Чоршанба 13-Ноябр 2024-yil
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Партия сайловолди дастури

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг

I Конгрессида (2024 йил 7 сентябрь куни) тасдиқланган

ТАДБИРКОРЛАР ВА ИШБИЛАРМОНЛАР ҲАРАКАТИ –

ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ

САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ

ЭРКИН ВА ФАРОВОН, ҚУДРАТЛИ ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИ БИРГАЛИКДА ҚУРАМИЗ!

ХАЛҚИМИЗ ФАРОВОНЛИГИ УЧУН 5 МАҚСАД ВА 500 ВАЗИФА

Барқарор иқтисодий ўсиш орқали ҳар бир инсон, оила ва жамият фаровонлигига эришамиз

Сифатли таълим, тиббиёт ва кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаймиз

Аҳолига қулай атроф-муҳит шароитларини яратамиз

Халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этамиз

Мамлакатимиз суверенитети ва хавфсизлигини кафолатлаймиз

Барчамиз биргаликда келажакка ишонч билан интилиб, бутун диққат-эътиборимизни олдимизда турган вазифаларни ҳал этишга қаратишимиз, халқимиз кутаётган, даврнинг ўзи талаб этаётган янги ғоя ва ташаббусларни илгари суришимиз лозим.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти  

Азиз ватандошлар!

Сизу биз туғилиб ўсган Ўзбекистон бу оламда битта, ягонадир! Бизга бошқа жойда Ватан йўқ, она макон йўқ. Демак, она юртни муқаддас, Ватанни тенглар ичра тенг, қудратли, эркин ва фаровон мамлакатга айлантириш бизнинг фарзандлик бурчимиз, виждоний вазифамиздир.

Келгуси авлодларимиз бизга мана шу бурчни, вазифани қандай уддалаганимизга қараб баҳо беради. Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистон аҳли бугун бор куч-қудрати, ақлу зеҳнини ишга солиб, юртни юксалтирмоғи, ўзи ҳам ҳар жиҳатдан юксалмоғи керак!

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида қисқа вақт давомида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжмандларга кўмаклашиш, очиқлик сиёсатини юритиш, мамлакат иқтисодиёти ва халқаро нуфузини ошириш бўйича тарихий ислоҳотлар амалга оширилганлигини эътироф этган ҳолда бу борадаги ишларни изчил ва қатъий давом эттириш жонажон Ўзбекистонни юксалтиришнинг ягона тўғри йўли деб ҳисоблайди.

Мана шу улуғвор йўлда бирлашиб, сизга мурожаат қилаётган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев партиянинг XI съездида эълон қилган Сайловолди дастури ҳамда “ЎЗБЕКИСТОН – 2030” Стратегиясини тўлиқ амалга ошириш масъулиятини зиммасига олган етакчи сиёсий кучдир.

Партия она-Ватанимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсонга, унинг эркин ҳаёти, қадр-қиммати ва фаровонлигига қаратилганини эътироф этади. Биз бугун халқимиз ва давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бизнес ҳамжамияти ҳаётнинг барча жабҳаларини эркинлаштириш, “ЎЗБЕКИСТОН – 2030” Стратегиясида белгиланган 100 та муҳим мақсадга эришишдек эзгу ният атрофида жипслашаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Халқимиз иродаси билан 2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиб берди.

Шу билан бирга, янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитда мамлакат тараққиётини янада жадаллаштириш бугунги давр талабидир.

Инсонларимиз фаровон ҳаёт кечириши, фарзандларимиз сифатли таълим ва тиббиётдан баҳраманд бўлиши, аёлларимиз ва нуронийларимиз, жамики юртдошларимиз бахтли яшаши, халқимиз дастурхони тўкин бўлиши ҳамда эртанги кунимиз ёруғ бўлиши учун партия ўз олдига қуйидаги 5 аниқ мақсад бўйича 500 вазифа қўяди:

Барқарор иқтисодий ўсиш орқали ҳар бир инсон, оила ва жамият фаровонлигига эришиш;

Сифатли таълим, тиббиёт ва кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаш;

Аҳолига қулай атроф-муҳит шароитларини яратиш;

Халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш;

Мамлакатимиз суверенитети ва хавфсизлигини кафолатлаш.

I. БАРҚАРОР ИҚТИСОДИЙ ЎСИШ ОРҚАЛИ ҲАР БИР ИНСОН, ОИЛА ВА ЖАМИЯТ ФАРОВОНЛИГИГА ЭРИШАМИЗ

Янгиланган Конституцияда қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит яратиш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг ҳуқуқий кафолатлари яратилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда бизнес юритиш кўлами ҳали замон талаби даражасида эмас, тармоқларнинг имкониятларидан етарлича фойдаланилмаяпти, аҳоли розилигига эришиш йўлида тезкор хал этилиши шарт бўлган муаммолар талайгина.

Шу боис, партия барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг самарали ечимларини таклиф қилади.

Ялпи ички маҳсулот ҳажми 2030 йилга бориб 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад эса 4 минг долларга етказилади. Шу тариқа Ўзбекистон дунёнинг даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлари қаторига кириши учун асос яратилади.

Ўзбекистонни тадбиркорлар мамлакатига айлантирамиз – тадбиркорлар сонини 3 миллион нафардан ошириш учун барча зарур чораларни кўрамиз.

Барқарор иш жойларини яратиб, камбағалликни қисқартирамиз

Келгуси беш йиллик якунида юртимиздаги камбағаллик кўламини икки карра камайтириш устувор вазифамиз бўлади.

Аҳолини тадбиркорликка жалб қилишнинг маҳаллабай дастурларини ишлаб чиқишни партиямиз ўзининг энг муҳим вазифаси қилиб белгилайди.

Туман, шаҳар, маҳаллаларнинг алоҳида мастер-режалари ишлаб чиқилади, тадбиркорлик оммавий тус олишига эришилади.

Ишсизликнинг паст даражага тушишига эришилади. Касб-ҳунарга ўқитиш кўлами ҳар йили икки баравар оширилиб, беш йилда камида 1 миллион фуқаро бозори чаққон касбларга ўргатилади. Нодавлат таълим муассасалари иштироки 30 фоиздан оширилади ва мономарказлар барча туман (шаҳар)ларда ташкил қилинади.

Мактаб битирувчиларига давлат томонидан камида бир касбни эгаллашига кўмаклашувчи тизим жорий этилади.

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида имтиёзли кредит ҳажмлари ҳар йили 30 фоизга ошириб борилади.

Ижтимоий тадбиркорлик янада рағбатлантирилади, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини иш билан таъминлаб келаётган тадбиркорларга мол-мулк ва ер солиғидан имтиёзлар берилади. Оғир вазиятга тушиб қолган фуқаролар учун кредит таътиллари бериш тизимини жорий этамиз.

Ички меҳнат миграциясини ривожлантиришга эътибор қаратамиз. Бандликни молиявий қўллаб-қувватлаш манбалари кенгайтирилади.

Хусусий бандлик агентликлари тизимини ривожлантирамиз.

Янги фойдаланишга киритиладиган ерларни аҳолига бўлиб беришни таклиф этамиз.

Давлатнинг иқтисодиётга аралашувини чеклаймиз, қулай бизнес, инвестиция ва рақобат муҳитини шакллантирамиз

Биз иқтисодиётда давлат иштирокини кескин қисқартириш, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали хусусий сектор улушини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш тарафдоримиз.

Давлат органлари мансабдор шахсларининг тадбиркорлик фаолиятига, шу жумладан, фермерлар фаолиятига (ҳосилни тасарруф этиш, нарх белгилаш ва б.) аралашувини қатъий тақиқлаш учун барча зарур чораларни кўрамиз.

Тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний усулда аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтирамиз.

Қонуний фаолият юритаётган ва солиқларни ўз вақтида тўлаётган тадбиркорларни текширмасликни таъминлаш тарафдоримиз.

Хусусий мулк дахлсизлигини бузиш, қонуний талабларга риоя этмаган ҳолда ер участкаларини олиб қўйиш, мол-мулкка зарар етказиш учун жиноий жавобгарликни кучайтирамиз.

Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган жиноят турларини камайтириш, мазкур соҳани либераллаштириш тарафдоримиз.

Бизнес юритишни янада соддалаштириш, 1000 га яқин бюрократик талабларни бекор қилиш чораларини кўрамиз.

Лицензиялар сонини икки бараварга камайтирамиз, лицензия бекор бўладиган 60 та фаолият учун хабардор қилиш тизимини жорий этамиз.

Яширин иқтисодиёт иллати билан бизнесга тўсиқ яратмайдиган воситалар орқали муросасиз курашамиз.

Хусусий сектордаги иш берувчиларнинг меҳнат қонунчилигидаги ходим олдидаги мажбуриятларини соддалаштирамиз.

Жаҳон савдо ташкилотига киришни жадаллаштириш учун, хусусан,  тадбиркорларга берилган имтиёзлар адолат, тенглик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилади.

Самарасиз корхоналар давлатдан қўшимча ёрдам олмасдан, хусусий сектор каби “ўз аравасини ўзи тортиши” тарафдоримиз.

Сув хўжалиги, экология, энергетика соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилишини кенгайтириш тарафдоримиз.

Йўл қурилиши, газ ва электр етказиб бериш соҳаларига хусусий бизнесни кенг жалб этиш ташаббуси билан чиқамиз.

Келгуси 5 йилда иқтисодиётда нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш бўйича барча зарурий чораларни кўрамиз.

Давлат улуши мавжуд корхоналар сонини 6 баробарга камайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Давлат харидларида шаффофликни ошириш ва унда кичик бизнес иштирокини янада кенгайтириш мақсадида “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун изчил такомиллаштирилади.

Келгуси йилларда 250 миллиард долларлик, жумладан, 110 миллиард доллар хорижий инвестициялар ва 30 миллиард доллар давлат-хусусий шериклик доирасидаги инвестицияларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини қўллаб-қувватлаймиз.

Банк бозорига нуфузли чет эл банклари кириб келиши, нобанк молиявий хизматларини кенгайтириш учун зарур имкониятлар яратилади.

Фонд бозори ҳажми 10 миллиард долларга етказилади. Акцияларининг бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказиладиган корхоналар рўйхати кенгайтирилади.

“Капитал бозорини ривожлантириш тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Криптоактивлар бозорини ривожлантириш ва соҳадаги қонунчиликни либераллаштириш бўйича аниқ чоралар кўрамиз.

Хусусий жамғариб бориладиган пенсия тизими ташкил этилиши учун барча қонуний асослар яратилишини қўллаб-қувватлаймиз.

Инвестиция кодексини ишлаб чиқишни таклиф қиламиз.

Хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддатини 25 йилдан 49 йилгача узайтириш ташаббусини илгари сурамиз.

“Венчур инвестициялар тўғрисида”ги ва “Краудфандинг тўғрисида”ги янги қонунларни ишлаб чиқишни таклиф қиламиз.

“Тадбиркорлик кодекси” қабул қилинишини жадаллаштирамиз.

Биз барқарор, содда ва адолатли солиқ сиёсати тарафдоримиз!

Солиқ маъмурчилиги тизимини соддалаштириш, барча тадбиркорлар учун солиқни тўлаш борасида адолатли ва тенг шароитлар яратиш, солиқ ставкаларининг ўзгармаслигини таъминловчи сиёсат юритилиши йўналишида иш олиб борамиз.

Солиқ ҳисоботида инсон омили таъсирини кескин камайтириш чораларини кўрамиз.

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар учун товарларни реализация қилишдан олинган жами даромад миқдори чегарасини БҲМнинг 5 минг баробари даражасида белгилашни таклиф этамиз.

Солиқ кодекси ва бошқа меъёрий ҳужжатлардаги тадбиркорлик субъектининг ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиши учун айрим талабларни бекор қилиш, онлайн назорат касса машиналарининг дастурий таъминотини давлат томонидан юритилишини жорий этиш орқали тадбиркорлар улардан фойдалангани учун ундириладиган ҳар ойлик тўловни мақбуллаштириш тарафдоримиз.

Саноат тармоқлари ва замонавий сервисни иқтисодиёт драйверига айлантирамиз

Илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш ва шу орқали саноат маҳсулотлари ҳажмини 1,4 баробарга, меҳнат унумдорлигини 2 баробарга ошириш, 115 миллиард долларлик йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича зарур чораларни кўрамиз.

Саноатда таннархни камайтириш сиёсатини олиб борамиз.

Махсус саноат зоналарини хорижий компанияларга аутсорсинг асосида бошқарувга берамиз.

Автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 1 миллион донага етказиш чоралари кўрилиши электоратимиз хоҳиш-истагига ҳамоҳангдир.

Ўзбекистонни минтақавий “тўқимачилик хаби”га айлантириш учун соҳадаги тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.

Саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 45 миллиард долларга етказиш ва 2,5 миллионта юқори даромадли иш ўринларини яратиш бўйича барча зарур чоралар кўрилади.

Саноатни ривожлантириш жамғармаси молиялаштириш имкониятларини 1 миллиард доллардан ошириш тарафдоримиз.

Кичик саноат зоналарида инвестиция мажбуриятини бажарган тадбиркорларимизга ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат беришнинг қонуний асосларини яратамиз.

Салоҳиятли тадбиркорларга кичик ва ёшлар саноат зоналаридан 10 йилгача бўлиб тўлаш имтиёзи билан ер ажратилиши тарафдоримиз.

Экспорт салоҳиятини юксалтирамиз

Экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга етказилади.

Биз “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” ғояси тезроқ амалга ошишида етакчи куч бўламиз.

50 та нуфузли хорижий бренд билан махсус экспорт зоналари ташкил қилиниши, экспортчи тадбиркорлар учун кредит фоиз ставкалари камайтирилиши борасида иш олиб борилади.

Ҳар бир туманда камида мингта иш ўрни яратадиган 2 тадан янги саноат зоналарини ташкил қилиш, “IT” хизматлари экспорти 5 миллиард долларга олиб чиқилади.

Юқори иқтисодий ўсишни таъминловчи барқарор ва самарали молиявий хизматлар бозорини шакллантирамиз

Партия бу йўналишда фискал барқарорликни таъминлаш, инфляцияни прогноз кўрсаткичлари доирасида жиловлаш, асосий турдаги товар ва хизматлар нархлари барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратади.

Кредит ресурслари таннархини пасайтириш орқали кредит фоизларини 3-4 бандга камайтириш чораларини кўрамиз.

Йиллик кредитлаш ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш, иқтисодиётга кредит қўйилмаларининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улушини ошириб, омонатлар ҳажмини 4 баробарга кўпайтирамиз.

Инфратузилма ва туризмни ривожлантирамиз

Туман марказларидан ҳар бир қишлоққача 5,5 минг километр цемент-бетон йўллар қурилиши, аҳоли пунктлари жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олиниши диққатимиз марказида бўлади.

Барча аҳоли пунктлари ичимлик суви билан таъминланиши учун йўналтириладиган 2,5 миллиард доллар маблағнинг мақсадли сарфланишини қатъий назоратга оламиз.

Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини зарур энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бизнининг асосий мақсадларимиздан бўлади.

Янги Ўзбекистонда сайёҳлик индустрияси кенгайиши учун ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида ҳудудларнинг туризм мастер-режалари ишлаб чиқилади.

Агротуризм имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида “Агротуризм – 2030” стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф қиламиз. Қорақалпоғистон Республикаси ва Оролбўйида экотуризмни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинишига кўмаклашамиз.

Давлат-хусусий шериклиги асосида транспорт, йўл қурилиши, сув хўжалиги каби устувор соҳаларга 14 миллиард доллар инвестиция жалб этишга ҳар томонлама кўмаклашилади.

Йирик аэропортлар модернизация қилиниши, хусусий авиакомпаниялар сони янада кўпайишига хайрихоҳмиз. Йўлларни реконструкция қилиш ва сақлаш учун хусусий секторни жалб қилиш тарафдоримиз.

Биз тартибсиз урбанизация жараёнига барҳам бериш, уни яқин ва олис келажакни жиддий ҳисобга олган ҳолда тизимга солиш керак, деб ҳисоблаймиз. Шу мақсадда барча аҳоли пунктларининг бош режалари тайёрланади.

Объектлар ижтимоий-иқтисодий ҳамда демографик ўсишни ҳисобга олган ҳолда жойлаштирилади.

Реновация дастурларини амалга ошириш авария ҳолатидаги кўп қаватли турар жойларни янгилашда муҳим ўрин тутишини эътироф этамиз.

Айни пайтда бу дастурлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган якка тартибдаги турар жойлар ҳамда нотурар жойлар дахлсизлигига раҳна солмаслиги шарт.

Биз реновация тўғрисида ишлаб чиқилаётган қонунда уй-жой мулкдорлари, тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари мутлақ кафолатланиши тарафдоримиз. Токи, мулкдорнинг розилигисиз мулк тақдири билан боғлиқ ҳеч қандай қарор қабул қилинмасин. Ушбу йўналишда ҳам таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини олиб борамиз.

Йўл-транспорт ҳодисаларини кескин камайтириш учун йўл инфратузилмасини тубдан яхшилаш ва йўл белгиларини тўғри ва зарурий жойларга ўрнатиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Шаҳарларда тирбандликнинг олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида автотураргоҳлар қуриш учун ер участкаларини хусусий тадбиркорларга бериш тарафдоримиз.

Қишлоқ ва овулларни Интернет билан тўлиқ қамраб олиб, унинг тезлигини 10 карра оширамиз.

Ирригация, дренаж тизими, чиқиндини қайта ишлаш, ижтимоий объектларда энергия ва иссиқлик таъминоти тизимини бошқаришга давлат-хусусий шериклик механизмлари кенг жорий этамиз.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаймиз ва аграр соҳани ривожлантирамиз

Бу борада аҳолининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотига бўлган талабини тўла қондириш ва ички бозорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархлари барқарорлигига эришиш – бош вазифамиз.

Қишлоқ хўжалигида 1 гектар ердан олинадиган ўртача даромадни 5 минг долларга етказиш учун барча имкониятларни ишга соламиз.

Фойдаланилмаётган майдонларни ўзлаштириш ҳисобига 300 минг гектарда интенсив боғ ва узумзорлар барпо этиш тарафдоримиз.

Ҳар бир маҳаллада етиштирилган маҳсулотларни қабул қилиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишга кўмаклашувчи шохобчалар ташкил этишни қўллаб-қувватлаймиз.

Деҳқон хўжаликлари ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратамиз.

Етиштирилган маҳсулотларни сақлаш учун 2,5 миллион тонна қувватга эга бўлган 100 та агрологистика марказини ташкил қиламиз.

Органик маҳсулот етиштираётган фермер хўжаликлари учун солиқ имтиёзларини жорий этиш керак, деб ҳисоблаймиз.

Соҳада экспортни йилига 10 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятларни сафарбар этамиз.

Биз қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришларига мос ҳолда ривожлантириш, тупроқ ва яйловлар деградациясининг олдини олиш юзасидан Миллий дастур қабул қилиниши тарафдоримиз.

Соҳага 15 миллиард доллар инвестициялар жалб этишни таъминлаш ташаббусини амалга оширишга кўмаклашамиз.

Фермер ва деҳқонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг имкониятларини кенгайтиришни таклиф этамиз.

Фермер ва деҳқонларга имтиёзли кредитларни ажратиш, уларнинг қайтариш муддатларини мавсумийликдан келиб чиққан ҳолда белгилашни таклиф қиламиз.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ҳақиқий бозор активига айлантириш, ижара ҳуқуқини бўлиб сотиш, ундан гаров предмети сифатида фойдаланиш учун қонуний базани такомиллаштирамиз.

“Агросаноат кластерлари тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқамиз. Қишлоқ хўжалиги экинлари ва чорва молларини суғурталаш тизимининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштирамиз.

Хориждан серҳосил, касалликларга чидамли ўсимлик уруғлари, кўчатлари олиб кирилиши йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш чораларини кўрамиз.

Рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллектга эътибор қаратамиз

Рақамли иқтисодиёт, инновацияларни ривожлантириш, сунъий интеллектдан унумли фойдаланишни рағбатлантирувчи ҳуқуқий ва молиявий шароитларни яратиш, рақамли саноатни жадал ривожлантириш дастурлари қабул қилинишини таклиф қиламиз.

Рақамли технологияларга ихтисослашган корхоналарнинг экспорт фаолиятини жадаллаштириш диққатимиз марказида бўлади.

“Чип саноати”, сунъий интеллект, нанотехнологиялар ва шу каби илғор тармоқларни ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқамиз.

Биз сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва қўллаш, рақамли маълумотларни қайта ишлашнинг умумий тамойиллари ва меъёрлари, стандартлари ва қоидаларини ўрнатишни мақсад қилганмиз.

Такси ҳайдовчиларидан такси компаниялар (электрон такси хизматлари) фойдасига ушланадиган комиссия ставкалари миқдорларини тартибга соламиз.

II. СИФАТЛИ ТАЪЛИМ, ТИББИЁТ ВА КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯНИ ТАЪМИНЛАЙМИЗ

Янгиланган Конституциямизда Ўзбекистон “ижтимоий давлат” деб эълон қилинди, унинг ижтимоий мажбуриятлари уч баробарга кўпайди.

Кейинги йилларда ижтимоий давлат тамойилларини амалда қўллаш, таълимнинг барча босқичларига қамров ва сифат даражасини ошириш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш йўналишларида кўплаб ишлар амалга оширилди.

Бироқ ҳали соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар мавжуд.

Сифатли таълимга эришамиз

Биз, таълим ва интеллектуал ривожланиш бўйича Янги Ўзбекистон дунёдаги етакчи мамлакатлар қаторига кириши зарур, деб ҳисоблаймиз.

Мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондиришни кафолатлаймиз. Бунда давлат-хусусий шериклик ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари биринчи навбатда қўллаб-қувватланади.

Ота-оналар фикри инобатга олиниб, барча боғчаларни компьютер синфи билан таъминланишига эътибор қаратамиз.

Мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимларининг ўртача иш ҳақини 2 баробар ошириш чораларини кўрамиз.

Умумий ўрта таълим мактабларида 153 мингдан ортиқ синф раҳбарлари учун тўланадиган маблағ миқдорини кўпайтиришни таклиф қиламиз.

