Кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкига нисбатан ҳуқуқлари устуворлиги таъминланади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 4-5 февраль кунлари Малайзияга расмий ташрифининг аҳамияти муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим ўртасидаги фаол ва ишончли сиёсий мулоқот туфайли икки давлат ҳамкорлиги янги мазмун билан бойиб, янада юқори даражага кўтарилди. Сиёсий мулоқот фаоллашиб, томонлар халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини фаол қўллаб-қувватламоқда.
Хусусан, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар тобора мустаҳкамланяпти. Буни охирги йилларда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробар ошгани, Ўзбекистон ҳудудида Малайзия капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сони 37 тага етгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Фракция аъзолари ушбу ташриф ва унинг доирасида имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги илиқ ва дўстона муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ўзаро ишонч ва англашув пойдеворига асосланган икки томонлама ҳамкорликда янги саҳифа очишга хизмат қилишини таъкидладилар.
Шундан сўнг, депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2024 йил якунлари ижроси юзасидан ҳисоботини муҳокама қилдилар.
Депутатлар партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, Давлат дастурининг иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратди.
Дастурдаги устувор йўналишлар ва мақсадларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида барча зарур чоралар кўрилгани, 2024 йил якунида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилга нисбатан 6,5 фоизни ташкил қилгани алоҳида қайд этилди.
Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналишидаги устувор мақсадлар доирасида амалга оширилган ишлар натижасида ялпи ички маҳсулот 106,5 фоизга, саноат 106,8 фоизга, қурилиш 108,8 фоизга, хизматлар 107,7 фоизга, қишлоқ хўжалиги 3 фоизга ўсгани таъкидланди.
Ҳисобот йилида шунингдек, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини кескин ошириш мақсадида ҳудудларда умумий қиймати 329,8 млрд сўмлик қуввати 96,5 минг тонна бўлган 12 та агрологистика марказлари ишга туширилган ва 500 нафардан ортиқ янги иш ўринлари яратилган. Қолаверса, ҳудудларда 50 минг гектарда интенсив сабзавот етиштирилган.
Мунозаралар давомида депутатлар Дастурда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни ижобий баҳоладилар. Шу билан бирга, айрим масалалар юзасидан бир қатор таклифлар беришди. Савол-жавоблардан сўнг, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастурини 2024 йилдаги ижроси юзасидан ҳисоботи маъқулланди.
Йиғилишда фракция аъзолари кун тартибидан ўрин олган — кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини кўриб чиқишди.
У билан Фуқаролик, Солиқ кодекларига, “Гаров тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги ҳамда “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонунларга кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қондиришни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкига нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, гаров нарсасини суддан ташқари тартибда реализация қилиш тизимини такомиллаштириш, мажбуриятни гаровдаги мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштиришга хизмат қилади.
Фракция аъзоси Жасурбек Шодиев қонун лойиҳасининг моҳиятига тўхталиб, уни иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида фракция аъзолари томонидан берилган қатор таклифлар ҳужжат матнида акс этгани ва лойиҳа ҳар томонлама пишиқ-пухта ҳолатга келтирилганини билдирди.
Қизғин савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.