Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Элонлар

Фермер ва деҳқонларнинг қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши соҳанинг шаффоф ишлашига туртки беради

05.09.2025 1117
Фермер ва деҳқонларнинг қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши соҳанинг шаффоф ишлашига туртки беради

Фермер ва деҳқон хўжаликлари ўзлари етиштирган мева-сабзавот, гўшт, сут, тухум каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотганда қўшилган қиймат солиғи ноль ставкада қўлланади, яъни келгуси йил 1 январдан бошлаб мазкур солиқни тўлашдан озод бўлади.

Давлатимиз раҳбари куни кеча қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари бўйича тақдимотда мазкур таклифни маъқуллаб, мутасаддиларга аниқ топшириқлар бердилар.

Мазкур ташаббус давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер ва деҳқонлар учун берилаётган катта имконият, амалий қўллаб-қувватлашдир.

Тақдимотда таъкидланганидек, сўнгги йилларда бу соҳа таркибий жиҳатдан ислоҳ қилиниб, самарадорликни ошириш чоралари кўрилди. Пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, 160 минг гектар янги боғ ва токзор барпо этилди. 1 миллиард долларлик 1 минг 500 та озиқ-овқат лойиҳаси ишга туширилди.

Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалигида яширин иқтисодиёт улуши юқори бўлиб қолаётганини таъкидлаб, етиштирилган маҳсулотнинг ҳаммаси ҳам ҳисоботларда қайд этилмаётганини кескин танқид қилди.

Шунга мувофиқ, Халқаро валюта жамғармаси, малакали хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида қишлоқ хўжалигини “соя”дан чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Унга кўра, келаси йил 1 январдан бошлаб, қишлоқ хўжалиги корхоналари деҳқон ва фермерларга ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини (ғалла ва пахтадан ташқари) сотишда қўшилган қиймат солиғи ноль ставкада бўлади.

Шу билан бирга, маҳсулотни етиштиришда уруғ, ўғит, ёқилғи, транспорт, электр каби харажатлар учун ҳисобга олинган ҚҚСни қайтариб бериш амалиёти ҳам сақланиб қолади.

Натижада фермер ва деҳқонлар ихтиёрида йилига 300 миллиард сўм маблағ қолади, яна 400 миллиард сўмлик солиқни қайтариб олиш имконияти бўлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан берилаётган бу енгиллик соҳа вакилларининг шаффоф ишлашига туртки беради, жойларда йирик саноатлашган плантациялар ва қайта ишлаш корхоналарининг кўпайишига мустаҳкам замин яратади. Бу эса ЎзЛиДеПнинг қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича ўз зиммасига олган вазифалари ижросига хизмат қилади.

Сайтни янги дизайни ёқдими?