Келгуси йилларда Мактабларни ривожлантириш давлат дастурини жорий этиш диққатимиз марказида бўлади. 2030 йилга қадар қўшимча 2,5 млн ўқувчи ўрнини яратиш, таълим сифатини тубдан яхшилашни вазифаларимиздан бири сифатида кўрамиз.

Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари сони 2 баробарга оширилиб, улар фаолиятини йўлга қўйиш учун 1 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилади.

Давлат ташкилотларидан мустақил бўлган ва холисона баҳолайдиган нодавлат “таълим аудити” тизими жорий қилинишига эришамиз.

Мактаблар ўртасида ўтказиладиган барча танловлар ва тадбирларда нодавлат мактабларининг ҳам иштирокини таъминлаш тарафдоримиз.

Партиямиз республика ва халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчиларнинг ўқитувчилари учун бериладиган мукофотлар ҳажми янада оширилиши устида иш олиб боради.

Кутубхоналар фондини бойитиш ва тўлиқ рақамлаштириш ҳам юқоридаги мақсадларимизга мувофиқ келади.

Партиямиз боғчалар ва мактабларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда канализация тармоғига улаш ёки локал канализация тизимларини ўрнатиш масалалари назоратини ўз зиммасига олади.

Профессионал таълим тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришга эришамиз.

2030 йилгача битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш кўлами 50 фоизга етказилиши учун барча чораларни сафарбар қиламиз.

Жаҳондаги “Топ-500”даги хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма ўқув дастури ва “икки дипломли тизим”ни жорий этиш олий таълим тизими такомиллашувига хизмат қилади.

Ёшларимизни “Топ-100” глобал рўйхатга кирган университетларда таълим олиши учун валютада узоқ муддатли ва имтиёзли кредитлар бериш амалиётини жорий этамиз.

Келгуси йилларда олийгоҳлар учун қўшимча 120 минг ўринли ўқув бинолари ва 150 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш борасидаги вазифалар ижросини назоратга олинишини таъминлаймиз.

Олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни 70 фоизга етказишга эришамиз.

Илм-фанга йўналтирилган маблағларни ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2030 йилгача 10 баробар оширишга эришамиз.

40 ёшгача бўлган тадқиқотчиларнинг улушини камида 60 фоизга етказиш, илмий ходимларнинг иш ҳақини ўртача 2 баробарга ошириш борасидаги ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлаймиз.

Ҳар бир миллион аҳолига тўғри келадиган илмий тадқиқотчилар сонини 2 минг нафарга етказиш учун зарур шароитларни яратамиз. Биотехнология, сунъий интеллект ва бошқа юқори технологик йўналишларда истеъдодли ёшларни энг нуфузли хорижий олийгоҳларга давлат ҳисобидан ўқишга юбориш бўйича 200 миллион долларлик дастурларни амалга оширишни муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Ўзбекистон Глобал Инновацион Индексда Топ-50 талик мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўрамиз. Янги инновацион ишланмалар сонини 2 баравар ошириш, бу ишланмаларни тижоратлаштириш чораларини кўрамиз.

Жамиятни маърифий юксалтиришга интиламиз

Биз Янги Ўзбекистонни юксак маданият ва маънавиятга эга бўлган, эркин, бахтли инсонлар яшайдиган мамлакатга айлантириш учун бутун куч ҳамда имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Шу муносабат билан “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси ва уни амалга ошириш миллий дастури ишлаб чиқилади. Илм аҳли ва ижодкор зиёлиларга доимий эътибор қаратиш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган ишлар давом эттирилади

. Маданият ва спорт муассасалари, кутубхоналар, театр ва музейларнинг моддий-техник базасини янада яхшилаш юзасидан комплекс тадбирлар амалга оширилади.

Малакали тиббиётни таъминлаймиз

Соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир.

Аҳоли ўртасида касалликларни кескин камайтириш, соғлом турмуш тарзини фаол жорий этиш, ўртача умр давомийлигини 78 ёшга етказиш каби энг муҳим вазифалар бўйича барча имкониятларни ишга соламиз.

Келгуси беш йилда бюджетдан тиббиётга ажратиладиган йиллик маблағ ҳажмини камида 2 карра ошириш, яъни 6 миллиард долларга етказишни асосий мақсадлардан бири сифатида белгилаганмиз.

Асосий эътиборни касалликлар профилактикасига қаратамиз. Келгуси йилларда оналар ва болалар ўлими, болалар ўртасидаги ирсий касалликларни камида 2 баробарга қисқартириш, онкологик, юрак-қон томир, қандли диабет бўйича эрта ўлимни эса 2,5 баробарга камайтиришга бор кучимизни сафарбар этамиз.

Хотин-қизлар ўртасида онкологик касалликларни камайтириш мақсадида 40 ёшдан ошган аёллар учун тегишли даврийликда тиббий кўрикдан ўтиш жорий қилинади. Кафолатланган бепул тиббий ёрдам, унинг аниқ ҳажмининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқамиз.

“Тиббий суғурта тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни тезлаштирамиз.

Партия соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ рақамлаштирилишини кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан, деб билади. Фуқароларга тиббий хизматлар учун кредитлар ажратиш тизими жорий қилишни таклиф этамиз.

Саломатликни тиклаш учун банкдан имтиёзли 3 йил муддатидаги кредит олиш имкониятини яратиш керак. Юрак нуқсони бор 5 минг болани ва кўриш қобилиятини йўқотиш эҳтимоли юқори бўлган 10 минг чақалоқни ҳар йили бепул даволаш чоралари кўрилади.

Онкологик беморлар даволаниши, соғайиб кетиши учун зарур шароитлар яратилади, уларнинг одатий ҳаётга қайтишига кўмаклашилади.

Эҳтиёжманд оилаларнинг онкологик касаллиги бор фарзандларига ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш харажатлари тўлиқ давлат ҳисобидан қопланади.

Партия нодавлат тиббиёт муассасаларига аҳолининг ҳаёти, соғлиги ва санитария-эпидемиологик хотиржамлиги учун юқори даражадаги хавф-хатар билан боғлиқ тиббий фаолият турларидан бошқа барча тиббий хизматларни кўрсатишга, мураккаб операцияларни амалга оширишга рухсат бериш ва лицензиялаш тартибини янада соддалаштиришни таклиф этади.

Чекка ҳудудларда таълим ва соғлиқни сақлаш ташкилотларидаги юқори малакали мутахассислар учун тиббий хизмат кўрсатиш, қўшимча таътил кунлари, саёҳат учун тўловлар, уй-жой ижарасини ўз ичига олган “Ижтимоий пакет” тизимини жорий этишни таклиф этамиз.

Шифокорларни хорижий мамлакатларга тажриба алмашиш учун давлат ҳисобидан юборишда нодавлат тиббиёт ташкилотлари шифокорлари учун ҳам квоталар ажратишни таклиф қиламиз.

Давлат тиббий суғуртаси билан бирга нодавлат тиббий суғурта тизимини жорий этишни муҳим ташаббус сифатида илгари сурамиз. Шу тариқа тиббиётда хусусий секторнинг улушини 25 фоизга етказиш чоралари кўрилади.

Мамлакатга сифатсиз ва инсон ҳаёти учун хавфли дори воситалари олиб кирилишига қатъий чек қўйилади.

Замонавий фармацевтика кластерлари ҳамда зоналари ташкил этилади, мавжудлари фаолиятининг самарадорлиги оширилади.

Фуқароларни мақбул уй-жой билан таъминлашга эришамиз

“Ҳар бир оила ўз уйига эга бўлсин” деган шиорни амалга татбиқ этамиз! Келгуси йилларда қўшимча уй-жой қурилиши соҳасига 15 миллиард доллар маблағларни йўналтириш орқали 1 миллион хонадонли уй-жойлар қурилишига алоҳида эътибор қаратамиз.

