Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш: дастлабки натижалар ва таҳлиллар

10.07.2026
300

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси ташаббуси билан «Ўзбекистонда 2026 йилги аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари» мавзуcида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Жаҳон аҳолишунослик кунига бағишлаб ўтказилган тадбирда депутатлар, Миллий статистика қўмитаси масъуллари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)  вакиллари, миллий ва хорижий экспертлар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Конференцияда мамлакатимизда илк бор — 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг дастлабки натижалари ҳамда олинган маълумотлардан давлат сиёсати ва ривожланиш дастурларини ишлаб чиқишда фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш мамлакатни ишончли маълумотлар ва халқаро статистика стандартлари асосида бошқариш тизимини ривожлантиришга қаратилган стратегик сармоядир.

Шунингдек, ушбу жараён расмий статистиканинг энг муҳим манбаларидан бири бўлиб, аҳоли сони, унинг ёш ва оилавий таркиби, таълим даражаси, бандлиги, миграцияси, уй-жой шароитлари ҳамда бошқа демографик ва ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар тўғрисида комплекс маълумотларни тақдим этади. Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари билан биргаликда ушбу маълумотлар давлат сиёсатини такомиллаштириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, давлат хизматлари сифатини ошириш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун мустаҳкам далиллар базасини яратади.

Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг илк бор ўтказилиши Ўзбекистон миллий статистика тизимини модернизация қилиш йўлидаги муҳим босқич бўлиб, мамлакатнинг маълумотлар, инновациялар ва халқаро стандартларга асосланган самарали давлат бошқарувини ривожлантиришга бўлган қатъий интилишини яна бир бор тасдиқлади.

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 39 047 321 нафарни ташкил этди, бу эса жорий статистик ҳисоб-китобларга нисбатан қарийб 810 минг нафарга кўп демакдир. 1989 йилда ўтказилган сўнгги аҳолини рўйхатга олиш натижалари билан таққослаганда, мамлакат аҳолиси қарийб икки бараварга ошган. Шунингдек, рўйхатга олиш жараёнида Ўзбекистонда бир йилдан ортиқ муддат яшаб келаётган 56,9 минг нафар хорижий фуқаро ҳам рўйхатга олинди.

— Замонавий қонун ижодкорлигини сифатли маълумотларсиз тасаввур қилиб бўлмайди, — дейди Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов. — Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжлари ва ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қонунлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш учун мустаҳкам асос яратади. Айнан шундай маълумотлар мамлакатнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиши ва фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган қарорларни қабул қилиш имконини беради.

— Рўйхатга олиш тадбири давомида олинган ҳар бир рақам давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, ижтимоий сиёсатни такомиллаштириш ва ҳудудларни янада самарали ривожлантириш режаларини ишлаб чиқишга хизмат қилади, — дейди Миллий статистика қўмитаси раиси ўринбосари Зоҳиджон Зияев. — Шу боис рақамли технологиялар, халқаро стандартлар ва аҳолининг фаол иштироки туфайли биз рўйхатга олиш тадбирини мутлақо янги сифат босқичида амалга оширишга муваффақ бўлдик.

ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги Доимий вакили ўринбосари Матлуба Умурзакова ўз нутқида сифатли демографик маълумотлар самарали давлат сиёсатининг пойдевори эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, рўйхатга олиш натижалари мамлакат ривожланишининг устувор йўналишларини янада аниқ белгилаш, давлат инвестицияларини энг эҳтиёж юқори бўлган соҳаларга йўналтириш ҳамда «Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик» тамойилини таъминлашга хизмат қилади.

Конференцияда сўзга чиққанлар рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларида олинган маълумотлар демографик ўзгаришларни янада аниқ прогноз қилиш, аҳолининг турли қатламлари эҳтиёжларини ҳисобга олиш ҳамда далилларга асосланган давлат сиёсатини шакллантириш имконини беришини алоҳида қайд этдилар.

Конференция якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?