмоқда.
Мунозаралар давомида фракция аъзоси Сайдулло Азимов қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган таклифлар эътиборга олингани ва ҳужжат матнида ўз акс эттирилганини қайд этди.
Шунингдек, у Жиноят-процессуал кодексининг 41-моддасига киритилаётган ўзгаришлар бўйича аниқлаштирувчи саволларни ўртага ташлади. Қонун лойиҳасига масъул депутат Ф.Қурбонов ва қонун ташаббускорлари берилган саволлар бўйича батафсил тушунтиришлар бериб ўтди.
Депутат Умид Якубхўжаев эса Солиқ кодексининг 212-моддасига киритилаётган учинчи қисм бўйича ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдириб ўтди. Қонун ташаббускорлари кўтарилган саволлар юзасидан тушунтиришлар бердилар. Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Фракция йиғилишида “Агросаноат соҳасида янги бозор механизмларини жорий этилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамалар марказида бўлди.
У билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги мева-сабзавотчилик йўналишидаги маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи субъектлар, иссиқхона хўжаликлари ҳамда ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берилган аризалар, шикоятлар ва даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод этилиши белгиланмоқда.
Депутатлар лойиҳада назарда тутилаётган нормалар партия сайловолди дастуридаги вазифаларга уйғун эканлигини қайд этиб, ушбу ҳужжат аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш, интенсив усулда боғ ва токзорлар барпо қилиш, иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Қизғин мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.