Қурилиш-пудрат ташкилотлари ҳамда аҳолига имтиёзли ва узоқ муддатли кредитлар берилиши бўйича тизимли иш олиб борамиз.

Уч ва ундан ортиқ фарзанди бор 35 ёшгача бўлган шахсларга уй-жой сотиб олиш учун имтиёзли ипотека кредитлари ажратилишига эришамиз. Янги уй-жой сотиб олган фуқароларга қўшилган қиймат солиғининг ярми қайтариб бериладиган тизим жорий этилади.

Қурилишда яширин иқтисодиётга барҳам берилади. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари тизимли давом эттирилади.

Муносиб ижтимоий хизматлар тарафдоримиз

“Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилига асосланиб, ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш, камбағалликни қисқартириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширамиз.

Бу борада Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ваколатлари ва фаолият кўлами янада кенгайтирилади.

Маош олувчи фуқароларни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баробаригача даромад солиғидан озод этилишига эришамиз.

Электр энергияси ва табиий газ истеъмоли бўйича белгиланган ижтимоий нормалар миқдорларини мавсумийлик, хонадон аъзоларининг ижтимоий ҳимоя реестрига киритилганлиги ва оилалар сонидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқишни таклиф қиламиз.

Энергия таъминоти соҳасидаги молиявий ҳисоботларда шаффофлик ва очиқликни таъминлаш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Ногирон шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар давом эттирилади.

Ортопедия, реабилитация, тиббиёт ва дори воситаларини ногирон шахсларнинг ўзи танлайдиган, давлат эса пулини тўлаб тўлаб берадиган тизим жорий этилади. Протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш учун йўналтириладиган маблағларни 250 миллиард сўмга оширилади.

Ногиронликни белгилаш жараёнларини соддалаштириш, сарсонгарчиликка йўл қўйилмаслик, Тиббий ижтимоий эксперт комиссиялари бемор тўғрисидаги маълумотларни электрон тизимдан олиши ва электрон расмийлаштириши керак, деб ҳисоблаймиз.

Партия ногиронликни белгилашда ижтимоий моделга ўтиш йўналишида тизимли иш олиб боради.

Ишлаш истагидаги ногирон шахсларга зарур шароитлар яратилишини қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, оиласидаги ногирон шахсга қаровчи эҳтиёжманд инсонларга иш ҳақи тўлаш тизимини жорий қилиш ҳар иккиси манфаатига хизмат қилади. Биз ногиронлиги бўлган шахсларни бизнесга жалб қилиб, даромад топишга ўргатган тадбиркорларга енгилликлар бериш тартибини кенгайтириш тарафдоримиз. Спортни янада оммалаштиришга эътибор қаратамиз.

Келажагимиз эгалари – ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз

Партиямиз ёшлар учун манфаатли иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини молиялаштиришга кўмаклашиш йўналишларида тизимли иш олиб боради.

Ёшларни ҳунар ва замонавий касбларга, хорижий тилларга ўқитиш, маънавиятини, маърифатини юксалтириш, китобхонлигини ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда “IT” соҳаси ва спортга кенг жалб этиш борасида пухта ишланган режаларини амалга оширади.

Ёшлар бандлиги ва ишбилармонлигини фаол қўллаб-қувватлаймиз.

Хусусан, ишсиз ёшларни замонавий касбларга ўқитиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқамиз.

Корхоналар буюртмаси асосида касбга тайёрлаш амалиётини жорий қиламиз.

Партия ўз зиммасига ҳар бир вилоятда камида 100 гектар майдонда “Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази”ни ташкил қилинишига эришиш вазифасини олади. Режамизга кўра, ушбу марказлар ёшларимиз учун чинакам “лойиҳалар фабрикаси” бўлади.

Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш учун микромолиялаш хизматларини кенгайтириш ва замонавий молиявий инструментлардан кенг фойдаланиш учун имкониятлар яратамиз.

Ўз бизнесини ижарага олинган бинода бошлаётган ёшларимизга бир йиллик ижара харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Талабалар учун давлат ташкилотларида иш ҳақи тўланадиган стажировка тизимини ривожлантириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил қилинган «Карьера ва стажировка марказлари» фаолиятини такомиллантириш тарафдоримиз.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш мақсадида ҳар бир маҳаллада “Мустақил ривожланиш” марказлари ташкил қилиниши партиянинг ёшларга оид сиёсатига ҳамоҳангдир.

Ёшлар ўртасида IT соҳасини янада оммалаштириш ҳамда соҳада хизматлар экспортини ошириш учун “мактаб – олийгоҳ – IT компанияси”дан иборат яхлит “IT таълим” ва хизматлар занжири яратилиши керак.

Ëшлар учун махсус уй-жойлар қуриш ва ҳар йили 1 мингта ёш оилага имтиёзли ипотека кредитларини беришни таклиф қиламиз.

Хотин-қизларимиз ҳаётидан рози яшашлари учун барча шароитларни яратамиз

Партия учун хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенглик масалалари бундан буён ҳам асосий вазифа бўлиб қолади.

Жамиятда аёллар тадбиркорлигини фаоллаштиришга қаратилган сиёсатни изчил давом эттирамиз.

Аёлларнинг масофавий меҳнат ва рақамли тадбиркорлик бўйича кўникмаларини оширишга жиддий эътибор қаратамиз.

Шу орқали аёллар орасидаги ишсизлик даражаси 2 марта камайтирилади.

Бошқарув лавозимларидаги хотин-қизлар улушини камида 30 фоизга кўпайтириш тарафдоримиз. Қийин аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар учун ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш хизматини кенгайтиришнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаймиз. Туғуруқ таътилидаги аёллар учун онлайн ишлаш тизимини жорий этиш юзасидан ҳуқуқий асослар яратилиши бўйича изчил иш олиб борамиз.

Тадбиркорлик субъектларининг ёпилиши натижасида ишсиз қолган ёш болали аёлларни қўллаб-қувватлаш учун уларни ишсизликдан суғурталаш тизимини жорий қиламиз.

Ёши улуғ инсонларни қўллаб-қувватлаймиз

Кексалар соғлигини тиклаш ва мазмунли дам олиши учун алоҳида дастур қабул қилиш таклифини илгари сурамиз.

Мамлакатмиздаги уч миллиондан ортиқ нуронийлар ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказилиши, шифохона ва сиҳатгоҳларда даволаниши, улар учун юртимиз бўйлаб саёҳатлар ташкил этилишига кўмаклашамиз.

“Кексалар саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш орқали 70 ёшдан ошган кексаларга бепул тиббий ва зарур ижтимоий хизматни кучайтиришни илгари сурамиз.

Пенсия тизимини такомиллаштириш орқали жамғариб бориладиган пенсия тўловларининг бир қисмини фуқаролар эҳтиёжлари учун улар пенсия ёшига етмасидан тўлаб бериш амалиётини жорий қиламиз.

III. АҲОЛИГА ҚУЛАЙ АТРОФ-МУҲИТ ШАРОИТЛАРИНИ ЯРАТАМИЗ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилаш, экологик хавфсизликни таъминлаш, чиқиндиларнинг инсонлар соғлиғига зарарли таъсирини олдини олиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ҳолати сифатини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Мамлакат миқёсида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимизда 1 миллиард туп кўчат экилиб, Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда ўрмонлар барпо этилди.

Мамлакатимизда кейинги олти йилда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар 700 минг гектардан ошди.

Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш бўйича ҳам муҳим қадамлар ташланди. Бироқ, эришилган натижаларимиз билан бирга қатор муаммолардан ҳам кўз юммаслигимиз керак. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланмаслик ҳолатлари учраётганлиги, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошганлиги, ҳудудларда яшил майдонлар қисқарганлиги бу соҳада ҳали қилинадиган ишларимиз кўплигидан далолат беради.

Шу боис, она табиатимизни асраб-авайлаб, келажак авлодларга безавол етказиш бўйича таъсирчан чораларни кўрамиз. Мазкур йўналишда қуйидагиларга эътибор берилиши муҳим, деб ҳисоблаймиз:

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланамиз

Сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг асосларини жорий этиш жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз.Чунки сув ресурслари муаммоси келгуси ўн йилликларда минтақамиз ва мамлакатимиз учун энг долзарб масала бўлиб қолади.

Бугунги кунда 70 фоиз ерлар эски усулда суғорилмоқда, 60 фоиз каналлар бетонланмагани оқибатида йилига 16 миллиард метр куб сув йўқотилмоқда. Шу сабабли, беш йил ичида барча экин майдонларида сув тежайдиган технологияларни жорий этиш зарур.

Сув тежайдиган технологияларни жорий қилган фермер ва деҳқонлар харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш тизимини жорий этиш тартибини ўрнатамиз.

Фуқаролар хонадонига сув фильтрларини ўрнатиш учун имтиёзли асосда истеъмол кредитлари ажратиш, мамлакатимизда тоза сувнинг таркибига нисбатан ягона стандарт жорий қилиш мақсадида “Тоза сув” лойиҳасини амалга оширишни қўллаб-қувватлаймиз.

Сув кодекси лойиҳасини ишлаб чиқамиз. Хонадонларда, корхона ва ташкилотларда сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, ёш авлодни шу мақсадда ўқитишни рағбатлантирамиз.

Қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаймиз

Фуқаролар экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳит зарарланишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти ҳамда иссиқлик энергияси истеъмоли соҳаларида жамоатчилик назоратини кучайтирамиз.

Барча қишлоқ ва шаҳарларни қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш хизматлари билан тўлиқ қамраб олиб, уларни қайта ишлашни камида 65 фоизга етказамиз.

Барча ҳудудларда, аввало, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини яхшилаш бўйича “Мусаффо ҳаво – 2030 миллий дастури”ни қабул қиламиз.

Ҳудудларда экологик аудит ўтказиш ва унинг натижаларини жамоатчиликка эълон қилиш амалиётини йўлга қўйиш муҳим.

Экологик тоза транспортлар учун зарур инфратузилмани ривожлантирамиз, электр транспорт воситаларини оммалаштириш бўйича қўшимча имтиёзлар тўғрисидаги қонунни қабул қилиш зарур.

Атроф-муҳитга зарарли ташланмаларни қисқартирамиз ҳамда инсон фаолиятининг табиатга салбий таъсирини камайтирамиз

Кўмир, мазут каби энергия манбалари атроф-муҳитга кучли зарар етказмоқда. Улар ўрнига босқичма-босқич экологик тоза геотермал ва бошқа қайта тикланувчи энергия турларини кенг йўлга қўйиш талаб этилади.

Эски автотранспорт воситалари учун “Trade in” тизимини жорий этиб, уларни юқори экологик стандартлардаги автотранспорт воситаларига айрбошлаш истагидаги фуқароларга керакли маблағни узоқ муддатда бўлиб тўлаш имкониятини яратамиз. Бу имкониятларни, энг аввало, ўқитувчи ва шифокорларга бериш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Ишлаб чиқариш корхоналари томонидан атроф-муҳит ва ҳавога зарарли чиқиндиларни ташлаш кўрсаткичлари ҳисобланиб, уларни камайтириш стратегиясини ишлаб чиқиш керак, деб биламиз.

Стратегия ижросини таъминлаган корхоналарга енгилликлар яратамиз.

Оролбўйи минтақасига бирламчи эътибор қаратамиз

Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдонларни барпо этиб, уларнинг умумий ҳажмини 2,5 миллион гектарга ёки ҳудуднинг 78 фоизига етказамиз.

Оролбўйида халқаро “Яшил иқлим” ва Глобал экологик жамғармаларининг биохилма-хиллик, иқлим ўзгариши ва тупроқ емирилишининг олдини олишга қаратилган дастурлари асосида 300 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳалар амалга оширилади.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янада кенгайтирамиз

Яшил майдонларни кўпайтириш учун йилига 400 миллиард сўм ажратиб борилиши аҳоли масканларида экологик муҳитни яхшилайди. Давлат идоралари, корхоналар, олийгоҳлар ҳам ўз боғларини ташкил қилиши, янги уй-жой қуришда пудратчиларга “яшил ҳудуд” ва автотураргоҳ барпо этиш мажбурий этиб белгиланиши зарур, деб ҳисоблаймиз.

Мамлакатимизда яшил майдонлар, дарахтзорлар, гулзорларни 30 фоизга етказишга алоҳида диққат қаратамиз. Шаҳарлар ҳамда уларнинг атрофларида “яшил белбоғ”лар барпо этиш чораларини кўрамиз.

“Яшил иқтисодиёт” кўламини кенгайтириш тарафдоримиз

Мамлакатимизда “яшил” ўсиш орқалигина барқарор тараққиётни таъминлаш мумкин, деб ҳисоблаймиз. Республикамизда қайта тикланувчи энергия манбаларини 2,5 баробарга ошириб, ишлаб чиқарилган энергияда уларнинг улушини 40 фоизга етказамиз.

“Яшил” технологияларни кенг қўллаш, экологик тоза маҳсулотларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқаришда ёпиқ циклли технологиялардан фойдаланишни ривожлантирамиз.

Энергетик хавфсизликни ҳамда иқтисодиётни барқарор энергия билан таъминлаш учун атом технологиялари ва энергиясидан хавфсиз фойдаланиш инфратузилмасини ривожлантириш, АЭС қуриш ва ундан хавфсиз фойдаланишни қўллаб-қувватлаймиз.

“Яшил иқтисодиёт”га ўтиш борасида кенг кўламли халқаро ҳамкорликни ривожлантирамиз.

Саноатда “яшил сертификат”лар бозори яратилади. Автобусларни экологик тоза электр ёки газ ёқилғисига ўтказишни изчил давом эттирамиз. Қурилишда энергияни тежаш бўйича талабларга қатъий риоя этилиши таъминланади.

Энергия самарадорлиги 2 карра оширилади. Қишлоқ хўжалигида агровольтаика амалиётини кенг жорий қилиш таклиф этилади.

Экологик тоза энергия ишлаб чиқариш жараёнларига хусусий секторни кенг жалб қилиш ишларини изчил давом эттирамиз.

IV. ХАЛҚ ХИЗМАТИДАГИ АДОЛАТЛИ ВА ЗАМОНАВИЙ ДАВЛАТНИ БАРПО ЭТАМИЗ

Ўтган даврда республикамизда халқ билан мулоқот қилишнинг мутлақо янги тизими яратилди.

Давлат аппаратининг институционал тизими қайта кўриб чиқилиб, уни оптималлаштириш, самарадорлигини ошириш бўйича муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Давлат хизматларини кўрсатиш тизимига инновацион ёндашувлар жорий этилди.

Шунинг баробарида бу соҳаларда ўз ечимини кутаётган масалалар талайгина. Давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, очиқ фуқаролик жамияти, қонун устуворлиги ва одил судловни таъминлаш, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган илоҳотларни қатъий давом эттириш бугунги кун талабидир.

