Таълим даргоҳида истеъдодли ўқувчи-ёшлар билан учрашув ўтказилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Андижон вилоятига ташрифи мобайнида Булоқбоши туманидаги 43-умумий ўрта таълим мактабида ҳам бўлди.
Таълим даргоҳида педагог ўқитувчилар ҳамда истеъдодли ўқувчи-ёшлар билан учрашган партия етакчиси ўзаро самимий мулоқот руҳида кечган суҳбатда юртимиз эгалари бўлган ёшларга кўрсатилаётган эътибор бугун ҳар қачонгидан ҳам юқори поғонага кўтарилганини эътироф этди.
Шунингдек, таълимда хусусий секторнинг улуши ортиб бориши билан соҳада соғлом рақобат муҳити юзага келгани, ёшларга танлов имкониятларини оширгани, хусусий таълим муассасаларининг ёшларни сифатли таълим билан қамраб олинишида давлатга кўмакчи бўлаётгани хусусида ҳам тўхталди.
Хусусий таълим муассасалари соҳада таълим сифатини ошириш, маданиятини шакллантириш, ўзини ўзи ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этибгина қолмасдан, хусусий сектор давлатнинг таълим хизматлари билан таъминлаш юкининг бир қисмини ўзига олган ҳолда аҳолининг таълим олишига бўлган эҳтиёжларини қондира бошлагани эътиборга молик эканини қайд этди.
Таълим ва илм-фан, технологияларни янада ривожлантириш, узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш тарафдори бўлган партия бундан буён ҳам ёшларни таълим олиши, етук салоҳиятли кадр бўлиб етишиши, бандлигининг таъминланиши, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ўзининг ўрни ва овозига эга бўлишида яқин кўмакчи бўлиб қолишини билдирди. Партия етакчиси ўқувчи-ёшлар билан ўтказилган мулоқот учрашуви асносида уларнинг орзу-истаклари, давлат жамият бошқарувига доир таклиф ва ташаббуслари билан ҳам қизиқди.
Тадбир якунида таълим даргоҳининг кўзга кўринган муайян ютуқларни қўлга киритган ўқувчиларига партиянинг эсдалик совғалари топширилди.