Аграр соҳадаги таваккалчиликларни суғурталаш тизими жорий этилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг мамлакатимизга ташрифининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қадимий буюк Ипак йўлида жойлашган Ўзбекистон ва Покистон халқларини азалдан умумий тарих, ўхшаш тил ва бой маънавий мерос боғлаб туради. Кейинги йилларда эса икки давлат ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси барқарор ўсмоқда. Масалан, 2024 йилда товар айирбошлаш ҳажми 400 миллион доллардан ошган бўлса, қўшма корхоналар сони 130 тага етди. Ҳозирги кунда томонлар ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, саноат кооперациясини жадаллаштиришга қаратилган қўшма чоралар устида фаол ишламоқда.
Фракция аъзолари Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари ҳақида тўхталиб, кейинги йилларда икки давлат тадбиркорлари иштирокида бизнес-форумлар ташкил этиш орқали янги инвестицион лойиҳалар ва шартномалар имзоланишига замин яратилаётгани, бу эса ишбилармон доиралар ўртасида савдо, инвестиция ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам бераётганини таъкидладилар.
Мазкур ташриф ва унинг доирасида имзоланган ҳужжатлар ўзаро ишонч ва англашув пойдеворига асосланган икки томонлама ҳамкорликда янги саҳифа очишга замин яратиши қайд этилиб, бу борада партия ва унинг фракцияси олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда кўриб чиқилган навбатдаги масала — “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Ушбу қонун лойиҳасининг асосий мақсади қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. У билан қишлоқ хўжалиги суғуртасининг давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш, қишлоқ хўжалиги соҳасида таваккалчиликларини суғурталаш жараёнида иштирок этувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари назарда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармасини ташкил этиш, жамғарманинг даромадлари ва харажатлари, суғурталаниши лозим бўлган таваккалчиликлар, суғурта мукофотлари бўйича субсидиялар беришнинг ҳуқуқий асослари ҳам белгиланяпти.
Мунозаралар давомида фракция аъзоси Абдуманноп Бўриев қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида масъул қўмита томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, ўтган даврда фракция аъзолари берган барча таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарият қисми ҳужжат матнида акс эттирилган ва у ҳар томонлама пишиқ-пухта ҳолатга келтирилган.
Депутатлар ушбу ҳужжат билан қишлоқ хўжалиги экинларига хавф-хатарлар туфайли зарар етган ҳолларда зарарнинг ўрнини қоплашнинг ҳуқуқий асоси яратилишини эътиборга олиб, уни қўллаб-қувватладилар.
Йиғилишда муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.