Зеро, янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистонга ҳуқуқий давлат, деган таъриф берилди ва шу асосда инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар ҳам 3 баробар кўпайтирилди. Бу ишларнинг мантиқий давоми сифатида халқ хизматидаги давлатни барпо этиш вазифасини Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий тамойилларидан бири сифатида кўрамиз.

Давлат ва жамият бошқаруви инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади

Биз, аввало, инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсати, барча давлат органлари фаолиятининг энг устувор мақсади бўлиши керак, деган принципга таянамиз.

Давлат органлари халққа хизмат қилишнинг самарали воситаси бўлиши шарт. Жамиятимизда “Қонун ва адолат устувор”, “Жиноятга жазо муқаррар” принципларини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фақат халқ манфаати йўлида хизмат қиладиган идораларга айланиши учун куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Давлат хизматчилари томонидан давлат бюджети ҳисобидан ортиқча қиммат нарсалардан фойдаланишни чеклаш, қимматбаҳо автомобиллар ва телефонларни давлат ҳисобидан сотиб олиш тартибга солинади.

Бюджет харажатларини қисқартиришга эришиш, ижро ҳокимияти тизимида хизмат машиналари сонини қайта кўриб чиқишни таклиф қиламиз.

Рақамлаштириш орқали бюрократияни бартараф этиш принципини жадал давом эттирамиз.

Давлат хизматларининг камида 300 тасини (40 фоизини) хусусий секторга ўтказиш ва фуқароларнинг шахсий иштирокини 2 баробарга қисқартириш орқали аҳоли учун янги қулайликларни яратамиз.

Фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланиш учун мурожаат қилишида аризани ёзиш, турли шаклларни тўлдириш каби ортиқча формал тартибларни бекор қилиб, давлат идоралари зарур ҳужжатларни электрон базадан ўзи оладиган тизим яратамиз.

Бюджет ташкилотлари харажатларининг шаффофлигини таъминлашда парламент ва маҳаллий Кенгашлар олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш тарафдоримиз. Мулк шаклидан қатъи назар, барча меҳнат жамоаларида иш вақти меъёрларига қатъий амал қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Фуқаролик жамиятини, маҳалла институтини ривожлантирамиз

Жойлардаги бошқарувни такомиллаштириб, маҳаллий Кенгашни халқнинг чинакам овозига айлантирамиз.

Ҳокимларнинг Кенгаш олдида ҳисобдор бўлиши, масъулияти ва жавобгарлиги ошишини таъминлайдиган тизимни мустаҳкамлаймиз. Ҳоким ва маҳаллий Кенгашнинг жавобгарлик доираси ва аниқ вазифалари белгиланади.

Маҳаллий кенгашлар фаолиятига оид 500 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари тизимлаштирилади.

Партия қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили ҳамда илғор хорижий тажриба асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида қонунчиликни такомиллаштириш ташаббуси билан чиқади.

Аҳоли фаровонлигини таъминлашда маҳаллани жамоатчилик ва давлат органлари ўртасидаги “кўприк”ка айлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.

Маҳаллаларни “бир қадам” тамойили асосида фуқароларнинг аксарият масалаларини ҳал этадиган масканга айлантириш масаласи ғоят долзарбдир.

Аҳоли турмушини янада яхшилаш мақсадида “Ташаббусли бюджет”га бериладиган маблағлар 3 карра оширилишини кун тартибига чиқарамиз.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳасидан мактабгача таълим, мактаб, тиббиёт муассасаларини молиялаштириш масалаларини чиқариб, уларни алоҳида соҳавий дастурлар орқали молиялаштириш тартибига ўтишни ҳал этиш масаласини илгари сурамиз.

Халқчил давлатнинг асоси сифатида қонун устуворлиги, одил судлов ва адолатни таъминлашга эришамиз

Қонун устуворлиги, суд мустақиллигини кафолатлаш ва адолатни таъминлаш давлатнинг устувор вазифаси, деб ҳисоблаймиз. Биз Янги Ўзбекистонда фуқаро ва бизнеснинг ҳимоячиси фақат қонун ҳамда суд бўлишига эришамиз.

Мустақил суд тизими ва одил судлов – қонун устуворлиги кафолати. Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиб, одил судловга эришиш учун барча имкониятларни сафарбар этамиз.

Биз, илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, қонунчиликни қўллашда муайян суд иши бўйича чиқарилган суд ҳужжатини бошқа шу турдаги ишларга қўллаш имконини берувчи “суд прецеденти ҳуқуқи”ни амалиётга жорий этиш тарафдоримиз.

Жабрланувчининг илтимосига асосан жиноят ишини қўзғатмасдан ҳам ярашиш имкониятини яратиш тарафдоримиз.

Жиноят содир қилган шахслар келгусида тузалиш йўлига ўтиши учун муқобил жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари кенгайтирилади. Биз терговда шахс ҳуқуқини чеклашга санкция бериш масаласи алоҳида судьялар томонидан кўриб чиқилишини илгари сурамиз.

Иқтисодий жиноятлар бўйича “қамоққа олиб тергов қилиш” амалиётига чек қўйиш, бунинг ўрнига гаров эҳтиёт чорасидан кенг фойдаланиш имконияти яратилади.

Бу масалада айбланувчи ёки ҳимоячи томонидан судларга эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақида мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилади.

Ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимларининг фуқаролар билан мулоқот қилиш стандартларини жорий этиш орқали уларни халқ кўз ўнгида том маънода ҳимоячига айлантирамиз.

Барча соҳаларда шахсга доир маълумотлар билан ишлаш талабларини кучайтириш тарафдоримиз.

Пировард мақсадимиз – фуқароларимизнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш, мулки ва маблағларини фирибгарлар ва кибержиноятчилардан ҳимоя қилиш.

Йўл транспорт ходисаларини кескин камайтириш чораларини кўриш, жиноий жавобгарликни кучайтириш, юқори тезликда ҳаракатланадиган ҳайдовчиларни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклифини берамиз.

Йўл ҳаракати ва бошқа соҳалардаги жиноятлар натижасида боқувчисидан маҳрум бўлганларга айбдорлардан 18 ёшга тўлгунга қадар алимент олиш ҳуқуқини бериш тарафдоримиз.

Адвокатлар палатасининг адвокатларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолияти такомиллаштирилади.

Адвокатлар рейтингини жорий қилиш орқали адвокатлик тизимида рақобат муҳити ривожлантирилади, салоҳиятли адвокатлар кўпаяди.

Партия бизнес юритишга халақит бераётган қатор нормаларни қайта кўриб чиқишни илгари суради: - тадбиркорнинг манзили, банк реквизитлари ўзгаргани ёки қайта рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарликни бекор қилиш; - тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидаги амалиётларни тўхтатиб туришга фақат суд тартибида рухсат беришни қонун даражасида белгилаш; - назорат қилувчи органлар зиммасига текширув ўтказилиши ҳақида Савдо-саноат палатасини камида 10 иш куни олдин хабардор қилиш мажбурияти юкланишини қонунда белгилаш; - солиқ интизомининг бузилиши билан боғлиқ маъмурий жарима миқдорини ҳуқуқбузарлик келтириб чиқарган иқтисодий оқибатнинг таъсирини инобатга олиб табақалаштириш; - тадбиркорлик субъектларининг ўзларига кўрсатилган хизматлар, шу жумладан, берилган кредитлар юзасидан банклар ва бошқа молия ташкилотлари олдидаги шартнома мажбуриятларини асосли бизнес таваккалчиликлари туфайли бажармагани уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлмаслигини қонунчиликда белгилаш.

Очиқлик сиёсатини давом эттирамиз ва халқ билан мулоқотни кенгайтирамиз

Эркинлик ва очиқлик сиёсатини изчил давом эттириб, оммавий ахборот воситалари (ОАВ) фаолиятининг эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларини қатъий кафолатлаймиз.

Сўз эркинлигига қарши ҳар қандай уринишларга қарши туриш ва мустақил нодавлат матбуот тизимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаймиз.

Коррупцияга қарши курашишни кучайтирамиз

Коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттирамиз.

Коррупцияга қарши курашишда давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича чоралар кўрамиз. Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия қабул қиламиз.

V. МАМЛАКАТИМИЗ СУВЕРЕНИТЕТИ ВА ХАВФСИЗЛИГИНИ КАФОЛАТЛАЙМИЗ

Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга ошириши белгиланган.

Шунга кўра, узоқ ва яқин давлатлар билан дўстлик алоқалари ва ўзаро ҳамкорликни барча соҳаларда ривожлантирамиз.

Мамлакатимизда тинчлик, барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувлик бардавом бўлгандагина демократик ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни амалга ошириш, жамиятни ривожлантириш мумкин, деб ҳисоблаймиз.

Бу йўналишда қуйидаги вазифалар бажарилишига муносиб ҳисса қўшамиз.

Мамлакатимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, фуқароларимизни турли мафкуравий таҳдидлар, зарарли оқим ва ғоялардан ҳимоя қилиш масалалари эътиборимизда бўлади.

Диний ва маънавий меросимизни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси халқаро маркази ва бошқа илмий-маърифий марказлар имкониятлари тўлиқ ишга солиниши учун мунтазам иш олиб борамиз.

Очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсатни давом эттирамиз

Партия Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати фақат халқимизнинг миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда олиб борилиши зарур, деган қатъий позицияда.

Биз узоқ ва яқин давлатлар, халқаро ташкилотлар билан алоқалар ва ҳамкорликни ана шу тамойил асосида ривожлантириш тарафдоримиз. Биз очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат давом эттирилишига хайрихоҳмиз.

Партия ташқи сиёсатда қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожлантирилишида барча имкониятларини ишга солади.

Ўзбекистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ташаббуслари халқаро майдонда фаол илгари сурилиши, Марказий Осиёда турли йўналишлар, айниқса, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш борасидаги амалий ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилишини қўллаб-қувватлаймиз.

Дунёнинг қудратли давлатлари ва бошқа стратегик ҳамкорларимиз билан янги форматдаги амалий алоқалар мустаҳкамланиши тарафдоримиз.

Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика ва транспорт, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқилиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Хусусан, қўшни Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасидаги ишлар узлуксиз давом эттирилиши керак. Транспорт соҳасида ташқи савдо учун “яшил коридорлар” ҳамда транзит имкониятлари кенгайтирилиши катта аҳамиятга эга.

Илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларидаги ташқи алоқаларни кучайтириш зарур.

Партия иқтисодий дипломатияни кучайтириш тарафдори. Инвестиция ва инновацияларни кенг жалб қилиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва Ўзбекистон имижини фаол тарғиб этиш барча дипломатик ваколатхоналаримизнинг асосий вазифасига айланиши керак.

Халқ дипломатиясининг, айниқса унинг муҳим шаклларидан бири бўлган партиявий дипломатиянинг ролини тобора оширишимиз керак. Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги ишларни жадаллаштириш партиянинг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолади.

Ватандошлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаймиз ва мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаймиз

Хориждаги ватандошларимизни қўллаб-қувватлаб, уларнинг юртимиз тараққиётида фаол иштирок этишлари учун зарур шароитларни яратамиз.

Хориждаги ватандошларимиз орасида она тили, миллий маданият ва анъаналарни тарғиб этиш бўйича тизимли чоралар кўрилади.

Ташқи меҳнат миграцияси тизимини ислоҳ қилиб, хорижга ишлаш учун бораётган фуқароларимизни касбга ва чет тилларига ўқитиш кўламини кенгайтирамиз.

Хорижда ишлаб юрган юртдошларимиз учун, аввало, Ўзбекистонда ишлаб, муносиб иш хақи олишлари учун имконият яратамиз.

Мураккаб вазиятга тушиб қолган юртдошларимизга ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар кўрсатишни янада оширамиз.

Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига доимий ғамхўрлик қилиш ва ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштирамиз.

Хорижда даромадли меҳнат билан банд бўлиш истагида бўлган ёшларимизга асосий миграция оқими бўлган мамлакатлар тилларини бепул ўрганиш учун шароит яратамиз.

Хорижга меҳнат қилиш учун чиқишда ҳужжатларни расмийлаштириш, суғурта, йўл ҳақи ва бошқа ҳаражатлар учун кредит, субсидия ва грантлар ҳажмлари кенгайтирилади.

Ҳар бир ҳудудда фуқароларни хорижий тилларга ва талаб юқори бўлган касбларга бепул ўргатадиган марказлар фаолияти йўлга қўйилади.

Миллий хавфсизликни таъминлаш устувор мақсадимиздир

Жаҳонда содир бўлаётган мураккаб жараёнлар шароитида бизнинг бош мақсадимиз – Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги, сарҳадлари дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини янада мустаҳкамлашдан иборат бўлади.

Партиянинг бу йўналишдаги асосий мақсади – миллий хавфсизлик соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мамлакат мудофаа салоҳиятини юксалтириш бўлади.

Қуролли Кучларимизнинг қудрати, мудофаа қобилиятимиз ва ҳарбий салоҳиятимизни янада ошириш мақсадида миллий армиямизни 2030 йилга қадар энг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминлашни қўллаб-қувватлаймиз.

Қўшинларнинг жанговар руҳи ва салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, уларни ва оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида бошланган ишлар жадал давом эттирилади.

Ёш авлодни Ватанга, мустақилликка муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ғояси атрофида бирлаштириш бўйича тизимли иш олиб борилади.

***

Партиямиз юқорида баён этилган мақсад ва вазифаларни ўз олдига қўйиб, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини эркинлаштириш мақсадида иш олиб борувчи етакчи сиёсий куч сифатида жонажон халқимизни бирлашишга, ягона Ватанда қудратли куч бўлишга чақиради!

Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланадиган, ҳар бир фуқаро ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча имкониятлар яратилган мамлакат бўлмоқда ва бўлмоғи керак! Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида буни кўришни истайди.

Шу олий мақсад йўлида партиямиз Президентимиз бошчилигида, халқимиз билан бирга “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини сўзсиз амалга ошириш, юртимизда эркин ва фаровон ҳаёт, инсон қадри эъзозланадиган янги давлат, янги жамият барпо этишга қаратилган эзгу ишларни қатъий давом эттиради.

Бўлғуси сайловда партиямиз ва унинг номзодларига билдириладиган юксак ишончни оқлаш учун биз барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Халқимиз ҳаётини янада фаровон қилишга қаратилган ушбу улуғ мақсадларни амалга ошириш фақат бизнинг қўлимиздан келади! Уларни фақат биз халқимиз билан биргаликда бажара оламиз!

Биргаликда биз кучмиз!

Биргаликда қудратлимиз!

Янги Ўзбекистон тараққиёти учун бирлашайлик!

Ваъда эмас натижа, эртага эмас бугун!

ЎзЛиДеП ВА НОМЗОДЛАРИМИЗГА ОВОЗ БЕРИНГ!


Сайтни янги дизайни ёқдими?